Янги Ўзбекистонда давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларини жадал тараққий эттириш, мамлакатимизни ривожланган давлатлар қаторига қўшиш сари катта ташаббуслар илгари сурилмоқда. Жумладан, сўнгги йилларда ҳамма соҳалар қатори диний-маърифий йўналиш, хусусан, бағрикенглик борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар нафақат минтақа, балки халқаро ҳамжамиятнинг ҳам муносиб эътирофига сазовор бўлмоқда. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг олий минбаридан илгари сурилган глобал ва минтақавий ташаббуслар дунё ҳамжамияти томонидан катта қизиқиш билан қабул қилиниб, қўллаб-қувватланаётгани қувонарли ҳол, албатта.

Мисол учун, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида илгари сурилган ташаббуснинг амалий ифодаси сифатида 2018 йили Бош Ассамблеянинг навбатдаги ялпи сессиясида қабул қилинган “Маърифат ва диний бағрикенглик” номли махсус резолюция фикримизнинг ёрқин исботидир.

Ўзбекистон таклиф этган резолюциянинг асосий мақсади – барча учун таълим олиш имкониятини тақдим этиш, саводсизлик ва билимсизликни бартараф этишдан иборат. Ҳужжатда бағрикенглик ва ўзаро ҳурматни ўрнатиш, диний эркинликни таъминлаш, диндорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларнинг камситилишига йўл қўймасликка муҳим аҳамият қаратилган.

“Маърифат ва диний бағрикенглик” тўғрисидаги резолюция жаҳонда экстремизм, терроризм муаммоси авж олиб, турли дин ва эътиқод вакилларига нисбатан тоқатсиз, муросасиз муносабатлар кузатилаётган бир вақтда глобал таҳдидларга қарши курашишнинг самарали воситаси сифатида маърифат, таълим-тарбия масаласини илгари сургани билан аҳамиятлидир.

2022-2026 йилларга мўлжалланган янги Ўзбекистон Тараққиёт стратегияси дастурининг 5-йўналиши доирасида Жамиятда миллатлараро тотувлик ва динлараро бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлаш масаласи алоҳида мақсад сифатида баён этилгани бежиз эмас. Бугунги кунда бағрикенглик, миллатлараро муносабатлар соҳасида ёндашувлар ва қарашларга янгича нигоҳ билан қарашни замоннинг ўзи тақозо этмоқда.

Ушбу йўналишдаги фаолият ҳақида гапирганда, фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлашнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш борасида 2021 йил 5 июлда имзоланган “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонун ҳақида тўхталиб ўтиш мақсадга мувофиқ ҳисобланади.

Ушбу қонун юртимизда тарихан шаклланган анъана, урф-одат ва қадриятларни ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилди. Унда ҳамкорларимиз – Европа Кенгашининг Венеция комиссияси, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси каби нуфузли халқаро тузилмалар экспертлари томонидан берилган тавсиялар ўз аксини топди.

Қонундаги принципиал янгиликлар ҳақида гапирганда, улар диний-маърифий соҳада олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг изчил давоми сифатида, аввало, ҳар бир инсоннинг виждон эркинлигини таъминлаш учун қулай шарт-шароитларни яратишга, ҳуқуқни қўллаш амалиётига аниқликлар киритишга алоҳида эътибор қаратилганини қайд этиш лозим.

Қонун асосида диний ташкилотларни рўйхатдан ўтказиш ва тугатиш билан боғлиқ тартиб соддалаштирилиб, бу борада муҳим енгилликлар жорий этилди. Хусусан, маҳаллий диний ташкилотлар, жумладан, масжидлар ва бошқа конфессияларнинг ибодатхоналарини ташкил этиш бўйича ташаббускор фуқаролар сони икки баробар камайтирилиб, 50 нафардан кам бўлмаган этиб белгиланди. Шунингдек, диний ташкилотнинг марказий бошқарув органи ва диний таълим муассасаларини тузиш учун ҳам 100 нафар ташаббускор бўлиши ҳақидаги талаб бекор қилинди.

Таъкидлаш керакки, Ўзбекистонда 130 дан ортиқ миллат ва элат ҳамда 16 та диний конфессия вакилларининг бағрикенглик тамойили асосида тинч-тотув яшашлари, шубҳасиз, мамлакатда ўрнатилган бу борадаги оқилона сиёсатнинг натижасидир.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан илгари сурилган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида шаҳар ва қишлоқларимизда жорий йил 1-мартдан эътиборан “Яшил йиллик” умуммиллий тадбири Ўзбекистонда яшаётган турли миллат ва диний конфессиялар вакилларини ягона мақсад атрофида бирлаштирди.

Эзгу мақсаднинг амалий қадамлари ўлароқ, Ўзбекистон халқаро ислом академиясида 16 конфессия вакиллари иштирокида бўлиб ўтган учрашувда ирқи, миллати, диний эътиқодга мансублигидан қатъи назар, барча юртдошларимизни “Яшил йиллик” умуммиллий тадбирида фаол бўлишга ундовчи баёнот қабул қилинди.

Республика бўйлаб мазкур умуммиллий тадбир доирасида ҳар бир ҳудуднинг иқлимига мос, кам сув талаб қиладиган кўчатлар танланиши ва махсус етиштирилиши белгиланди. Қувонарлиси, хайрли ташаббусга халқимиз чин дилдан хайрихоҳлигини кўрсатмоқда. Ушбу ташаббуснинг амалга ошишида турли дин ва миллат вакиллари қўлни қўлга бериб, ягона ва аҳил оила аъзоларидек иштирок этиши албатта, муҳим.

Бундан ташқари, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгашининг “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини қўллаб-қувватлаш, ушбу хайрли ташаббус доирасида ҳудудларни ободонлаштириш, кўчат ва гуллар экишни тарғиб этишга қаратилган баёноти қабул қилинди.

Яна бир муҳим жиҳат – бугун, 5 апрель куни Янги Ўзбекистон боғида республикамиздаги 16 та диний конфессия вакиллари иштирокида “Бағрикенглик боғи” ташкил этилди. Албатта, ушбу боғнинг барпо этилиши ҳам атроф-муҳитни ҳимоя қилиш, юртимизни покиза сақлашда муносиб ҳисса қўшиш йўлида ташланган муҳим қадам бўлди. Айниқса, дунёда рўй бераётган иқлим ўзгариши билан боғлиқ глобал муаммолар, фожиалар қаршисида инсониятнинг ожиз қолаётгани, биздан талаб этиладигани неъматларга шукр қилиб, уни асраб-авайлашга туртки беради.