Дарҳақиқат, биз “тонг” деганда доим сокинлик, ором, ҳаловатни, яна бир умидбахш янги куннинг туғилишини тушунамиз. Зеро, юртимизда тонглар шундай кутиб олинади, қуёш шундай кузатилади. Биз учун бу мўъжиза эмас, одатий кунимиз, ҳар кунги ҳаётимиз. Бу билан тинчликни, қалб хотиржамлигини теран ҳис қиламиз. Лекин дунёнинг қайсидир минтақасида бош кўтарган қуёш одамларга бу бахтни бера олмаяпти. Чунки у ерларда жон қайғуси ҳаммани ваҳимага солган, ҳар қадамда хатар кўланкаси изғийди, тинчлик йўқ, ором аллақачон

йўқолган.

Швециянинг Уппсала университетидаги Тинчлик тадқиқотлари дастури экспертларининг таҳлилига кўра, 2024 йилда камида битта давлат иштирок этган 61 та фаол низо қайд этилди. Бу 2023 йилдагидан 59 та кўп. Статис­тика юритила бошлаган 1946 йилдан буён энг юқори кўрсаткичдир. Ушбу низоларнинг

11 таси уруш даражасига етган. Бу эса бир йил давомида энг камида 1000 кишининг ўлимига сабаб бўлмоқда. Ҳолбуки, 2016 йилдан бери бундай юқори кўрсаткич қайд этилмаган.

БМТ маълумотларига кўра, 2023 йилда бутун дунё бўйлаб армия учун 2,4 триллион доллар, ривожланиш учун 224 миллиард доллар йўналтирилган. Энг кам маблағ тинчлик учун ажратилаётган бўлиб, 669 миллион долларни ташкил қилар экан.

Бундан кўриниб турибдики, бугун дунё нотинч, уруш қуроллари тобора кўпайтирилиб, энг азиз неъмат — тинчлик эса хавф остида қолмоқда. Лекин узоқдаги бўрон бизга етиб келмайди деган лоқайдлик ва бефарқлик билан яшаб бўлмайди. Қўлда борини асраш, доим ­ҳушёр ва сергак туриш бугун ҳар қачонгидан ҳам муҳим.

Шу маънода, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган Хавфсизлик кенгашининг миллий армия­мизни янада ривожлантириш ва ислоҳ қилиш масалаларига бағишланган кенгайтирилган йиғилиши ватан мудофааси, халқ тинчлиги, замон қудрати, ҳақиқий ватан ҳимоячиси қандай бўлиши керак деган масалаларга қаратилгани бежиз эмас.

 

Ватан — мангу муҳаббат!

 

Тарих гувоҳ: ватан шунчаки жуғрофий ҳудуд эмас, аввало, инсон қалбида яшайдиган муқаддас севги, мангу муҳаббатдир. Бу азиз туйғу ҳар доим одамга куч, халққа қудрат, буюк ғояларга қувват берган, Амир Темур, Нажмиддин Кубро, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, ­Жалолиддин Мангуберди каби жасорат эгаларини душманга тик қаратган, ёвга бош эгдирмаган. Шу боис, душман доим, аввало, шу муҳаббат, шу руҳни ўлдиришга, сўнг жангга киришга ҳаракат қилган.

Бу ҳақдаги мисолларни кўп эшитганмиз, ўқиганмиз. Ёғийлар эл-юрти учун кўксини қалқон қилишга шайланган жангчининг руҳини ўлдириш учун унинг ори, номуси, тупроғини топтаб, оиласи, ота-онасию фарзандларига дахл қилиб, қандай бўлмасин, шижоатини маҳв этишга уринган. Демак, ватанга муҳаббат мавҳум, қўл билан ушлаб, кўз билан кўриб бўлмайдиган, суратию сийрати йўқ тушунча эмас. Унда ота-она, ёр, фарзанд, туғилиб ўсган маскан, аждодлар тимсоли бирлашади. Бу ришталарнинг ҳар бири Ватанга етаклайди, ватанпарварлик билан боғланади. Зеро, ҳазрат Навоийнинг “Садди Искандарий” достонида шундай байт бор:

Иёлу Ватан узра то жони бор,

Киши ҳарб этар, токи имкони бор.

