ДХХ ва ИИВ Самарқанд вилояти бошқармалари ходимлари ҳамкорлигида амалга оширилган тадбирда М.Х. ва Ш.Ш. фуқаро Ж.Х.дан 10 минг АҚШ долларини олаётган вақтида қўлга олинди.
Тинтув вақтида уларнинг ноқонуний ҳаракатларидан жабрланган 13 нафар фуқаронинг ҳужжатлари (8 та хорижга чиқиш паспорти, 2 та биометрик паспорт, бир дона ИД-карта, 2 та туғилганлик ҳақида гувоҳнома ва бир дона никоҳ гувоҳномаси), шунингдек, яна бир фуқаро Н.Р.ни АҚШга юбориш эвазига 22.500 АҚШ доллари миқдоридаги пул маблағларини олгани тўғрисида тилхат топилиб, процессуал тарзда расмийлаштирилди.
Маълум бўлишича, улар фуқаро Ж.Х.нинг ишончига кириб, Европа давлатларидан бирига «шенген» кириш визасини расмийлаштириш ва «Тошкент – Испания – Мексика – АҚШ» йўналиши орқали Америкага юборишни ваъда қилиб, ундан 27 минг АҚШ долларини талаб қилган. М.Х. ва Ш.Ш. фуқародан дастлаб 10 минг АҚШ доллари, Мексиканинг АҚШ билан чегарасига етиб боргандан сўнг 17 минг АҚШ доллари бериши зарурлигини билдирган.
Ушбу шахсларга нисбатан ЖКнинг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.