Мингбулоқ туманида ўзим таҳсил олган мўъжазгина мактабда узоқ йиллар немис тилидан дарс бердим. Тил ўрганишга болалигимдан иштиёқим баланд бўлгани боис хориж тилини билган асло кам бўлмаслигини ҳамиша ўқувчилар онгига сингдириб келдим.
Икки суянчим ва қанотларим саналган ўғилларимга, кўзимнинг қароси ёлғиз қизимга чет тилларни мукаммал ўрганиш завқи бўлакча эканини таъкидлашдан чарчамадим. Эсимда, катта фарзандим айни ўқишга кирадиган пайтларда вилоятимиздаги олий ўқув юртида биргина хорижий факультет бўлиб, квота ўта кам, имтиёзлар деярли йўқ эди.
У вақтлар бозор иқтисодига ўтиш даври кўп жиҳатдан ҳаммага қийин бўлган. Тўнғичим Дониёр она изидан бориб, тил ўрганиб кам бўлмади. Наманган давлат университети хорижий филология факультетининг немис тили йўналишида таҳсил олиб, айни пайтда Германиянинг BMW заводида менежмент сифатида фаолият кўрсатмоқда.
Кенжа ўғлим Элёр Япониянинг Нагоя университетини тамомлади. Ҳозирги кунда у Токио шаҳрида телекоммуникация соҳасида ишлаяпти. Қизим Зумрадхон ҳам хорижий тилларни пухта эгаллашни орзу қилган. Нияти Исҳоқхон Ибрат номидаги Наманган давлат чет тиллари институти талабаси бўлиш.
Не бахтки, бугун Наманганда чет тилларни дунё таълим стандартлари асосида ўқитишга ихтисослаштирилган, бир йўла бир неча тилларни ўқитадиган олий даргоҳ ёшларимизга қучоқ очади. Қарорда халқаро баҳолаш дастурлари – PISA, TALIS, PIRLSдан фойдаланган ҳолда ўқитишнинг замонавий шакллари ҳамда методларини жорий этиш, мазкур билим ва кўникмаларга эга бўлган олий маълумотли мутахассислар ҳамда илмий-педагог кадрларни тайёрлаш кўзда тутилган.
Зеро, оламга машҳур француз файласуфи, серқирра истеъдод эгаси Вольтер айтганидек, кўп тилларни билиш битта калит билан кўп эшикларни очмоқликдир. Президентимиз томонидан илм олиш ва ёшлар истеъдодини рўёбга чиқариш борасида чексиз имкониятлар яратиб берилмоқда. Шу имкониятлардан унумли фойдаланиб қолиш керак. Янги Ўзбекистон ёшлари шу тариқа дунёга чиқишади. Юртига, миллатига содиқ Ибрат домлалар пайдо бўлади.
Раҳима ЖЎРАЕВА,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси