Усмон Юсуповнинг меҳнат фаолиятида Сирдарё вилояти Боёвут тумани, ҳозирги Ҳосилобод маҳалласи, собиқ 4-"Боёвут" давлат хўжалиги билан боғлиқ саҳифа ҳам бор. У.Юсупов хўжаликка 1955-1960 йиллар давомида раҳбарлик қилиб, аввало, халқнинг яшаш турмушини яхшилашга катта эътибор қаратгани ҳали-ҳамон эл тилидан тушмайди. Ҳудудда яшовчи ёши улуғ инсонлар у кишини ҳурмат билан “Усмон ота” деб эслашади.
У.Юсуповнинг фидокорона меҳнатларига ҳурмат рамзи сифатида собиқ “4-Боёвут» давлат хўжалигининг маркази, ҳозирда “Ҳосилобод” номли маҳаллада 1990 йил Усмон Юсуповнинг бюсти ўрнатилган.
Аммо ўтган давр мобайнида ушбу хотира тимсоли бўлган майдон бироз эътибордан четда қолиб кетган эди.
Ҳозирги кунда У.Юсупов хотира майдонига туташ жойдан ер майдони ажратилиб, “Ҳосилобод” маҳалла фуқаролар йиғини учун янги идора биноси қуриб битказилди.
Бир вақтнинг ўзида хотира майдони ҳам реконструкция қилиниб, замонавий меъморий талаблар асосида таъмирланди. Янгидан барпо этилган боғ Усмон Юсупов номи билан номланди.
Хотира мажмуаси 8 гектар майдонда жойлашган.
Бугун ана шу хотира майдонининг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Унда вилоят ва туман сектор раҳбарлари, фахрий меҳмонлар ва кенг жамоатчилик иштирок этди.


Ўйлаймизки, ушбу ободонлаштириш ишлари эл-юрт манфаатлари йўлида сидқидилдан хизмат қилган, ўзидан хайрли ва ўчмас из қолдирган Усмон Юсуповга халқимизнинг миннатдорлик ифодаси бўлиб қолади.

Мухтасар айтганда, ушбу ёдгорлик мажмуаси бизни аждодлар хотирасига ҳурмат ва эҳтиром ила муносабатда бўлишга ундаши баробарида, ҳар бир юртдошимиз, айниқса, ёшларимиз қалби ва онгида ватанпарварлик, ўз халқига муҳаббат, садоқат туйғуларини мустаҳкамлайди.
Сирдарё вилояти ҳокимлиги Ахборот хизмати