Бу байтда улуғ шоир “Ҳар бир инсон, у ҳақиқий инсон бўлса, то тирик экан, ўз Ватани ва оиласи (иёлу)ни имкони борича ёвдан ҳимоя этишга ҳаракат қилади”, дея ёзади.

Танани жисмонан чиниқтириш, бақувват қилиш мумкин. Аммо онги заиф, қалби ожиз кимса жангларда осон енгилади. Айниқса, ҳозирги замонавий урушлар инсон қалби ва онгини забт этишга қаратилган бир даврда руҳан енгилмаслик шарти қўйилмоқда.

Демак, руҳан етук бўлишнинг дастлабки, энг муҳим шарти ватанни юракдан севиш, шу туйғу билан яшаш. Лекин у қандай пайдо бўлади, қандай ривожлантириладию қандай қилиб умрбод қалбда қолади? Айниқса, бугун глобаллашаётган дунё ҳар куни миллионлаб хавф-хатарларни изма-из майдонга чиқараётган бир паллада бу вазифани уддалашда нималарга ­эътибор қаратиш лозим?

Аввало, ватанпарварлик туйғуси миллий ғурурдан куч-қудрат олади. Миллий ғурур кеча ё бугун пайдо бўлиб қолган тушунча эмас, у тарих билан чамбарчас боғланган, аждодлар руҳидан куч олган маънавий ҳодисадир. Миллий ғурурни юксалтиришда энг асосий таянч буюк тарихимизни, енгилмас, мард саркардаларимизнинг матонати ва жасоратини ёшларимиз руҳиятига сингдиришдир.

Хусусан, “Темур тузуклари” орқали буюк саркарда садоқат, қатъият, адолат ва жасорат каби фазилатлар муҳим экани, жангда билак билангина эмас, оташин юрак, баланд руҳ билан ғалабага эришиш мумкинлигига урғу беради. Шу сабаб у жангчининг руҳий иродасини ҳам мунтазам мустаҳкамлаб бориш лозимлигини таъкидлайди. Амир Темур ўзининг ҳарбий юришларида чолғу асбобларидан кенг фойдаланган, унинг барча машқ ва жангларида ҳарбий мусиқа ҳамроҳ бўлган.

Ҳозир юртимизда аскарларнинг руҳий-ахлоқий, маънавий-маърифий жиҳатдан кучли бўлишига қаратилаётган эътибор ҳам аждодларимиздан қолган мерос, отайўлдир. Шу сабаб давлатимиз раҳбари доим ҳар бир аскар, ватаннинг ҳар бир посбони Амир Темур ва улуғ боболаримиз ўгитларини, уларнинг меросини чуқур англаши лозимлигини таъкидлаб келмоқда.

Чунки замонавий дунё, глобаллашаётган давр аслида ҳар биримиздан чин маънода ватанпарвар бўлишни талаб қилмоқда. Ахборот майдони том маънода муҳораба майдонига айланиб бормоқда. Бундай қалтис жараёнда теран ақл, кенг мулоҳаза, ватанпарвар қалбгина ғолиб бўлиши, таҳдидларга қарши тура олиши мумкин. Шу боис, ёшларни Амир Темур мероси асосида ватанпарварлик руҳида тарбиялашнинг замонавий, янгича усулларини топиш, амалиётга жорий қилиш лозим.

Шунинг учун Маънавият ва маърифат маркази, Мудофаа вазирлиги, Ислом цивилизацияси маркази ҳамда Фанлар академияси ёшлар ва ҳарбий хизматчиларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларда миллий тарих ва миллий армияга нисбатан ғурур ҳиссини уйғотиш, шунингдек, тарихий манбалар ва қўлёзмаларни чуқур ўрганиш асосида ҳарбий соҳадаги бой тарихий тажрибамизни тиклашни ўз олдига бирламчи вазифа қилиб олган. Бунда буюк ҳукмдор ва саркарда ота-боболаримизнинг жанг санъати, ҳарбий соҳадаги қарашлари ва ислоҳотларини ўзида акс эттирувчи асарлар, қизиқарли китобчалар нашр эттириш, сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланиб, буюк саркардалар қиёфасини яратиш ва ёшлар орасида оммалаштириш зарурати бор, албатта.

