Жумладан, туман Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази янги бинода иш бошлади. Кейинги йилларда янги иш жойлари очиш, ишсиз фуқароларни ижтимоий муҳофаза қилиш йўналишида ижобий ишлар олиб борилмоқда. Жами 1 миллиард сўм маблағ ҳисобига қуриб битказилган янги бинода хизматчилар учун барча шарт-шароитлар яратилган.
– Туманимизда бугунги кунда 1250 дан зиёд фуқаро ишсизлар рўйхатида туради. Уларнинг бандлигини таъминлаш бўйича барча имкониятларни ишга соляпмиз, – дейди туман Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази директори Б.Жанабаев. – «Темир дафтар»га киритилган фуқароларнинг ўзини ўзи банд қилиш мақсадида субсидиялар ажратилмоқда. Бугунги кунга келиб субсидия ҳисобидан 82 фуқарога иссиқхона қуриб берилиб, 12 фуқаро суғориш насоси билан таъминланди.

Шу куни туман Давлат хизматлари марказининг хам янги биноси фойдаланишга топширилди. Миллий ва замонавий дизайнда қурилган иморат «Бахит Миратдин қурилис» МЧЖнинг қурувчилари томонидан амалга оширилди. Марказда электрон навбат тизими жорий этилган.
Марказда Халқ қабулхонаси, Бош вазирнинг тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхонаси, нотариус, Адлия ва ФҲДЁ бўлимлари ҳам жойлашган. Бу фуқароларнинг вақти ва пулини тежашга, масалаларини бир жойнинг ўзида ҳал қилишга хизмат қилади.

– Марказимизда барча шарт-шароитлар яратилган, замонавий ускуналар билан таъминланган, – дейди Бўзатов тумани Давлат хизматлари маркази раҳбари Мийрас Худайбергенов. – Эндиликда бир кунда 300 жисмоний ва юридик шахсга 140 дан ортиқ давлат хизматлари кўрсатиш имконимиз бор.
Туман молия бўлими янги биносида ҳам барча қулайликлар яратилган.
Бўзатов қорақалпоқ шоири Бердақ Ғарғабай ўғлининг туғилган макони ҳисобланади. шу боис, туман марказидаги дам олиш боғида шоир бюстининг очилиши бўзатовликлар учун қувончли воқеа бўлди.
Минажатдин ҚУТЛИМУРАТОВ,
«Янги Ўзбекистон» мухбири