Пахта етиштириш бўйича дунёда етакчи давлатлар қаторида турамиз. Узоқ йиллар кўплаб малакатларни пахта хомашёси билан таъминлаганимиз ҳам рост. Аммо сўнгги йилларда ҳар соҳада катта ўзгаришларга юз тутаётган Янги Ўзбекистон жаҳон майдонида энди нафақат ишлаб чиқарувчи, балки қайта ишловчи мамлакат сифатида ўз ўрнига эга бўлиб бормоқда.

Иқтисодиётимизнинг муҳим қисми бўлган енгил саноат соҳаси ҳам ана шу ўзгаришлар эпкинида ривожланиб боряпти. Ёдимизда, “Пахта ўзимизники, уни қайта ишлашга имкониятимиз бўлса, нега энди далада меҳнат қилиб, ҳар йили олинган тонна-тонна хомашёни хорижга арзонга сотамизу, кейин ўзимиз улардан трикотаж маҳсулотларини бир неча баробар қимматга импорт қиламиз”, деган саволлар ичимизни тирнаб келган. Узоқ йиллар миллий бойлигимиз бўлмиш пахтадан ип-калава маҳсулотини ишлаб чиқаришгагина қодир бўлдик. Аслида эса, имкониятларимизнинг шугина қисмидан фойдаланардик холос...

Президентимизнинг 2019 йил 16 сентябрдаги “Енгил саноатни ривожлантириш ва тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришни рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳамда соҳада бошланган катта ислоҳотлар янги-янги муваффаққиятларга йўл очди. Енгил саноат соҳаси алоҳида катта тармоқ, тадбиркорликнинг ўзига хос йўналишларидан бирига айланди. Пахта толасини чуқур қайта ишлаб, ўзбек бренди остида трикотаж маҳсулотлари тайёрлайдиган, хориж давлатларига экспорт қиладиган корхоналар сони орта бошлади.

Аҳамиятлиси, бугун тармоқда ташкил этилаётган  тўқимачилик, тикувчилик ва трикотаж ишлаб чиқариш корхоналарининг асосий қисми кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари ҳиссасига тўғри келяпти.

Кластер яратаётган имкониятлар

Ўзим ҳам иш фаолиятимни тадбиркор сифатида Андижон вилояти Шаҳрихон туманида “Саховат Текс” МЧЖ қўшма корхонасини ташкил этиб, пахта толасидан йигирилган ип ишлаб чиқаришдан бошлаганман. Ўша кезлари бу йўналиш юртимизда энди ривожланаётган эди. Аста-секин замонавий тикув машиналари харид қилиб, импорт ўрнини босувчи болалар ва катталар кийимларини ишлаб чиқариш ва экспорт қилишни йўлга қўйдик. Кейинроқ бошланган ислоҳотлар бизга янада куч бериб, шиддат билан қадам ташлашга ундади. Қалбимдаги ўзбек текстиль маҳсулотларини жаҳон бозорига олиб чиқиб, хорижликлар эгнида ўзимизнинг либосларни кўриш иштиёқини алангалатди. Соҳада берилган имтиёзлар мақсадларимизга қанот бўлди.

Президентимиз ташаббуси билан кластерларнинг ташкил этилиши имкониятларимизни янада кенгайтирди. Ҳозир корхонамиз кластер тизимида фаолият олиб боради. Иш бошлаган вақтимда 35 та хотин-қизнинг бандлигини таъминлаган бўлсак, бугунги кунда корхонада 2000 дан зиёд киши меҳнат қилмоқда.

Кластернинг 3 минг гектар майдонида пахта ва ғалла етиштириш йўлга қўйилган. Занжир мисол бир-бирига уланган тизимда хомашёдан тортиб, тайёр маҳсулотгача чиқарилади. 2019 йилда пахта тозалаш заводимизда 21 700 тонна, 2020 йил ҳисобига кўра 24 000 тонна, бугунги кунга келиб, қарийб 30 000 тонна пахтани қайта ишлашга эришдик. Бу эса корхона фаолияти янада такомиллашишига замин яратмоқда. Натижада йиллик тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш қуввати 7,5 миллион донага етди.

