Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан тиббиёт соҳасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Илгари турли касалликлар билан оғриган  болаларда жарроҳлик амалиётини ўтказиш учун ота-оналари катта пул сарфлаб, чет давлатларга боришга мажбур бўларди. Лекин бунга ҳамманинг ҳам қурби ва имкони етмасди. Шароити бўлмаганлар пойтахтдаги марказий шифохоналар эшикларида сарғайиб навбат кутар, боласини дўхтирлар қўлига ҳадиксираб топширарди. Тўғри, чиқими камроқ эди, аммо ташвиши чет элга боргандан кам бўлмасди. Энди эса одамларнинг хаёлига ҳам келмаган шарт-шароитлар, орзу бўлиб туюлган имкониятлар ҳақиқатга айланмоқда. Тошкент вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт марказига сафаримиз чоғида бунга яна бир бор амин бўлдик. Ўша куни касалхонада Тошкентдан келган малакали врачлар болаларда мураккаб жарроҳлик амалиёти ўтказаётган экан.

 — Тошкент вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида болаларнинг юз-жағ, лаб ва томоқ  соҳасидаги нуқсонларини бартараф этиш амалиёти йўлга қўйилиши тизимдаги ислоҳотлар самарасидир, — дейди Соғлиқни сақлаш вазирлиги Тиббиёт ходимларининг касбий малакасини ривожлантириш маркази врачи,  профессор Суннатилла Ғаффоров. — Бугун малакали шифокорларимиз билан 3 болада жарроҳлик амалиёти ўтказдик. Бир томондан, кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож оила фарзандларига тиббий кўмак кўрсатган бўлсак, ­иккинчи ­томондан, вилоят шифохонаси врачларига ўз маҳоратини оширишда кўмаклашдик.

— Соғлиқни сақлаш соҳасидаги ижобий ўзгаришлар туфайли тиббий хизмат сифати ошиб, оналик ва болаликни муҳофаза қилишнинг ўзига хос миллий модели шаклланди, — дейди Тошкент вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази бош шифокори Саида Мирзараҳимова. — Ҳудудларда фаолият юритаётган тиббиёт ходимлари малакасини ошириш, аҳолига ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатиш бугунги куннинг энг муҳим вазифаларидан биридир. Вилоятларда мураккаб операциялар тажрибали профессорлар ёрдамида амалга оширилаётганига марказимиз мисолида гувоҳмиз. Илғор тиббиёт муассасалари иш тажрибасини ўрганиш мақсадида марказимиз шифокорлари Германия, Австрия, Туркия, Украина ва Россияда малака ошириб келди. Шифохонамиз энг илғор тиббий ускуналар – МРТ, замонавий лапароскоп, рентген, ультратовуш аппаратлари билан тўлиқ таъминланган. Яқинда кислород станциясига эга бўламиз. Бу болаларимизга шошилинч ёрдам кўрсатишда жуда катта имкониятдир.

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 27 августдаги “Ўзбекистон Республикаси Болалар миллий тиббиёт маркази фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори болаларга кўрсатилаётган тиббий ёрдам сифатини ошириш, илғор хорижий тажрибага асосланган диагностика ва даволашни йўлга қўйишда муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда.

Худди тушга ўхшайди

— Ўғлим хасталигини эшитиб, ғамга ботдим. Таниш-билишлар кейинги йилларда тиббиётда катта ўзгаришлар бўлганини айтса ҳам юрагимдаги ғашлик йўқолмай, даволатишга пулим йўқлигидан дилим хира бўлиб тураверди, — дейди ҳозиргина операциядан чиққан паркентлик Умаржоннинг онаси Азиза опа. — Нуридийдам эндигина бир ярим ёшда. Унга кўз ости гемангиомаси ташхиси қўйилган. Дўхтирлар боламни тиббий кўрикдан ўтказганида, гарчи шифокорларимиз пул тўламаслигимни айтган бўлса ҳам, тўлов қилинг деса нима қиламан деган ўй юрагимни эзаверди. Бироқ ҳеч қандай маблағ ишлатмадим, бир сўмсиз операция қилишди. Худди тушга ўхшайди. Ҳозир гапиряпман-у, кўзим ёшга тўляпти. Бизга шундай шарт-шароитларни яратиб бераётган давлатимиз раҳбари доимо соғ бўлсин. Оқ халатли нажоткор дўхтирларимизнинг қўллари дард кўрмасин. Бу кунларнинг қадрига етайлик.

Ҳалиям кўрганларимга ишонмаяпман

— Неварамнинг тили остида ўсмаси борлигини эшитиб, дунё кўзимизга тор кўриниб, зулматда қолгандек бўлдик, — дейди Оҳангарон туманида яшовчи Любовь Қўшматова. — Бундан бир ой олдин Тошкент тиббиёт академиясига бориб, мутахассисларга учрашдик. Яқинда қўнғироқ қилишиб, операция Чирчиқдаги болалар шифохонасида ўтказилиши ҳақида хабар беришди. Пойтахтдан келган дўхтирлар неварамни қайта кўрикдан ўтказиб, бугун операция қилишди. Бундай имкониятларни ҳаётим ­давомида ҳеч қачон кўрмагандим, тўғриси, ҳалиям кўрганларимга ишонмаяпман.

Онахоннинг сўзларини тинглар эканман, Президентимизнинг: “Оналарнинг бахти — фарзанд. Ана шу бахтни асраш, бемор болаларнинг тезроқ соғайиши, соғломлари касал бўлмаслиги учун ҳамма ҳаракатларни қиламиз”, деган сўзлари қулоқларим остида акс-садо берди.

Гуличеҳра ДУРДИЕВА,

“Янги Ўзбекистон” мухбири