Инсон турмуши сифатини яхшилашга қаратилган ишланмаларни амалиётга жорий этиш эса алоҳида мураккаб жараён. Кузатув, таҳлил, илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини таъминлаш, маҳсулотлар бозорини ривожлантириш ва илмий тадқиқотларни тижорийлаштириш ана шу жараённинг бир бўлаги. Инновацияларни жорий қилиш ва технологиялар трансфери миллий офиси бош директор вазифасини бажарувчи Фарҳод Жумаев билан суҳбатимиз инновацион лойиҳаларнинг глобал миқёсда муваффақият қозониши, бу борадаги саъй-ҳаракатлар хусусида бўлди.
— Ишимизни мамлакатимиз ва халқимизнинг бирламчи эҳтиёжларига қаратяпмиз. Фаолиятимизни янада ривожлантириш бўйича ишлаб чиқилган режага кўра, энди асосий урғу иқтисодиётнинг реал сектори, ижтимоий соҳа эҳтиёжлари ва мавжуд бозорни ўрганган ҳолда инновацион бизнес ғоя шакллантиришдан тортиб, уни амалиётга жорий қилишгача бўлган барча босқичга қаратилади, — дейди Ф.Жумаев. — Бу жараёнда БМТ Европа иқтисодий комиссияси, Plug and Play, Seedstars каби йирик хорижий ташкилотлар билан ҳамкорлик қилинади. Чет эллик малакали мутахассислар ва менторлар иштирокида халқаро стандартларга мос бизнес режа тузиш, стартапларни акцелерация ва инкубация қилиш орқали ривожлантириш, лойиҳаларга инвесторлар топиш ва уни жаҳон бозорига олиб чиқиш ишлари бажарилади. Бундан кутилаётган асосий натижа эса Инновациялар миллий офисининг олимлар, инноваторлар ва иқтисодиётнинг реал сектори ўртасида кўприк бўлиб хизмат қилиши, ушбу алоқалар доирасида эҳтиёж мавжуд бўлган секторларни ривожлантиришдан иборат. Бу ўринда Глобал инновацион индексда юқори ўринларни эгаллаган Германия, Швейцария, Венгрия ва Хитой каби ривожланган мамлакатлар тажрибаси ўрганилиб, йирик хорижий компаниялар билан ҳамкорликда ишланмоқда. Бу тажриба турли стартап, инновацион лойиҳаларнинг глобал миқёсда муваффақиятли тақдим этилиши, шунингдек, иқтисодиёт ва инноваторлар ўртасида доимий самарали ҳамкорлик йўлга қўйилиши билан эътиборга молик.
— Ўзбекистондаги инновацион муҳит қандай? Инноваторлар учун етарли шарт-шароит, инфратузилма яратилганми?
— Ривожланишнинг ҳозирги босқичида саноатдан инновацион иқтисодиётга ўтиш тенденцияси кузатилмоқда. Бу эса ахборот, юқори технологиялар, шунингдек, интеллектуал фаолият натижаларидан фойдаланишга асосланган. Бугун ҳеч бир соҳа инновацияларсиз тараққий эта олмайди.
Ривожланган мамлакатларнинг иқтисодий тизими узоқ вақтдан бери инновацион тадбиркорлик ва тузилмаларни яратиш, илмий-тадқиқот ишлари натижаларини тижорийлаштиришга қаратилган. Юртимизда бу борада муайян қадамлар қўйилган. Беш йил аввал ташкил этилган Инновацион ривожланиш вазирлиги (ҳозирги агентлик) фаолияти бунинг яққол исботидир.
2019–2021 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон Республикасини инновацион ривожлантириш стратегияси амалга оширилиши натижасида қишлоқ хўжалиги, энергетика, қурилиш, таълим, соғлиқни сақлаш соҳаларида технологик ривожланиш ва инновацияларни жорий этиш ва рағбатлантириш борасида катта ютуқларга эришилди. Муҳими, инсон капиталини ривожлантириш бўйича қатор ишлар бажарилиб, олий таълим ва олий таълимдан кейинги қамров сезиларли даражада кенгайди.
