Йил бошида сув омборларида захира етарли даражада ҳозирлангани, каналлар­ни бетонлаштириш ва сув тежовчи техно­логиялар ўрнатиш қамровини кенгайти­риш, рақамлаштириш ва бошқа ислоҳотлар эвазига суғориш мавсумида муайян нати­жаларга эришилди.

Бугунги ҳолатга кўра, трансчегаравий сув омборлари билан қўшиб ҳисоблаганда мамлакатимиз сув захираси ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 6,5 миллиард куб метр камайган. Ички сув омборларимизда эса 3 миллиард куб метр сув тақчиллиги мавжуд.

Ушбу мураккаб вазиятни инобат­га олган ҳолда сўнгги йилларда сув хўжалиги тизимини тубдан ислоҳ қи­лиш, сув захираларидан тежамкорлик билан фойдаланишга қаратилган кенг кўламли ишлар қилинмоқда. Хусу­сан, соҳани модернизация қилиш учун охирги 5 йилда бюджетдан ажратилган 60 триллион сўм ҳамда 622 миллион долларлик хорижий инвестиция ирри­гация тизимига йўналтирилди.

Президентимиз мамлакатимизда Сувни тежаш бўйича бутунжаҳон фо­румини ўтказиш, 2026-2036 йиллар­ни “Марказий Осиёда сувдан оқилона фойдаланиш бўйича амалий ҳаракатлар ўн йиллиги” деб эълон қилиш ташаб­бусларини илгари сурди.

Ушбу ташаббуслар нафақат мам­лакатимиз аҳолиси, балки бутун минтақа халқлари фаровонлигини таъминлашга хизмат қиладиган чо­ра-тадбирларни белгилаб бермоқда. Бу, ўз навбатида, Президентимизнинг соҳа вакилларига яратиб берган им­конияти, қўшниларнинг давлатимиз раҳбарига ҳурмати ва дўстона муно­сабатларининг самараси, десак айни ҳақиқатни айтган бўламиз.

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 15 августдаги тегишли қарори билан Ўзбекистон Республикасида сув ре­сурсларини бошқариш ва ирригация секторини ривожлантиришнинг 2025- 2028 йилларга мўлжалланган дастури тасдиқланди. Мазкур дастур Ўзбекис­тон Республикаси сув хўжалигини ри­вожлантиришнинг 2020-2030 йиллар­га мўлжалланган концепцияси ҳамда “Ўзбекистон — 2030” стратегиясида белгиланган чора-тадбирлар, мақсад­ли кўрсаткичлар ҳамда параметрларга эришишга қаратилган.

2025 йилда ирригация объектларини қуриш ва реконструкция қилиш ишла­рига 1 триллион 356 миллиард сўм аж­ратилди. Шунингдек, мелиорация объ­ектларида 95,3 миллиард сўм эвазига 295,5 километрлик коллектор-дренаж тармоқлари реконструкция қилинди. Вазирлик тизимидаги насос станция­ларида ўрнатилган 157 та насос ҳамда 166 та электр двигатель янгисига ал­маштирилди.

Насос станциялари 2018 йилда 8,3 миллиард киловат-соат электр энергия­си сарфлаган бўлса, 2025 йил якуни бў­йича бу кўрсаткич 6,4 миллиард кило­ватт-соатни ташкил этиши кутилмоқда. Шу тариқа электр энергияси истеъмо­лини етти йилда 1,9 миллиард кило­ватт-соат камайтиришга эришилди.

Сув хўжалиги соҳасида самарадор­ликка эришишнинг бирдан-бир йўли — рақамлаштириш. Бу орқали шаф­фофлик ва аниқлик таъминланади, коррупциянинг олди олинади. Шу боис, охирги тўрт йилда 13 минг 254 та сув олиш нуқтасида “ақлли сув”, 10 минг 983 та мелиоратив кузатув қудуғида си­зот сув кўрсаткичи ва ернинг минерал­лашганлик даражасини назорат қилув­чи “DIVER” қурилмаси, 1749 та насос станциясида сув сарфини мониторинг қилиш қурилмаси ўрнатилди. Йирик 100 та сув хўжалиги объектининг бош­қаруви автоматлаштирилди.

Сув хўжалиги вазирлиги ҳузурида “Вазиятлар маркази” ташкил этилди. Соҳадаги 10 та ахборот тизими тако­миллаштирилиб, маълумотларни йи­ғиш, умумлаштириш ва таҳлил қилиш имконини берувчи “Рақамли сув хўжа­лиги” ягона платформаси ишга туши­рилди.

