Хусусан, аждодлар мероси, унинг бугунги кундаги аҳамияти, асрлар давомида унинг инсониятга тақдим қилган эзгу ғояларини мазмуни-моҳиятини тарғиб қилиш, ёш авлодни аждодларига муносиб ворис сифатида тарбиялаш борасида диний маърифий соҳада ҳам кўплаб ишлар амалга оширилди. Мамлакатимизнинг маърифат ва маънавият тимсоли сифатида қад кўтараётган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳам бунга ёрқин мисол бўлади.

Марказда олиб борилаётган кенг кўламли ишлар ва келгусидаги истиқболли режалар билан танишиш мақсадида давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев 29 январь куни Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюриб, бу ерда олиб борилаётган бунёдкорлик ишлари билан яқиндан танишди. Дастлаб, марказнинг илмий фаолияти, шонли тарихимиздан хабар берувчи “Қуръон зали”, “Исломдан аввалги цивилизациялар”, “Биринчи Ренессанс даври”, “Иккинчи Ренессанс даври”, “Ўзбекистон XX асрда”, “Янги Ўзбекистон – янги Ренессанс” каби бўлимлар ва уларда намойиш қилинган турли ашёлар, қўлёзма манбалар, суратлар, мультимедиа воситалари ҳамда маҳаллий ва хорижий олимлар ҳамкорлигида келгусида амалга оширилиши режалаштирилаётган илмий лойиҳалар билан танишди.

Президентимиз аждодлар меросини оммалаштиришга қаратилган лойиҳаларни юксак баҳолаб: “Халқимизнинг бой ва бетакрор меросига оид кўп китоблар, турли ўлкаларга сочилиб кетган қўлёзмалар, ноёб маълумотлар, санъат асарлари, афсуски, бизга номаълум эди. Мана шу марказ сабаб бўлиб тарихни ўрганишда катта қадамлар қўйдик, янги манбалар юзага чиқди. Энди буларнинг таъсири, натижаси қандай бўлади? Уларни фақат ёдгорлик сифатида сақламасдан, фаол илмий истеъмолга киритиш, аҳолимиз, ёшларимизга тушунарли тилда етказиш, жаҳон жамоатчилигига кенг тарғиб қилиш керак. Бу даргоҳ нафақат ўтмиш ҳақида ҳикоя қиладиган, балки тарих, бугун ва келажакни боғлайдиган, тараққиётимизнинг асосий йўналишларини белгилаб берадиган ақл-тафаккур маркази бўлиши зарур, – деди.

Давлатимиз раҳбари қурилиш ишлари ва экспозиция билан танишиш жараёнида марказ фаолиятини янада бойитиш ва такомиллаштириш юзасидан зарур кўрсатмалар бериб, унинг келгусидаги фаолияти ва аҳамияти ҳақида: “ Ислом цивилизациясининг, ислом таълимотининг замини – аслида илм-фан, маданият, таълим ва тарбиядир. Биз барпо этаётган марказнинг бош ғояси, асоси ҳам шу. Энг муҳим томони – юртимиздаги ислом маданияти билан боғлиқ бир неча минг йиллик қадимий ўтмиш бир жойда – мана шу мажмуада мужассам бўлади. Марказ билан танишган одам ана шу тарихни яққол кўриб, ислом дини, бу аввало, тинчлик, тараққиёт ва бағрикенглик дини эканини, ўзбек халқининг дунё тамаддунига қўшган буюк ҳиссасини англайди, – деди.

Ушбу мақсад ва вазифалардан келиб чиққан ҳолда, марказда улуғ аждодларимиз меросини чуқур тадқиқ қилиш, уни бугунги куннинг долзарб муаммоларига жавоб бера оладиган эзгу ғояларини тарғиб қилишга жуда ҳам катта эҳтиёж борлиги таъкидланди. Бунинг учун Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий номидаги халқаро илмий тадқиқот марказлари фаолиятини илмий-услубий жиҳатдан мувофиқлаштириш, биргаликда илмий соҳада янги замонавий тадқиқотларни амалга ошириш ҳамда бугунги кунда инсониятга таҳдид солаётган жаҳолатга қарши маърифат ғоялари илмий асосда жавоб беришга катта аҳамият қаратиш зарурлиги айтиб ўтилди.


Фирдавс ҲАЛИМОВ,

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори ўринбосари


Ҳамкорлик материали