Инновацион муҳит, инноваторларга шароит яратиш борасида тизимли ишлар қилинмоқда. Хусусан, ўтган йили 2022–2026 йилларда Ўзбекистон Республикасининг инновацион ривожланиш стратегияси қабул қилинди.
Барча вазирлик ва идоралар, хўжалик бирлашмалари, устав фондида давлат улуши 50 фоиз ва ундан юқори бўлган йирик ташкилотларнинг раҳбари ўринбосарларига инновацияларни жорий этиш вазифаси юклатилди. Шунингдек, инновацион фаолият билан шуғулланишга масъул бўлинмалар ташкил этилди.
Инновацион ривожланишни жадаллаштириш, иқтисодиётнинг барча тармоғида инновациялар ва технологияларни кенг татбиқ қилиш, инсон капитали, илм-фан ва инновация соҳаларини ривожлантириш мақсадида Инновациялар миллий офиси БМТ Европа иқтисодий комиссияси билан ҳамкорликда тармоқ корхоналардаги инновация бўйича масъул бўлинма раҳбарлари учун халқаро ва маҳаллий экспертлар иштирокида мунтазам махсус семинарлар ташкил этади.
Семинарларда Инновацион ривожланиш стратегияси олдига қўйилган вазифаларнинг ўзаро мутаносиблиги, тармоқ корхоналар учун айланма иқтисодиётни трансформация қилиш ва унда инновацияларнинг роли ҳақида маълумот бериб борилади.
Ёш олимлар ва инноваторларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг концептуал янги авлодини тайёрлаш мақсадида “Ёшлар академияси” ташкил этилди. Ҳозир унинг аъзолари 3800 нафар. Илмий ва стартап лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш бўйича тадбирлар платформаси яратилди.
— Стартап экотизимини ривожлантириш борасида қандай ишлар қилинмоқда?
— Стартап экотизимини шакллантириш борасида стартап лойиҳаларга грант маблағлари ажратиш, стартап жамоаларини акселерация ва инкубация дастурларидан ўтказиш тизими жорий этилиб, 176 стартап молиялаштирилди ва қўллаб-қувватланди.
Инновациялар миллий офиси бугунга қадар инноватор ва креатив ёшлар билан ҳамкорликда дастурлаш, тиббиёт, қишлоқ хўжалиги каби йўналишларда инновацион лойиҳаларни амалга оширишга муваффақ бўлди. Улар орасида алоҳида эътиборга моликлари кўп. Фойдали мобил иловалар яратишда ҳам янгича, ижодий ёндашадиган ёшларимиз ортда қолаётгани йўқ. Улардан бири — Саодат Содиқова бошланғич синф ўқувчилари ва умуман, хорижий тилни энди ўргана бошлаганлар учун инглиз тилини ўргатувчи “Easy Enjoyable English” мобил иловасини яратди. Лойиҳанинг асосий вазифаси ўқувчиларнинг чет тилини мустақил, ўйин ва интерактив машқлар ёрдамида ўрганишига кўмаклашиш. Илова турли мавзуларга асосланган бир неча бўлимдан иборат бўлиб, жуда ёрқин ва қизиқарли интерфейсга эга.
Сардор Бозорбоев эса “Кун тести” деб номланган креатив мобил илова ишлаб чиқди. Унинг ёрдамида мактаб ўқувчилари турли фанларга оид кундалик тестлар орқали билимини синаш ва ўрганилган маълумотларни мустаҳкамлаш имкониятига эга бўлади. Рейтинг балл тўплаш орқали ой якунида ғолиб бўлиш ҳам мумкин. Бундан ташқари, ўқувчиларнинг ота-оналари учун натижалар статистикасини доимий кўриб бориш имконияти мавжуд.