Шунингдек, 2,6 миллион гектар майдон сув тежовчи технологиялар билан қамраб олинди ва суғорила­диган майдонларга нисбатан улуши 60 фоизга етказилди. Жумладан, 664 минг гектарда томчилатиб, 121 минг гектарда ёмғирлатиб, 73 минг гектарда дискрет ва 123 минг гектарда бошқа турдаги суғориш технологиялари жо­рий қилинди ҳамда 1,6 миллион гек­тар ер лазер ускунаси ёрдамида текис­ланди. Натижада айнан сув тежовчи технологиялар ҳисобига 2025 йилда 2,3 миллиард куб метр сув иқтисод қи­линди.

Таҳлилларга асосан, сув тежовчи технологияларни жорий қилиш орқали сув ресурсларини 45-50, ёқилғи-мой­лаш материаллари ва минерал ўғитлар­ни 25-35 фоиз қисқартириш мумкин. Шу билан бирга, ҳосилдорлик 15-20 фоизгача ошади.

Каналлар бетонлаштирилиши ту­файли сув йўқотилишининг олди оли­няпти. Пировардида экин майдонлари ва томорқаларга кафолатли сув етказиб беришга эришилмоқда. Ҳисоб-китоб­ларга кўра, фақат канал ва ариқлар бе­тонлаштирилиши эвазига йилига ўрта­ча 1 миллиард куб метрдан кўпроқ сув йўқотилишининг олди олинмоқда.

Умуман олганда, 2025 йилда 10 мил­лиард куб метрга яқин сув ресурслари иқтисод қилинди. Сув объектларида сувни бошқариш ва қўшим­ча агротехника тадбирларини ўтказиш орқали 3,4 миллиард, сув тежайдиган суғориш тех­нологияларини жорий қилиш ҳисобига 2,9 миллиард, ирри­гация тармоқларида таъмир­лаш-тиклаш ва реконструкция тадбирлари ҳисобига 3 миллиард куб метрга яқин, сув хўжали­гида ахборот-коммуникация ва рақамли технологияларни жорий қилиш ҳисобига 0,7 миллиард куб метр сув ресурслари иқтисод қили­нишига эришилди.

Шу билан бирга, “Камбағаллик­дан фаровонлик сари” дастури доира­сида сув таъминоти оғир маҳаллалар­даги аҳоли томорқаларини сув билан таъминлаш лойиҳалари учун бюджет­дан 1,2 триллион сўм йўналтирилди.

Ушбу дастурга кўра, 886 та лойи­ҳа доирасида 1850,9 километр канал, 202,1 километр лоток тармоғи, 844 та суғориш қудуғи, 438 та насос агрега­ти, 2,9 километр коллектор тармоғи, 2 та мелиоратив тик қудуқ, 14 та гидро­техник иншоот ҳамда 385,2 километр босимли қувурларни қуриш ва реконст­рукция қилиш ишлари бажарилди. На­тижада 494,3 минг хонадоннинг 88 минг гектар томорқасида сув таъмино­ти яхшиланди.

2025 йил 30 июлда Сув кодекси қа­бул қилингани соҳа ривожида муҳим воқеа бўлди. Унга мувофиқ мамла­катимизда сув муносабатлари соҳа­сидаги асосий ҳуқуқий ҳужжатлар тизимлаштирилди. Сув кодекси кучга кириши муносабати билан жорий йил 17 ноябрда Тошкент шаҳрида халқаро сув ҳамкорлиги ва Ўзбекистон Респуб­ликасининг сув қонунчилигини тако­миллаштиришга бағишланган халқаро конференция ўтказилди.

Конференцияда Сув кодекси тақди­моти ўтказилди ҳамда сув таъминотини яхшилаш, сув тежаш технологиялари­ни жорий этиш ва айниқса, Оролбўйи ҳудудида аҳоли муҳофазасига қаратил­ган дастурларни ривожлантириш бўйи­ча қўшма ташаббуслар муҳокамасига эътибор қаратилди.

Яқинда Президентимиз Қишлоқ хўжалиги соҳаси ходимлари куни му­носабати билан соҳа вакиллари ишти­рокида мулоқот ўтказди. Мулоқот чо­ғида деҳқон, фермер, боғбон, чорвадор, сувчи, агроном ва механизаторларнинг меҳнати эътироф этилди.

Келгуси йили мамлакатимизда пах­тадан 4,5 миллион тонна, ғалладан 10 миллион тонна ҳосил олиш мўлжал­ланмоқда. Бунга, албатта, сувчилар ҳам муносиб ҳисса қўшади. 2026 йилда ҳам сувчилар бир ёқадан бош чиқариб, сув­ни белгиланган лимит асосида етказиб бериш, обиҳаётни имкон қадар тежаш, деҳқон ва миришкорларга қанот бўлиб, улкан хирмонлар кўтарилишига ҳисса қўшиш учун бор куч-ғайратини сафар­бар этади.

Шавкат ҲАМРОЕВ,

сув хўжалиги вазири