Президентнинг “Ўзбекистон–2030 стратегиясини Атроф-муҳитни асраш ва яшил иқтисодиёт йилида амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги фармони лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.

2025 йилда маҳаллаларнинг экологик қиёфасини яхшилаш, яшиллик даражасини ошириш, экологик жиҳатдан қулай ва фаровон яшаш муҳитини шакллантириш борасида:

  • аҳоли учун пиёда ва велосипед йўлакларида дарахтлар ва ўсимликларни экиш орқали “Сояли сайр кўчалари” тармоғи яратилиши, соҳил ва дарё бўйларида 80 та инфратузилма объекти ва 110 километрдан ортиқ соғломлаштириш йўлаклари қурилади;
  • ёмғир ва оқова сувлардан самарали фойдаланиш, маҳаллалардаги дарахтларни замонавий сув тежовчи технологиялар орқали суғориш тизимини жорий этиш натижасида яшиллик даражаси оширилади;
  • “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси ва “Менинг боғим” лойиҳаси доирасида 200 миллион туп дарахт ҳамда буталар экилиши, яшил боғлар ва яшил паркларда қуёш панеллари ёрдамида қувватланувчи ёритгичлардан фойдаланилади;
  • Орол денгизи тубида 100 минг гектар “яшил майдон” барпо этилиши ва Оролбўйи минтақасидаги ўрмонзорлар 2,1 миллион гектарга етказилади;
  • ўрмон билан қопланган майдонлар 4,1 миллион гектарга етказилиши ва муҳофаза қилинадиган табиий ҳудудлар 14,5 фоизгача кенгайтирилиши ҳамда уларнинг экотуризм, кўчатчилик ва дориворчилик йўналишларидаги фойдаланилмаётган захиралари аниқланиб, сафарбар қилиниши ва аҳолининг даромадлари оширилади;
  • Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Жиззах ва Қашқадарё вилоятларининг танланган ҳудудларида шўр ва сувсизликка чидамли ўсимликлар (галофит) боғлари ташкил этилади;
  • Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Сурхондарё, Жиззах, Фарғона ва Тошкент вилоятларида давлат “ин-витро” лабораториялари ташкил этилиши, шунингдек хусусий “ин-витро” лабораторияларини барпо этишга тадбиркорлик субъектларига кредитларни ажратиш учун халқаро молия институтларидан камида 30 миллион доллар миқдорида маблағлар жалб этилади;
  • жамоатчилик, экофаоллар ва бизнес вакилларининг табиатни муҳофаза қилиш бўйича ташаббусларини қўллаб-қувватлаш акселерация тизими жорий этилиши таъминланади.

Мазкур банднинг сўзсиз, сифатли ва ўз вақтида ижросини таъминлашга масъул этиб Бош вазир ўринбосари – Ж. Ходжаев, экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири – А.Абдухакимов, қишлоқ хўжалиги вазири – И. Абдурахмонов, иқтисодиёт ва молия вазирининг биринчи ўринбосари – И. Норқулов, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари белгиланади.