 

Маънавий руҳ — буюк куч

 

Милоддан аввалги VI асрда яшаган хитойлик стратег ва мутафаккир Сунь Цзининг “Уруш санъати” асарида ёзишича, аскарлардан нафақат ҳарбий-тактик билим ва малака, балки мустаҳкам маънавий руҳ ҳам талаб этилиши керак.

Ватанпарварликнинг яна бир муҳим асоси маърифатдир. Зеро, Биринчи ва Иккинчи Уйғониш даврларида ҳам маърифат буюк ишлар, юксак ғалабаларга сабаб бўлган.

Шу боис, давлатимиз раҳбари Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 34 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан йўллаган байрам таб­ригида “Айниқса, ҳарбий хизматчиларнинг жанговар руҳи ва жисмоний тайёргарлигини мунтазам ошириб бориш, уларнинг қалбида ватанпарварлик туйғусини кучайтириш биз учун устувор вазифа бўлиб қолади. Чунки ҳар қандай курашнинг тақдирини шахсий таркибнинг билим ва малакаси, ирода ва қатъияти, ўзига бўлган ишончи, мардона фазилатлари ҳал қилади”, дея таъкидлади.

Зеро, ватанпарварлик амалий ҳаракатларда, тинмай изланиш, янгиликларга интилиш, ўз илму амали билан элу юртга наф етказиш, фидойиликда намоён бўлади.

Албатта, бугун урушнинг қиёфаси ҳам ўзгарган. Очиқ майдонларда юзма-юз уришиш тарихда қолиб, ҳозир “ахборот уруши”, “онг уруши”, “технологик урушлар” каби турлари кўпайиб бормоқда. Дунёдаги қудратли давлатлар шу урушларда етакчиликка ҳам интилмоқда. Бундай шароитда ватан ҳимоячиларининг билими, тафаккури, дунёқараши, замонавий технологиялардан хабардорлиги ҳар қачонгидан ҳам зарур.

Энди армияда ёшлар камида битта касб эгаси бўлиб чиқиши бўйича мутлақо янги тизим яратилади. Ҳарбий қисмлардаги асосий йўналиш ва мутахассисликлардан келиб чиқиб, аскарларни касбга тайёрлаш бўйича 3-6 ойлик дастурлар ишлаб чиқилади. Дастурни якунлаган аскарлар малака имтиҳонидан ўтказилиб, уларга касб сертификати берилади. Ҳар йили 5000 аскар саралаб олиниб, “Бир миллион дас­турчи” ва “Беш миллион сунъий интеллект етакчиси” дастурлари доирасида ўқитилиши маълум қилинди.

Аскарларга муддатли ҳарбий хизматни ўташ даврида ҳарбий қисмнинг ўзида олийгоҳга ўқишга кириш учун имтиҳон топшириш имконияти яратилади. Тест синовларидан муваффақиятли ўтиб, талабаликка қабул қилинган аскарлар муддатли ҳарбий хизмат якунланиши билан олийгоҳда ўқий бошлайди. Шу билан бирга, армиядан қайтиб, олий ўқув юртларида таҳсил олмоқчи бўлган ёшларга хорижий тил ва фан сертификати олиш харажати қоплаб берилади. Агар улар олийгоҳларга контракт асосида ўқишга кирса, фоизсиз таълим кредити ажратилади. Булар ёшларимиз учун очилаётган катта имконият эшикларидир.