Тошкент шаҳрида “Инновацион инкубаторлар маркази” МЧЖ Инновациялар миллий офиси кўмагида стартап лойиҳани амалиётга муваффақиятли жорий қилди. Хонада мунтазам тозалик бўлишини, ҳаво алмашинувини таъминлаб берувчи рекуператорлар ишлаб чиқаришга қаратилган лойиҳа Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан молиялаштирилди. Махсус ҳавотозалагич хонани чангдан, нохуш ҳид ва зарарли бирикмалардан тозалаб, кислородга бой, мусаффо ҳавони таъминлаб беради.
Инновациялар миллий офиси кўмагида маҳаллий хомашёлар асосида карьерларнинг автомобиль йўлидаги чангни бостириш учун препаратлар яратиш ва амалиётга татбиқ этиш бўйича самарали лойиҳа жорий этилди.
Лойиҳа доирасида маҳалий хомашё — крахмал ва кальций хлориди асосида чангни бостирувчи препаратлар синтез қилиниб, чанг бостирувчи препаратларнинг самарадорлиги компонентларнинг нисбати ва табиатига боғлиқлиги аниқланди. Препарат қўлланиши натижасида карьер автомобиль йўлидаги тупроқ мустаҳкамлиги бир неча баробар ортиши аниқланган. Албатта, бу каби инновацион стартаплар жуда кўп, муҳими, улар жамият ривожига ҳисса қўшаяпти.
— Тиббиёт соҳасидаги изланишлар, стартап ғоялар ва уларнинг амалиётга татбиқи ҳақида ҳам тўхталсангиз.
— Инновациялар миллий офиси фаолияти доирасида “Ёшлар академияси” билан ҳамкорликда турли соҳаларга тегишли кўплаб стартапларни ривожлантириш ва жорий қилишда кўмаклашмоқда. Муваффақиятли амалга оширилган стартаплар орасида тиббиётга тегишлилари талайгина. Мисол учун, Инновациялар миллий офиси “Innovative Developers” МЧЖ билан ҳамкорликда Тошкент вилояти Оҳангарон тумани ҳамда Самарқанд вилояти Ургут туманида “Telemed Clinic” телемедицина хизматлари кўрсатувчи инновацион клиникалар очди. Уларда кардиология, терапия, оторинология, ЛОР, неврология, дерматовенерология соҳалари бўйича даволаш ишлари, шунингдек, УТТ, ЭКГ, ЭЭГ, дерматоскопия, офтальмоскопия, отоскопия, умумий пешоб таҳлили, қондаги қанд миқдорини аниқлаш ва бошқа лаборатор ҳамда инструментал текширув усуллари орқали беморларга аниқ ва тўғри диагностика қўйиш, даволаш, тиббий маслаҳат бериш ишлари бажарилмоқда. Бунинг учун клиника фаолиятига зарур бўлган 10 дан ортиқ телемедицина ускуна ва жиҳозлари хориждан келтирилди.
Тиббиётга доир инновацион лойиҳалардан бўлган “Donor top” веб-сайти ва мобил иловаси ҳам эътиборга молик. Фарғона вилоятининг Рақамли технологиялар маркази ходимлари ишлаб чиққан ушбу платформа Гематология ва қон қуйиш маркази фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган бўлиб, илова орқали ягона донорлик маркази шакллантирилади. Бу эса, ўз навбатида, шифохоналар ва тез тиббий ёрдам кўрсатиш бўлимлари фаолиятини такомиллаштириш, донорлик навбатини қисқартиришга хизмат қилади. Donortop.uz платформаси қон ва қон берувчиларга боғлиқ. Мамлакатимиз бўйича мавжуд талабларга мувофиқ ноёб қон гуруҳлари, қон билан боғлиқ касалликлар ҳақида маълумот тақдим этади. Шунингдек, қон бериши мумкин бўлган донорларни топиб беради.
— Хорижда ишлаб чиқилган технологиялар трансферини амалга ошириш ва маҳаллийлаштириш нималарда кўринаяпти?
