Унда келтирилишича, айни кунда юртимиз бўйлаб ғалла ўрим-йиғими жадал кетмоқда. Ўз навбатида, ғалла ҳосилидан бўшаган майдонлар пешма-пеш шудгорланиб, ўрнига такрорий экинларни экиш ишлари бошлаб юборилган. Қолаверса, ғалладан бўшаган ерлар кам таъминланган оилаларга ҳам бўлиб берилмоқда. Бу республикада озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш билан бир қаторда, қишлоқлар аҳолиси бандлигини ва моддий манфаатдорлигини оширишга кўмаклашади.
Бироқ айрим шахслар бу имкониятдан самарали фойдаланиш ўрнига пайкалларни ҳайдашдан олдин буғдой поялари, сомон ва ёввойи ўсимликлар қолдиқларидан тозалашга эриниб, ёқиб юбормоқда. Бунинг эса жуда кўп салбий оқибатлари бор.
Олимларнинг таъкидлашича, 1 гектар ер майдонида бошоқли дон пояси ёқилганда, атмосферага 500 грамм азот оксиди, 379 грамм улгеводород, 3 килограмм кул, 20 килограмм ис гази ва углерод оксиди (СО) гази чиқиб кетади. Қолаверса, ундан ажралиб чиққан қурум инсон организмида сил ва саратон касалликларини келтириб чиқариши мумкин.
Энг асосийси, сомон поялари ва уларнинг қолдиқлари ёқилган ҳудудларда ер унумдорлигининг йўқолиши, тупроқ структурасининг бузилиши ҳамда ёнғин натижасидаги юқори ҳарорат туфайли макро ва микроелементларнинг йўқ бўлиб кетиши оқибатида экин ерларининг балл бонитети кескин пасаяди.
Тупроқ структурасининг бузилиши қатор “занжирли реакциялар”ни содир этиб, биринчи навбатда қишлоқ хўжалиги экологик шароитларини ёмонлаштиради, эрозия жараёнларини тезлаштиради. Яъни органик моддаларнинг ёниб кетиши тупроқ структурасининг янада тезроқ бузилишига олиб келиши билан бир қаторда унинг эрозияга турғунлик қобилиятини кескин пасайтиради, органик моддаларнинг кичик биологик айланишидан маҳрум этади.
Дуккакли-дон экинларнинг илдиз ва анғиз қолдиқлари бошқа экинларнинг озиқланишига ижобий таъсир кўрсатади. Шу сабабли алмашлаб экишда ўғитлаш тизимини тузиш жараёнида бу, албатта, ҳисобга олиниши керак. Донли ва дуккакли-дон экинларнинг илдиз ва анғиз қолдиқлари таркибидаги углерод ва азот ўртасидаги нисбат (С:Н) жуда кичик бўлиб, мазкур элементларнинг гўнгдаги нисбатига яқинлашиб боради.
Илдиз ва анғиз қолдиқларининг минераллашиш жараёни анча жадал кечади. Шунингдек, улар таркибидаги озуқа моддаларининг ўсимликлар томонидан ўзлаштирилиш коеффициенти ҳам гўнгдаги озуқа моддаларнинг ўзлаштирилиш коеффициентига яқин. Бу биринчи навбатда азотга тегишли бўлиб, дуккакли экинлардан қоладиган илдиз ва анғиз қолдиқлари таркибидаги азот биринчи, иккинчи ва учинчи йилларда 20-25, 15-20 ва 5-10 фоиз ўзлаштирилади.
Маълумотларда келтирилишича, дуккакли ва дуккакли-дон экинларнинг ҳар бир тонна илдиз ва анғиз қолдиқлари ҳисобига 10-15 килограмм азот тупроққа келиб тушади. Азотдан ташқари, фосфор ва калий моддалари ҳам озуқа сифатида йиғилади.
Охирги 50 йилда республиканинг айрим ҳудудларида гумус миқдори 0,4-0,5 фоизгача камайиб кетган. Тупроқ таркибидаги гумус миқдорини кўпайтириш учун маҳаллий ўғитлардан қорамол гўнги, шаҳар чиқиндиси, ҳас-хазон, сидерат экинлар билан тупроқ таркибидаги органик қолдиқни кўпайтириш керак. Далаларда буғдой экинларидан кейин қоладиган 3-4 тонна ўсимлик қолдиқлари ёқиб юборилганда эса, бусиз ҳам талаб этиладиган меъёрлардан анча паст миқдорда бўлган микроорганизмларга жиддий қирон келтирилади. Шунинг учун сомоннинг ёқилишига кескин қаршилик кўрсатиш лозим.