Ҳарбий хизматчиларнинг жанговар шайлигини ошириш билан бирга маънавий оламини ҳам мунтазам бойитиб бориш бугуннинг талабидир. Албатта, маънавий олам китобхонлик, адабиёт, кино, санъатдан куч, рағбат олади. Шу боис, Маънавият ва маърифат маркази ҳам ўз олдига ҳарбий аскарлар иштирокида китоб муҳокамаларига қаратилган доимий адабий клуб­лар, “Сўз” лойиҳаси доирасида ҳарбий қисмларда шеърий концерт дастурлари, кино намойишларини ўтказиб боришни мақсад қилган.

Республика Маънавият ва маърифат марказининг ҳарбий-ватанпарварлик соҳасидаги фаолияти янада кучайтирилади, ҳарбий соҳада мақсадли маънавий-маърифий лойиҳалар ҳамда медиакампаниялар амалга оширилади, муддатли ҳарбий хизмат, сафарбарлик чақирув резерви хизмати, шунингдек, умумтаълим мактабларидаги “Ватан таянчи” гуруҳлари билан мафкуравий йўналишларда “тадқиқот — таҳлил — комплекс чора-тадбирлар — натижа” занжири асосида тизимли ишлар бажарилади, ҳарбий тузилмалар билан белгиланган вазифалар доирасида узлуксиз ҳамкорлик йўлга ­қўйилади.

 Проактив режим — замон талаби

 Давлатимиз раҳбари Хавфсизлик кенгаши йиғилиши давомида тинчлик ва хотиржамлик юртимиз учун энг катта бойлик эканини, уни асраш бўйича “проактив режим”га ўтиш шартлигини таъкидлади.

Дарҳақиқат, бугун замон шунақа, бугун замонавий ёшлар ҳам, ижтимоий тармоқлар ҳам шундай жараёнда. Шу боис, ҳозир барчамиз “проактив режим”да вазият юзага келишини кутмай, олдиндан ҳаракат қилишимиз, ташаббускор бўлишимиз, ишга ижодий ёндашишимиз, муаммоларнинг олдини олиш учун фаол чоралар кўриш йўлига ўтишимиз шарт.

Маънавият ва маърифат маркази ўтган йили юртимизнинг барча ҳудудини қамраб олган социологик тадқиқот ўтказди. Унда 22 минг 335 респондент иштирок этган. Тадқиқот натижаларига кўра, респондентларнинг 70 фоизи ижтимоий тармоқлар етакчи ахборот манбаи эканини таъкидлаган.

Чиндан ҳам бугун ижтимоий тармоқлар алоҳида глобал оламга айланган. Биз ижти­моий тармоқларни тўхтовсиз кузатамиз, болаларимиз қўлига телефон берамиз. Бунинг салбий таъсирлари ҳақида ўйлаймиз ҳам, албатта. Бироқ бу қалтис вазиятни ҳамма шунақа қиляпти-ку деган мезонлар билан баҳолаб тинчланамиз. Боласи йиғласа, ҳамма дарров телефон беради, кечқурун интернетда бедор сайр қилади ва ҳоказо.

Илгари мафкуравий хуруж деганда ҳаммага очиқ-ойдин кўриниб турган саноқлигина мафкуравий омил ва таъсирларни билардик. Лекин ҳозир уларнинг салмоғи ҳам, тури ҳам ортиб бормоқда. Баъзан бундай хуружларнинг ҳатто мафкуравий таҳдид эканини кимлардир англамай ҳам қолмоқда. Бу таъсиру таҳдидларнинг барчаси тезкорлик билан ҳар куни миллионлаб информациялар ичида кўзга кўринмас вируслардай тарқатилмоқда. Ёшларни манипуляция қилиш, бизга ёт, қадриятларимизга бегона одатларни сингдиришга уриниш, энг ёмони, наркотикдай таъсир қилувчи информациялар билан терроризм, экстремизм, трансмиллий ва кибержиноятчилик, одам савдоси, наркотрафик каби мудҳиш йўлларга етаклаш дунё жамоатчилигини қаттиқ хавотирга солмоқда.

Статистик маълумотларга қараганда, фейк, яъни ёлғон информациялар тўғри, ҳаққоний хабарларга қараганда 6 баробар тез тарқалар экан. Бу нима дегани? Мафкуравий хатарлар хавфи қай даражада адаштирувчи, йўлдан урувчи кучга эга эканини шундан ҳам билса бўлади.

Бугун ижтимоий тармоқларда идеал дунё, идеал ҳаёт деган хавфлар пайдо бўлмоқда. Интернетда яшаб, контентлар билан ўйлайдиган, трендлар ичида яшайдиган, натижада ўз ҳаётидан норози, интернетдаги гўзал, идеал тасвирлар қурбонига айланаётган авлод шаклланмоқда. Бу залолатдан бошқа нарса эмас!

Маълумотларга кўра, глобал медиаплатформаларда тарқалаётган контентларнинг 70 фоизини Ғарб давлатлари тарқатар экан. Бу ҳозир ҳар 10 ўзбек боласининг 8 нафари Ғарб қадриятлари таъсирида яшамоқда, ўйламоқда, ҳаракат қилмоқда деганидир. Бунинг хавфи эса бугуноқ кўзга ташлана бошлади. Ижтимоий тармоқларда ўтказилаётган сўровномаларга берилаётган ачинарли жавоблар, ёшларимиз олаётган видеоконтентлар, ўйлаб топилаётган байрамлару урф-одатларни айтмаса ҳам бўлади. Сабаби бугун дунё бўйлаб 60 фоиз одам ахборотни ижтимоий тармоқлар орқали олади. 2025 йилда сиёсий жараёнларнинг беқарорлашувига 100 дан ортиқ йирик кибер­ҳужум сабаб бўлган.

Ҳар йили глобал миқёсда веб технологияларга доир маълумотларни умумлаштирувчи сайтда турли ҳисоботлар келтирилади ва бу маълумотлар ҳар куни янгилаб борилади. Интернетдаги турли тилларда яратилган контентлар таҳлил қилинган. Унга кўра, бугун виртуал оламдаги контентларнинг 49,4 фоизи инглиз тилида, ундан кейин испан, немис, япон ва бошқа тилларда яратилган контентлардир. Бу катта оламда ўзбек тилида яратилган контентлар улуши 0,1 фоизгагина тенг. Бу хавфлими? Ҳа, чунки биз кўпроқ бошқа миллат қадрияти, бошқа давлат ғояси, бошқа қарашларни онгимизга жойлаб бормоқдамиз.

Статистик маълумотларга кўра, Ўзбекис­тонда интернетдан фойдаланувчи аҳоли улуши 94,2 фоизни ташкил этмоқда. Бу рақамларнинг барчаси бизни фойдали контентлар, хавфсиз интернет ҳақида кўпроқ ўйлашга ундайди. Балки ёшларнинг келажаги учун Австралия каби 16 ёшгача бўлган болаларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланишини чеклаш вақти келдимикан?!

“Zed”, “Альфа” авлод: биз уларни таниймизми?

Юқорида урушларнинг қиёфаси замонавийлашаётганини айтдик. Бу мураккаб жараёнда, айниқса, ёшлар онги, руҳини эгаллашга қаратилган жанглар кучайган. Бу маккор курашлар, хусусан, ёшларга мўлжалланган. Чунки бугунги ёшлар янги авлод, уларнинг қараши, қадриятлари ўзгарувчан, улар тез таъсирланади, ҳали тажрибасиз, адашиши ҳам осонроқ.

Биз бугун тез-тез эшитаётганимиз “Zed” авлод тўлиқ рақамли даврда вояга етган биринчи авлоддир. “UN World Population Prospects — 2024” маълумотларига кўра, 2024 йил якунлари бўйича ёшлар (15-24 ёшдагилар) сони тахминан 1,3 миллиард кишини ташкил этди.

Шунингдек, сўнгги маълумотларга кўра, 2024-2025 йилларда “Zed” ва “Альфа” авлод вакиллари биргаликда cайёрамиз аҳолисининг тахминан 47 фоизини (Ўзбекистонда 60 фоиз) ташкил қилади. Бунда “Альфа” авлод (24,4 фоиз) “Zed” авлоддан (22,9 фоиз) бир оз олдинда бормоқда.

