Тадбир аввалида республикадаги аграр соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларга тўхталиниб, табиий ресурсларнинг бошқарув тизимини шакллантириш ҳамда икки давлат учун манфаатли бўлган экспорт салоҳиятини ривожлантириш бўйича фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Меҳмон Родриго Де Лима Баена Соарес ҳамкорликдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари товар айланмасида уларнинг хилма хиллигини таъминлашдан манфаатдор эканлигини таъкидлади. Хусусан, республикамизга Бразилиядан мол ва товуқ гўшти экспортини йўлга қўйиш ва шакар экспортини кўпайтириш бўйича таклифларини айтди.
Алишер Шукуровнинг билдиришича, бугунги кунда республикамизда уруғчилик, ўғит ҳамда сувни тежовчи технологияларнинг импорт кўлами юқори. Шу боис, бразилиялик бизнес вакиллари ушбу соҳаларга инвестиция киритиши самарали эканлиги таъкидланди.
Учрашув давомида Бразилия қишлоқ хўжалиги тадқиқот корпорацияси (Эмбрапа) ва Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги қошидаги Билим ва инновациялар миллий маркази (АКИС) ўртасида илмий-инновацион, амалий ҳамкорликни ривожлантириш муҳимлиги қайд этилди.
Тадбир якунида томонлар ўзаро озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етказиб бериш кўламини ошириш бўйича ҳам келишиб олди. Бразилиянинг Эмбрапа тадқиқот маркази ва Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ўртасида онлайн видеоконференциялар ўтказиладиган бўлди. Шунингдек, Эмбрапа тадқиқот маркази ва бошқа хусусий корхоналарни жалб этган ҳолда, Қишлоқ хўжалиги техника ва технологиясини ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ҳам режалаштирилди, деб хабар беради Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати.