Шундай лаҳзалар бўладики, улар инсон қалбида умрбод муҳрланиб қолади. Баъзан бир эзгу хабар йиллар давомида дил тубида асраб келинган орзуларни рўёбга чиқариб, кўзларга шукроналик ёшини келтиради, қалбларга эса беқиёс умид, хотиржамлик ва сурур бағишлайди. Айниқса, муқаддас Каъбатуллоҳ зиёратини бутун умр армон ва соғинч билан кутиб яшаган нуроний отахон ва онахонларимиз учун кутилмаганда орзулари ушалган ўша муборак онлар ҳаётнинг энг унутилмас, энг қутлуғ ва азиз дамларига айланади.
Инсон қадри
улуғланаётган янги Ўзбекистонда бу каби саодатли лаҳзалар шунчаки тасодиф эмас,
балки инсонпарвар сиёсатнинг амалдаги ёрқин ифодасига айланаётгани айни
ҳақиқат.
Бу йилги муборак
Рамазон ойида амалга оширилган хайрли тадбирлар шу эзгу сиёсатнинг ёрқин
намунаси бўлди. Эҳтиёжманд аҳоли учун ажратилган маблағлар, юзлаб инсонларга умид
бағишлаган бепул жарроҳлик амалиётлари, файзли ифторлик дастурхонлари,
арзонлаштирилган озиқ-овқат ярмаркалари — буларнинг барчаси халқ дарди билан
яшаш, инсонни рози қилишдек олий қадриятнинг амалий ифодаси сифатида қалблардан
чуқур жой олди.
Бугун эса ана шу эзгу
ишлар мантиқий давом этиб, яна бир улуғ хайрли ташаббус халқимиз қалбига чексиз
қувонч улашмоқда. Яъни юз нафар юртдошимиз Президентимиз номидан ҳаж сафарига
йўлланма олиш шарафига муносиб кўрилди. Бу нафақат уларнинг ҳаётидаги энг унутилмас воқеа, балки бутун
халқимиз учун меҳр-оқибат, эҳтиром ва инсонийликнинг юксак намунасидир. Чунки
Каъбатуллоҳ зиёратига мушарраф бўлиш ҳар бир мусулмоннинг энг улуғ орзуларидан
биридир.
Қалбларга сурур
бағишлаган бу саодатли рўйхатдан жиззахлик 6 нуроний ҳам ўрин олгани воҳа аҳли
томонидан катта мамнуният билан қарши олинди. Зеро, юрт тинчлигига дуогўй
бўлиб, умри давомида ҳалол меҳнат ва эзгулик билан яшаган инсонларнинг муборак
ҳаж сафарига мушарраф бўлиши нафақат оиласи, балки бутун маҳалла ва эл-юрт учун
ҳам катта шарафдир.
Хусусан, Зафаробод
туманида истиқомат қилувчи Абдуҳошим ота Ўрозовнинг хонадонида ҳақиқий байрам
муҳити ҳукмрон. Отахоннинг хонадонига кирган ҳар бир инсон бу ердаги қувонч,
ҳаяжон ва шукроналик туйғуларини юракдан ҳис этади. Унинг кўзларидаги севинч
ёшлари, фарзандлари ва яқинлари чеҳрасидаги фахр ва мамнуният бугунги эзгу
сиёсатнинг энг таъсирли ифодаси ўлароқ намоён бўлмоқда.
Шу муносабат билан
Жиззах вилояти ҳокими Абдуҳошим отанинг хонадонига ташриф буюриб, мамлакатимиз
етакчиси номидан ҳаж сафари учун махсус йўлланма ҳамда эсдалик совғалар
топширди. Самимий мулоқот, эзгу тилаклар ва дуоларга бой кечган учрашув
хонадон аҳли учун умрбод ёдда қоладиган унутилмас лаҳзаларга айланди.
Нуронийларга
кўрсатилаётган юксак эҳтиром ва эътибор халқимизга хос азалий қадриятларнинг
яна бир ёрқин намунаси экани таъкидланди. Зеро, кексаларни эъзозлаш, дуосини
олиш, кўнглини шод этиш халқимизнинг маънавий таянчи, миллий қадриятларимизнинг
ажралмас қисми ҳисобланади.
Абдуҳошим ота эса, ўз
навбатида, ана шундай юксак эътибор ва ғамхўрлик учун давлатимиз раҳбарига
чексиз миннатдорлик билдириб, юртимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги ва янги
Ўзбекистон равнақи учун самимий дуолар қилди.
“Мана шундай саодатли
кунларга етказган Яратганга беҳисоб шукр қиламан, — дейди Абдуҳошим ота Ўрозов.
“Бугунги қувончимни, қалбимдаги ҳаяжон ва шукроналик туйғуларини сўз билан
тўлиқ ифодалаш жуда қийин. Ростини айтсам, ҳозир ўзимни туш кўраётгандек ҳис
қиляпман. Бошимга бахт қуши қўнди, десам муболаға бўлмайди. Чунки чекка
тумандаги оддий қишлоқда яшовчи, умрини ҳалол меҳнат билан ўтказган мендек бир
нафақахўр инсоннинг кўнглидаги энг улуғ орзулардан бири ушалиши — беқиёс бахт”.
Бу меҳр ва эътиборни
умримнинг охиригача унутмайман. Насиб қилса, муқаддас заминларда, дуолар ижобат
бўладиган муборак онларда халқимиз, Президентимиз ва азиз ватанимиз ҳаққига
самимий дуолар қиламан. Юртимиз осмони доимо мусаффо, халқимиз тинч ва фаровон
бўлсин, янги Ўзбекистонимиз янада тараққий этсин, фарзандларимиз бахтли
келажак соҳиблари бўлишсин деб Яратгандан сўрайман.
Қарийб қирқ йил умримни
мактабга, таълим-тарбияга бағишладим. Математика фанидан ўғил-қизларга сабоқ
бердим. Шу боис, бугунги ўзгаришларни кўриб, қалбим қувончга тўлади. Чунки биз
ишлаган давр билан ҳозирги кунни солиштирсам, ер билан осмонча фарқ бор. Илгари
мактаб дегани қийинчилик, машаққат ва етишмовчилик билан боғлиқ эди. Болалар
билим олиш ўрнига ойлаб пахта далаларида юрарди. Маошимиз тирикчиликка аранг
етарди. Уни ҳам баъзан икки-уч ойлаб кутиб олардик.
Бугун эса мактабларга
кирсам, ҳавасим келади. Замонавий бинолар, шинам синфхоналар, интерактив
технологиялар, китобга ва илмга эътибор — буларнинг барчаси таълим соҳасига
давлат даражасида катта аҳамият берилаётганини кўрсатади.
Юртимиздаги ислоҳотлар
замирида айнан инсон манфаати, унинг қадри ва бахтли ҳаётини таъминлашдек улуғ
мақсад мужассам. Абдуҳошим ота каби нуронийларнинг қалбидан чиққан самимий
шукроналик ва дуолар эса бу эзгу сиёсатнинг халқ қалбида чуқур акс садо
топаётганини яққол намоён этади.
Муқаддас ҳаж сафарига
отланаётган нуронийларимизнинг эзгу тилаклари, юрт тинчлиги ва халқ фаровонлиги
йўлида қилаётган самимий дуолари янги Ўзбекистонда маънавий муҳит янада
юксалаётгани, меҳр-оқибат ва инсонпарварлик тамойиллари тобора мустаҳкамланиб
бораётганининг ёрқин рамзи сифатида барчамизнинг қалбимизга илиқлик, умид ва
ишонч бағишлайди.
Фарҳод
НЕЪМАТОВ,
“Янги
Ўзбекистон” мухбири