Сўнгги йилларда кластерда пахта ҳосили унумдорлиги 30 фоизга ўсди. Пахтани сифатли етиштириб, ундан жаҳон стандартларига мос маҳсулот тайёрланаётгани дунё бозорида эркин рақобат қилиш имконини бермоқда. Боиси, ҳар қандай бозорда арзон ва сифатли маҳсулотга талаб юқори бўлади. Шунга қарамай, енгил саноат соҳасида эришаётган муваффақиятларимиз замирида асосий рағбат — юртимизда кластер тизими ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, барча соҳаларда берилаётган шароит ва имкониятлар ётибди.

Енгил саноат тармоғида яратилган қулай ва эркин рақобат муҳити янги бозорларга ҳам йўл очяпти. Бунинг натижасида дунё савдо майдонида ўзбек маҳсулотлари алоҳида брендга айланиб, “манаман” деган компаниялар товарлари билан ёнма-ён сотилаётгани, ер юзининг барча бурчагида ўз харидорларини топаётгани ҳар биримизга ғурур бағишлайди. Биргина корхонамиз мисолида қарайдиган бўлсак, айни пайтда текстиль маҳсулотлари “Аҳсан” бренди остида Қирғизистон, Россия, Хитой, Европа, Туркия, Украина давлатларига экспорт қилиняпти. Ўтган йили экспорт ҳажми 5 миллион 600 минг АҚШ долларни ташкил этди.  

Албатта, ҳеч бир соҳада муваффақият ўз-ўзидан келмайди, унга эришиш учун изланиш, меҳнат қилиш лозим. Шу боис, доим ўз устимда ишлашга ҳаракат қиламан. Жамоамиз билан биргаликда юртбошимиз таъкидлаганларидек, халқимиз учун ҳамёнбоп ва сифатли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни асосий мақсадимизга айлантирганмиз. Жорий йилнинг июнь ойида корхона таркибида яна бир трикотаж фабрикаси — “Аҳсан Аппарель” МЧЖ ишга туширилиб, унда импорт ўрнини босувчи янги турдаги кийим-кечак маҳсулотларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Қувонарлиси, трикотаж фабрикамизда тайёрланган маҳсулотлар хориж давлатларига ҳам экспорт қилиняпти. Ўзбекистоннинг Европадаги GSP + преференциялар тизимига аъзо қилиниши биз каби тадбиркорларга жаҳон бозорига илдам кириб бориш, миллий маҳсулотларимизни дунёнинг турли нуқталарига сотиш ва харидорлар ишончини оқлашга имкон беряпти.

Биз бирор ютуққа эришсак, “оиламиз билан бир қаторда, маҳалла-кўй, халқимизга нафимиз тегсин”, дейдиган халқмиз. Аҳоли бандлигини таъминлаш мамлакат иқтисодиётининг узвий қисмига айланган бир вақтда, маҳалла идоралари иштирокида 30 ёшгача бўлган, “Темир дафтар” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган ишсиз ёшларни янги иш ўринлари билан таъминлашга интиляпмиз. Трикотаж фабрикасининг ўзида ишлаётган ана шундай ишчилар сони ҳозирда 500 тага етган. Ишлаб чиқарилаётган кундалик маҳсулотларимиз сони 7000 тани ташкил этади.

Буларнинг бари олдимга қўйган улкан мақсадларимнинг бир қисми, холос. Ҳали Европа бозорларида ўзбек бренди остидаги трикотаж маҳсулотлари ўрнини мустаҳкамлаб, тармоқ дўконлар билан ишлашни, фаолиятимни янада кенгайтириб, ўтган йили Президентимиз билан учрашувда ваъда берганимдек, ишчи ўринлари сонини янада оширишни мақсад қилганман.

Бугун енгил саноат ривожи йўлида биз тадбиркорларга қатор имтиёз ва имкониятлар берилаётган экан, улардан унумли фойдаланиб, юртбошимизнинг, халқимизнинг бизга билдирган ишончини оқлаш, диёримиз фаровонлиги, иқтисодиётимиз ривожига ҳисса қўшишга доим тайёрмиз. Зеро, битта оила ишли бўлиб, ҳаётидан рози яшаса ҳам, бу бизнинг энг катта ютуғимиздир.

Нурисломбек ЮСУПОВ,

“Саховат Текс” МЧЖ қўшма корхонаси раҳбари