Яна бир маълумот бизни сергак торттириши аниқ. 2024-2025 йилларда ушбу ёш гуруҳидаги йигит-қизлар турли мамлакатларда норозилик намойишларининг асосий ҳаракатлантирувчи кучи бўлган.

Инстаграмда 18-24 ёшдагилар дунёдаги фойдаланувчиларнинг энг катта улушини (31,7 фоиз) ташкил этади. Барча фойдаланувчиларнинг 60 фоизи эса 35 ёшдан кичикдир. 2024 йилда ТикТок глобал аудиториясининг 36 фои­зи (тахминан 543 миллион киши) 18-24 ёшдагилар ҳиссасига тўғри келди. Яна 33,9 фоизи эса 25-34 ёшдагилардир. ТикТок аудиториясининг қарийб 70 фоизини 18-35 ёшдаги қатлам ташкил этади.

Мазкур рақамларга қараб, кўпни кўрганларнинг психологик урушда жисмоний эмас, балки маънавий ва сергаклик жиҳатидан муд­роқ томон енгилади деган сўзларини яна бир бор эслаш кифоя. Бугун ҳушёрлик ва огоҳлик доим дарвозалари очиқ бўлган, чегаралари йўқ виртуал оламда янада муҳим. Зеро, бугун яна технологиялар ҳам когнитивлашмоқда. Бу ҳақда куни кеча яхши маълумот ўқидим. Унга кўра, бу жараён Ғарбда NBIC конвергенция деб аталади. NBIC қисқартмаси N — нано, B — био, I — ахборот, C — когнитив маъноларини англатади. Албатта, бу жамият равнақига хизмат қилмоқда. Бироқ олимлар юзага келадиган маънавий-ахлоқий ўзгаришлардан ҳам барчани огоҳлантирмоқда.

Буларнинг барчаси бугун тарғиботнинг кўп қисми ижтимоий тармоқларга кўчирилиши зарурлигини кўрсатиб турибди. Шу маънода, келгусида зиёлилар бирлашиб, ижтимоий тармоқлар орқали эзгу фикр, эзгу ғояларни кўпроқ ёйиши, ёш авлодни ортидан эргаштира оладиган даражада замонавийлашиши шарт. Шунинг­дек, баъзи давлатларда бугун кибер­аскар, ғоявий жангчи каби терминлар пайдо бўлмоқда. Уларнинг вазифаси — мафкуравий таҳдидларга қарши курашиш. Бу йўналишда олдимизда турган вазифалар, бажарилиши зарур бўлган ишлар кўп, албатта.

 

Жамиятнинг руҳий таянчи

 

Абдурауф Фитратнинг “Бу дунё — кураш майдони. Бу курашнинг қуроли соғлом жисму тан, ўткир ақл ва яхши ахлоқдир” деган ­пурмаъно гапи бор. Азалдан кураш майдонида виж­дони уйғоқ, маърифати юксак зиёлилар бўлган. Улар ўзининг ҳур фикри, эзгу ўйи ­ортидан кўплаб инсонларни эргаштириб, жамият­ни маърифатнинг энг олдинги босқичларига олиб чиққан. Жараёнлар тезлашган, ахборот оқими чексиз, ғоялар тўқнашуви эса янги босқичга кўтарилган бир паллада жамиятнинг руҳий таянчи бўлган зиёли қатлам зиммасига алоҳида вазифалар юкланмоқда.

Ҳар бир тарихий бурилиш нуқтасида халқ тақдирига дахлдор қарорлар қабул қилинган, келажак йўналиши белгилаб олинган. Бундай паллаларда жамият ичида маънавий жипслик устувор аҳамият касб этган. Бугун шу ҳақиқат яна бир бор ўз тасдиғини топмоқда. Мамлакат тараққиёти, тинчлик ва барқарорликни сақлаш, ёш авлод қалбида ишонч ва фахр туйғусини мустаҳкамлаш йўлида ҳар бир фикр эгаси ўз ўрнини англаб етиши зарур.

