Ушбу кун беллашувларида - 81 килограмм вазн тоифасида иштирок этаётган Мусо Собиров юртимиз шарафини ҳимоя қилади. Ҳамюртимиз дастлабки босқичда испаниялик Хосе Мендиолага қарши баҳс олиб боради. Агар ушбу рақиб тўсиғидан ўтса, уни иккинчи даврада венгриялик Аттила Унгвари кутиб турибди.

Эслатиб ўтамиз, кеча - 73 килограмм вазн тоифасида иштирок этган Муроджон Йўлдошев бронза медали учун баҳсда канадалик Артур Маргелидондан устун келиб, совриндорлар қаторидан жой олганди.

Эътиборли жиҳати, бу терма жамоамиз учун мусобақадаги учинчи медаль ҳисобланади. Дзюдочиларимиз шу пайтгача ҳали бир жаҳон чемпионатида 3 та медалга сазовор бўлишмаган эди.

Доха татамиларида ушбу тарихий натижа мусобақанинг дастлабки уч кунида амалга ошгани эса жорий рекордни янада яхшилаш учун имкон кўплигини англатади.