Китоб туманининг "Истиқбол" МФЙда истиқомат қилувчи Нурулла Дўстов ўз хонадонида Африка туяқушлари етиштиришни йўлга қўйди. Маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси Ислом Бахронов кўмагида қаҳрамонимиз 33 миллион сўм миқдорида имтёзли кредит олиб, Сирдарё вилоятидан 9 та туяқуш олиб келди. 

Эътиборли жиҳати, хонадонда замонавий инкубатор ҳам ўрнатилган бўлиб, айни кунда тухумдан илк жўжалар очиб чиқмоқда.

— “Жуда кўп соҳаларга қизиққанман, — дейди Н. Дўстов. — Яқинда туяқушлар ҳақида ўқиб, уларга қизиқиб қолдим ва ҳеч иккиланмай мазкур тармоқни йўлга қўйишга киришдим. Нега Африка туяқуши десангиз, у уй шароитига енгил кўникар экан. Мана 3 ойдан буён уларни парвариши билан бандман. Туяқуш 4 йилда репродуктив ёшга етади ва уларнинг ўртача тухум қўйиш ёши 10-15 йил, зотдор туяқушлар 40 йил давомида ўртача ҳар 2-3 кунда тухум қўяверади. Тез орада туяқуш жўжаларини аҳолига етказиб беришни йўлга қўймоқчимиз. Бир дона туяқуш жўжаси 1,5 - 2 миллион сўмдан сотилмоқда. Келгусида туяқушлар сонини 100 тадан ошириб, аҳоли дастурхонига сифатли, парҳезбоп гўшт ва тухум етказиб беришни мўлжаллаб турибмиз.