Бу ҳақда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати маълум қилди.

Таъкидланишича, ушбу меҳмонхона Масжиди Набавийнинг ёнида жойлашган бўлиб, зиёратчиларимиз беш маҳал намозни ушбу масжидда адо этиш ва бир неча бор Равзаи шарифга кириш имконига эга бўлади.

Ишчи гуруҳ томонидан ушбу меҳмонхонанинг ҳар бир хонасида озода чойшаблар солингани, ювиниш хонасида барча шароитлар ҳозирлангани, шахсий гигиена воситалари мавжудлиги, совиткич, музлаткич созлиги кўздан кечирилди.

Шунингдек, қибла кўрсаткичи, жойнамоз, Қуръони карим ва телевизор билан жиҳозланганлигига ҳам эътибор қилинди. Шунингдек, ҳожиларга хизмат кўрсатадиган ошхона-ресторанда ҳам зарур ўринлар ва барча қулайликлар шай ҳолатга келтирилган.

Меҳмонхонада тиббий марказ ва Ўзбекистон ишчи гуруҳи штаби ташкил этилган бўлиб, шифокор ва масъуллар 24 соат давомида барча турдаги мурожаатларни тинглайди.