Шу нуқтаи назардан, мамлакат раҳбария­ти атрофида шаклланган ислоҳотлар руҳи, миллий манфаатлар устуворлиги, тинчлик ва барқарорликка қаратилган стратегик ёндашув­ни жамиятнинг барча қатлами қўллаб-қувватлаши табиий ҳолга айланмоғи лозим. Бу ерда гап шахсга эмас, балки умумий йўлга ишонч, танланган тараққиёт моделига садоқат ҳақида бормоқда.

Бугунги ахборот маконида ҳар бир сўз, ҳар бир муносабат жамият кайфиятига таъсир кўрсатади. Шу боис, танқид ҳам, таҳлил ҳам, баҳс ҳам миллий манфаатлар мезонида олиб борилиши зарур. Вақтинчалик эҳтирослар, ташқи таъсирлар, сунъий кун тартиблари ортидан эргашиш жамиятни чалғитиши мумкин. Бундай ҳолатларда вазминлик, фикрий барқарорлик, узоқни кўра билиш фазилати алоҳида қиймат касб этади.

Тарих шундан далолат берадики, халқ ва унинг етакчи фикр эгалари ўртасида узвий алоқа мавжуд бўлган даврларда тараққиёт тезлашган, хавф-хатарлар камайган, келажакка ишонч мустаҳкамланган. Бугун ҳам шундай зиёлилар, замонавий уйғоқ фикрлилар бирлашиб, халқимиз орасида тарғибот тадбирларини олиб бориш билан бирга ижтимоий тармоқларда ҳам фаол бўлишини замон талаб қилмоқда. Шу маънода, анъанавий равишда “Зиёлилар форуми” ўтказилиши режалаштирилган. Бу орқали уларнинг илғор фикрлари, бой тажрибаси асосида доимий тарғибот ишлари ташкил этилади. Мамлакатимиздаги ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини аҳолига етказишда зиёлиларнинг ижтимоий фаоллиги янада кучайтирилади.

Биргина мисол: шу кунларда Фарғона вилоятининг Бағдод туманида зиёлилар билан бирга Президентимизнинг Мурожаатномаси, Хавфсизлик кенгаши йиғилишида олға сурган ғоя ва ташаббуслари, уларнинг мазмун-моҳияти бўйича самимий мулоқотлар ташкил қилинди.

Халқимиз бугун тинчлик деган неъматни асраш, фарзандларга илм бериш, касб ўргатиш ҳар қачонгидан ҳам муҳимлигини теран англамоқда. Шу мақсадда 200 дан ортиқ зиёлилар корпуси ташкил этилиб, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси билан барча маҳаллада шундай тарғибот тадбирлари ўтказилиши кўзда тутилган. Бу бежиз эмас. Президентимиз қайд этганидек, “Албатта, бугунги мураккаб замонда ёшларимизни турли синовларга чидамли, ватанпарвар инсонлар этиб тарбиялаш, халқимизни янада бирлаштириш ва жипслаштиришда, ҳеч шубҳасиз, ўзини ўзи бошқаришнинг ноёб тизими бўлган маҳалланинг ўрни ва аҳамияти катта”.

Шу ўринда буюк олмон шоири Гётенинг асар қаҳрамони Фауст тилидан айтган:

Ким эрк, ҳаёт деб жанг қилолса ҳар кун,

Эрку ҳаёт учун ўша муносиб

деган сатрлари ёдга тушади. Бугунги замон ҳам барчамиздан эрк, тинчлик, хотиржам ҳаёт йўлида ҳар куни курашишни, маърифат ва маънавиятни бунда асосий кучга айлантиришни, айни чоғда ҳар биримиздан кучли фуқаролик позициясини ҳам талаб қилмоқда. Бу позиция тинчликни асраш, барқарорликни мустаҳкамлаш, келажак авлод олдида масъ­улиятни ҳис этиш билан ўлчанади. Ана шу ҳис бирлашган жойда эса жамият енгилмас кучга айланади, юрт равнақ топиб, янада ­қуд­ратли бўлади!

 

Отабек ҲАСАНОВ,

Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари,

сиёсий фанлар доктори