"Аввало, сиз, азизларни, сизларнинг тимсолингизда бутун халқимизни Ўзбекистон миллий терма жамоасининг Олимпия ўйинларида қўлга киритган улкан, том маънода тарихий ғалабаси билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.
Албатта, барчамиз дунёдаги энг нуфузли ана шу мусобақаларда Ўзбекистон вакилларининг ҳар бир чиқишини “ойнаи жаҳон” орқали катта қизиқиш ва ҳаяжон билан кузатиб бордик.
Ўз навбатида, мард ва жасур спортчиларимиз ҳам бундай юксак ишончни оқлаб, халқимизга ёрқин ғалабаларни тортиқ этдилар.
Ҳеч шубҳасиз, бу Ватанимиз мустақиллигининг 30 йиллик шонли байрамига муносиб совға бўлди.
Олимпиадада спортчиларимиз юксак шоҳсупаларга кўтарилиб, 3 та олтин ва 2 та бронза медални қўлга киритдилар.
Ҳаммамизга аёнки, Олимпия ўйинларида ер юзининг энг зўр, манаман деган спорт усталари иштирок этади.
Сизлар дунё тан олган спортчилар билан мардона олишиб, уларнинг ўзини ҳам, улар эришган натижаларни ҳам ортда қолдириб, 3 та Олимпия рекордини янгилаб, жаҳон спортида ҳам ёрқин саҳифа очдингиз.
Мамлакатимиз жамоаси 200 дан зиёд давлатдан келган энг кучли спортчилар орасида умумжамоа ҳисобида – ўттиз иккинчи, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигида – иккинчи, Марказий Осиёда эса – биринчи ўринни эгаллади. Бу чиндан ҳам ўзбек спорти тарихидаги улкан натижадир."
"Бугунги тантанали маросимда иштирок этаётган қаҳрамон ўғлонларимиз – Токио Олимпиадаси ғолиблари ҳақида ҳар қанча фахрланиб гапирсак арзийди, албатта.
Жамоамизга илк олтин медални тақдим этган 19 ёшли спортчимиз, таэквондо устаси Улуғбек Рашидовга ва унинг даврамизда иштирок этаётган ҳурматли отаси Исматилла Рашидов ҳамда онаси Оксана Даниленкога эл-юртимиз номидан ташаккур билдирамиз.
Улуғбек Ўзбекистон тарихида Олимпия олтин медалини қўлга киритган энг ёш спортчи сифатида ном қозонди.
Маҳоратли полвонимиз Акбар Жўраевнинг умумий ҳисобда 430 килограммлик маррани эгаллаб, Олимпия рекордини ўрнатгани ва иккинчи олтин медални қўлга киритгани барчамизга улкан қувонч бағишлади.
Мана шундай мард ва паҳлавон йигитни тарбиялаган Акбаржоннинг онаси Норматова Ҳафизахон синглимизга самимий раҳматимизни айтамиз.
Алпомишлар юрти – Сурхон заминида туғилган енгилмас спортчимиз Баҳодир Жалоловни ҳаммамиз яхши биламиз.
Исми жисмига мос бу азамат йигит ва унинг меҳрибон онаси Сабоҳат Жалоловани барчамиз қизғин қутлаймиз. Мен улар билан аввал ҳам учрашиб, самимий суҳбатлашганимни ҳамиша яхши таассуротлар билан эслайман.
Баҳодир азиз онасига, халқимизга берган ваъдасининг устидан чиқиб, Ватанимизга учинчи олтин медални туҳфа қилди. Шу тариқа ўзбек бокс мактабининг шон-шуҳратини янада юксак босқичга олиб чиқди.
Миллий дзюдо мактабимизнинг забардаст вакили Давлат Бобонов ва маҳоратли эркин курашчимиз Беҳзод Абдураҳмоновни кескин беллашувларда бронза медалларини қўлга киритганлари билан қутлаймиз.
Бугун даврамизда Давлатжоннинг ота-онаси Ҳусниддин ака ва Нурияхон опа, Беҳзоджоннинг отаси Муҳаммаджон Абдураҳмонов ва онаси Муҳаббатхон иштирок этишяпти.
Мана шундай ботир ўғлонларни тарбиялаб вояга етказгани учун уларнинг ота-оналари ва устозларига чин юракдан ташаккур изҳор этамиз".
"Томирларида Жалолиддин Мангуберди, Амир Темур, Паҳлавон Маҳмуд, Заҳириддин Бобур каби буюк аждодларимизнинг куч-ғайрати жўш уриб турган, уларга ҳар томонлама муносиб бўлган авлодгина бундай улкан ишларга қодир бўлади.
Бугунги кунда бутун Ўзбекистон сизлар каби баҳодир ўғлонларини олқишламоқда, жаҳон аҳли сизларга тан бермоқда.
Мен доимо бир фикрни такрорлашдан чарчамайман. Биз ўзимизнинг ҳалол меҳнатимиз, ақл-заковатимиз, қатъият ва иродамиз билан дунё аҳли бизни тан олиши, эътироф этишига эришишимиз керак.
Янги Ўзбекистонни янги ғалабалар билан бутун дунёга танитаётган спортчиларимизнинг беқиёс ютуқлари мана шу йўлда яна бир муҳим қадам бўлиши шубҳасиз.
Бундай азму шижоатли, ватанпарвар ёшларимиз энг катта бойлигимиз, миллатимизнинг “олтин фонди”, десам, ўйлайманки, бутун халқимизнинг фикрини ифода этган бўламан".
"Яна бир муҳим жиҳати – аёллар ўртасида спортни ривожлантириш мақсадида амалга ошираётган катта ишларимиз ижобий натижа бермоқда. Буни 28 нафар спортчи хотин-қизларимиз Токио Олимпиадасига йўлланмани қўлга киритгани ҳам тасдиқлайди.
Таъкидлаш керакки, бу мустақил Ўзбекистон тарихидаги рекорд натижадир.
Боксчи қизларимиз илк бор Олимпиадага 3 та йўлланмани қўлга киритишди. Натижада бокс бўйича жами лицензиялар сони 11 тани ташкил этди.
Ушбу Олимпия ўйинларида фақат учта давлат шунча боксчи билан иштирок этганини ҳисобга олсак, бу ҳам албатта алоҳида эътиборга лойиқ кўрсаткич.
Бундай мисолларни яна давом эттириш мумкин. Буларнинг барчаси Ўзбекистонда олимпия ҳаракати тобора ривожланиб, янги, юксак босқичга кўтарилаётганидан далолат беради.
Шу муносабат билан Вазирлар Маҳкамасининг қарори асосида Токио Олимиадасида ғолиб ва совриндор бўлган спортчиларимиз таълим олган мактаб ва олий ўқув юртларида, вояга етган маҳаллаларда уларнинг ибратли фаолиятини тарғиб этишга бағишланган кўргазмалар ташкил қилиш мақсадга мувофиқ бўлади".