Жорий йил февраль ойида юртимизда тадбиркорликни ривожлантириш, чет давлатлардаги йирик корпорация ва савдо тармоқлари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида Ўзбекистон Иқтисодиёт Ассамблеяси тузилган эди. Миллий матбуот марказида янги тузилма фаолиятига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Ўзида 12 та маҳаллий илғор ассоциация ва миллий марказларни бирлаштирган Ассамблея давлатимиз иқтисодиётидаги ўзгаришлар, қонунчилик ва давлат дастурларида нодавлат бизнес сектори вакилларининг иштирокини таьминлаш, уларнинг маҳаллий ва халқаро ҳуқуқ ҳамда манфаатларини ҳимоя қилиш, тадбиркорлар фаолиятидаги масалаларини юқори давлат ташкилотларига етказишда кўмаклашиш каби олдига қўйган устувор вазифалари доирасида иш олиб боради. Хорижий иқтисодий алоқаларни ривожлантириб, халқаро кўргазма ва бизнес форумлар ташкил этади. Миллий брендлар яратиш, маркетинг, менежмент ва бизнес доира вакиллари учун касб байрамларини ташкиллаштириш устида ишлайди.
Тадбирда ташкилотнинг келгуси режалари, аниқ мақсадлари ҳақида сўз борди. Ассамблея раиси Мухтор Умаров соҳада мавжуд камчиликларга ҳам тўхталиб ўтди. “Биз узоқ йиллар давомида ёпиқ иқтисодиёт амалиётида ҳаракатландик. Юқори божлар, солиқ ставкалари таъсирида фақат ички бозорни ривожлантириш йўлидан бордик. Бу эса монополияга йўл очиб берди. Энди вазият мутлақо ўзгарди. Биз жаҳон бозорига очиқ ҳолда интеграциялашишимиз, улар билан рақобатлашишимиз керак. Агар бозор қоидалари эркин бўлса, монополияга қарши курашиш, кескин чоралар кўришга ҳожат қолмайди. Ҳукумат идоралари билан тадбиркорлар бир тан, бир жон бўлиб ҳаракатланишимиз керак”, деди у нутқида.
Айни пайтда Ассамблея қошида халқаро арбитраж суди, медиамарказ, тадбиркорликка тайёрлаш ва малака ошириш бўйича бизнес академия, хорижий бозорларга чиқишга мўлжалланган электрон платформа ҳамда IT бўлимлари ишбилармон доира вакилларига хизмат кўрсатяпти. Иқтисодий ташкилот маҳаллий ишлаб чиқарувчиларимиз учун хориж бозорларини ўрганиб, таҳлил қилиш билан бир пайтда ҳамкор давлатларда ўзбек маҳсулотлари учун шоурумлар ташкил этишни режалаштирган.
Ирода ТОШМАТОВА