— Инновацион ривожланиш стратегиясига асосланган ҳолда хорижий технологияларни трансфер қилиш, инновацион экосистемани ривожлантириш борасида кўплаб йирик халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик қиляпмиз. Асосий халқаро ҳамкорларимиз ва улар билан амалга оширилаётган қўшма лойиҳалар ҳақида кўп гапириш мумкин. Масалан, жорий йилда Инновациялар миллий офиси ва дунёнинг етакчи инновацион платформаси бўлган “Plug and Play” венчур фонди ўртасида меморандум имзоланди.
“Plug and Play” платформаси дунё бўйлаб 50 дан ортиқ ваколатхонани бирлаштирган глобал тармоққа эга йирик компания. Асосий фаолияти стартапларни ривожлантириш, акселерация дастурларини жорий қилиш ва жаҳоннинг етакчи стратегик бозорларида ўзига хос майдон тақдим этиш орқали истеъдодли ёшлар ва тадбиркорларни қўллаб-қувватлашдан иборат.
Меморандум доирасида стартапларни қўллаб-қувватлаш, технологиялар трансфери, инновацияларни жорий қилиш, Германия ва бошқа илғор давлатларнинг йирик технологик компаниялари билан ҳамкорлик ўрнатиш кўзда тутилган.
Стартапларни ривожлантириш бўйича яна бир йирик ҳамкоримиз Венгриянинг “Startup Campus” компанияси. У бизнес ғояни муваффақиятли стартапга айлантиришгача бўлган барча босқич, жумладан, бизнес режа тузиш, маркетинг, менежмент, сотув, бозорга кириш ва инвесторларни жалб қилиш бўйича амалий ёрдам кўрсатади. “Startup Campus” компанияси Будапешт шаҳрида ташкил этилган, Европанинг барча мамлакати билан ҳамкорликда фаолият юритади.
Ҳамкорликда бир қатор истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш кўзда тутилган бўлиб, улардан бири InnoGen Youth Program дастуридир. Ушбу дастурда ўзбекистонлик 18 ёшдан 45 ёшгача бўлган олимлар тижорийлаштиришга қаратилган инновацион лойиҳалари билан қатнашиши мумкин. Дастур доирасида саралаб олинган лойиҳа асосчилари Европанинг етакчи олий ўқув юртлари ва лабораторияларида тадқиқот, амалиёт дастурини ўтаб, ғояларини европалик бизнес-акселератор мутахассислари билан ҳамкорликда тижорийлаштириш даражасида ривожлантиради.
Навбатдаги йирик ҳамкоримиз синов, текшириш ва сертификатлаштиришга ихтисослашган, 1828 йилда Францияда ташкил этилган йирик “Bureau veritas” компанияси бўлиб, қурилиш, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат маҳсулотлари, саноат каби соҳаларда фаолият юритади. Жорий йилда Инновациялар миллий офиси ва мазкур компания ўртасида меморандум имзоланган. Унга кўра, кимё ва халқаро стандартлаштиришни ўтказиш бўйича икки томонлама манфаатли қўшма тадқиқот дастурлари ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, олий ўқув юртларида халқаро стандартларга жавоб берувчи синов марказлари ташкил этиш ҳамда уларни халқаро аккредитациядан ўтказиш масаласида ҳамкорлик қилишга келишиб олинди.
Жорий йил март ойида Швейцарияда ўтказилган БМТ Тараққиёт учун фан ва технологиялар комиссиясининг 26-сессиясида қатнашиш учун сафар доирасида инновациялар ва технологик трансферлар соҳаларида юқори малакага эга яна бир компания вакиллари билан учрашиб, дастлабки ҳамкорликни ўрнатишга муваффақ бўлдик. Бу компания Швейцариянинг инновацион тадбиркорликни ривожлантириш бўйича тажрибага эга йирик “Seedstars” компанияси бўлиб, у билан ҳамкорлик доирасида мамлакатимиздаги олий ўқув юртларида бизнес-инкубаторларни ташкил қилиш, стартапларни қўллаб-қувватлаш устида ишлашга келишиб олинди.
“Янги Ўзбекистон” мухбири
Рисолат МАДИЕВА суҳбатлашди.