Мамлакатимизнинг Лондондаги элчихонаси томонидан «Connect Real Estate Club» агентлиги билан ҳамкорликда гибрид форматда "Ўзбекистонда кўчмас мулк ва инфратузилмага инвестициялар" мавзусига бағишланган халқаро давра суҳбати ташкил қилинди.
Тадбирда Европа Тикланиш ва тараққиёт банки, "J.P.Morgan", "Credit Suisse" сингари йирик инвестиция банклари, Британия халқаро савдо ва экспорт институти, қатор инвестиция компанияларининг вакиллари ва бошқалар иштирок этишди.
Давра суҳбати қатнашчиларига Ўзбекистонда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар, биринчи галда, валюта бозорини либераллаштириш, солиқлар сонини камайтириш, инвесторларга берилган ҳуқуқий кафолатлар, хусусий мулкни ишончли ҳимоя қилиш ва тадбиркорликни ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар ҳақидаги маълумотлар тақдим этилди.
Британиялик сармоядорлар Ўзбекистон ҳукуматининг иқтисодиёт тармоқларини модернизация қилиш бўйича тутаётган йўлини олқишлашгани баробарида яқин йилларга мўлжалланган йирик давлат корхоналарининг хусусийлаштирилиши ва трансформация қилиниши борасида катта салоҳият мавжуд эканлигини қайд этдилар.
Ўзбекистон томонидан мамлакатимиз элчихонаси, Хорижий инвестицияларни жалб қилиш агентлиги вакиллари, шунингдек, Ўзбекистон бозорида фаолият кўрсатаётган "Abu Dhabi Uzbek Investment Fund", "Uzbek-Oman Investment Company", "Social Finance Advisors", "Murad Buildings", "Radisson Hotel Group" и "N.O.P. Hospitality Consulting" сингари хусусий инвестиция фондлари раҳбарлари ўз тақдимотлари билан иштирок этишди.
Алоҳида сессиялар давомида давра суҳбати иштирокчилари мамлакатимизнинг сайёҳлик инфратузилмаси, турар-жой ва тижорат кўчмас мулки ҳамда чакана савдо каби соҳаларидаги бугунги ҳолат ва уларнинг истиқболлари юзасидан ўзаро фикр алмашдилар.
Тадбир якунида Британиянинг бир гуруҳ компаниялари сайёҳлик инфратузилмаси, чакана ва тижорат кўчмас мулкини модернизация қилиш соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш ва апрель ойида бўлиб ўтадиган II Тошкент халқаро инвестиция форумида иштирок этишдан манфаатдор бўлишларини маълум қилишди.