Куни кеча Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида аҳолини уй-жой билан таъминлаш ҳамда яшил майдонларни кенгайтириш чора-тадбирлари муҳокамасига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгилаб берилган топшириқларнинг ўз вақтида сифатли бажарилиши Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси зиммасига ҳам катта масъулият юклайди.

Биз одатда “изчил ислоҳотлар муваффақияти”, иборасини қўллаганда  фикрни аниқ мисоллар билан тасдиқлашга унчалик эътибор бермаймиз. Боиси кундек равшан натижаларни ҳамма кўриб турибди, қайтариш шарт эмас, деб ҳисоблаймиз. Лекин шундай пайтлар бўладики, эзгу жараёнларни ҳар такрорлаганда унинг янги-янги қирралари кашф этилади. Бир қарашда оддий туюлган ҳодисанинг ҳосиласи нақадар улуғворлигини бироз фурсат ўтгандан кейингина ҳис қиламиз.

Кейинги йилларда мамлакатимизда экологик хавфсизликни таъминлаш соҳасида олиб борилаётган кўламли юмушлар хусусида ҳам худди шундай мулоҳаза юритиш мумкин. Президентимиз ташаббуси билан дарахтлар кесилишига мораторий эълон қилиш билан қўр олган ишлар бугун умуммиллий ҳаракатга айланди. Ёшу қари, амалдору ходим, тадбиркору сармоячи – ким бўлишидан қатъий назар табиатдан айро яшаш имконсизлигини идрок этаётир. Бу – атроф-муҳитни аслича асраш, ҳайвонот ва ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш, сув ва ер ресурсларидан мақсадли фойдаланиш масаласи давлат сиёсатига даражасига кўтарилгани шарофати.

Давлатимиз раҳбари яқинда бўлиб ўтган сайловолди учрашувларида ҳам ушбу йўналишнинг умумиқтисодий тараққиёт ва фаровон ҳаёт билан нақадар чамбарчас боғлиқлигини халқимизга содда тилда тушунтириб берди.

Жорий йилнинг 24 августи ва 2 ноябридаги муҳокамалар эса назария ва амалиёт уйғунлигининг, илгари сурилаётган ғояларнинг кундалик турмушдаги инъикоси бўлди. Бунда кампаниябозликка, кўзбўямачиликка йўл қўйилмаслиги алоҳида таъкидланмоқда. Чунки аввал ана шу иллат туфайли ўзимизни ўзимиз алдаб юраверганмиз. Президентимиз Шавкат Мирзиёев ибораси билан айтганда, ўтган йилларда “қоғозда” экилган дарахтларни ҳисобласа, Ўзбекистонда бўш жой қолмаслиги керак эди. Тизим ва қаров бўлмагани учун экилган кўчатларнинг ҳам кўпи қуриб кетди. Бугунги ва келгусидаги экологик вазиятни инобатга олиб, дарахт экишни давлат сиёсати даражасига кўтараяпмиз. Шунинг учун бу умуммиллий лойиҳани пухта тайёргарлик, пули, эгаси, суғориш тизими билан амалга ошириш керак.

Давлатимиз раҳбари алоҳида қайд этганидек, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида йилига 200 миллион туп дарахт ва бута кўчатларини экиш орқали шаҳарлардаги яшил майдонларни амалдаги 8 фоиздан 30 фоизга ошириш режалаштирилди. Бундан буён экология, дарахт экиш ва парваришлаш масалаларига ҳокимларнинг қурилиш бўйича ўринбосари масъул бўлади. Шундан келиб чиққан ҳолда, мамлакатимизда 2 ноябрдан 10 декабрга қадар дарахт экиш бўйича “долзарб 40 кунлик” эълон қилингани экологик хавфсизликни таъминлаш йўлидаги яна бир муҳим тадбирдир, дейишга асослар етарли.

Ҳудудлар кесимида оладиган бўлсак, Жиззах, Қашқадарё, Самарқанд, Сурхондарё, Тошкент вилоятида – 16 миллион тупдан, Андижон, Бухоро, Наманган, Фарғонада – 15 миллион тупдан, Қорақалпоғистон Республиксаси, Навоий, Сирдарё, Хоразмда – 14 миллион тупдан кўчат экилади.

Шу боис, биринчи навбатда, мавжуд ва янгидан барпо этиладиган яшил майдонларга туман ёки шаҳар ҳокимининг қарори билан масъул белгиланадиган бўлди. Улар дарахтларни парваришлаш билан бирга, ушбу ҳудудни обод сақлашга ҳам жавоб беради. Ободонлаштириш бўлимлари махсус техника билан таъминланади, зарур жойларда суғориш тармоқлари барпо этилади. Ушбу савобли ишда ҳар бир ташкилот, ҳар бир фуқаро ўз ўрнини топишига жиддий эътибор қаратиши лозим.

Кўп қаватли уйларга туташ ҳудудлар уй-жой мулкдорларига яшил майдонлар барпо этиш учун бириктирилади ва у ерда қурилиш қилишга рухсат берилмайди. Муассасалар ҳовлиси, маҳаллалар, йўл ва дала четларига ҳам дарахтлар экилади.

Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасига, ҳокимлар билан бирга, ҳар бир ҳудуднинг иқлим шароитига мос кўчатларни кўпайтириш ва етказиб бериш вазифаси қўйилди. Бунинг учун қўмита ҳузурида “Яшил ҳудуд” унитар корхонаси ва ҳар бир вилоятда унинг филиаллари ташкил этиладиган бўлди.

Хўш, ана шу улкан ва келажакка бебаҳо сармоя тариқасида йўналтирилаётган жараёнларда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг ўрни қандай бўлади? Энг аввало, шиддатли замоннинг ўткир талабларидан келиб чиқиб, қўмитанинг ташкилий тузилмаси, ваколат ва вазифалари тубдан қайта кўриб чиқилади. Давр чақириқларига ҳамоҳанг қадам ташлай олмайдиган  бўлинмалар тугатилади.

Эълон қилинган “долзарб 40 кунлик” қўмита раҳбариятидан тортиб, олис туманлардаги оддий инспекторларгача том маънода синов вақтидир. Ана шу имтиҳон экологларнинг сарасини сарага, пучагини пучакка чиқаради. Халқона айтганда, дастлабки ғалвир қирқ кундан кейин кўтарилади.

Буни яхши ҳис қилган қўмита мутахассислари кечадан бошлаб жойларда экишга киришилган қаламча ва кўчатларнинг ҳисобини алоҳида, 2–3 ёшли ниҳол ва буталар ўтқазилишининг ҳисобини алоҳида юритиш баробарида мавжуд дарахтларнинг аниқ хатловига, тегишли ташкилотлар ҳамкорлигида яшил ҳудудларнинг электрон харитасини яратишга киришди. Шунингдек, ҳокимликлар томонидан суғориш тизимини янгилаш, ирригация тармоқлари қуриш, қудуқлар қаздириш ва томчилатиб суғориш тизимини жорий этиш бўйича берилган топшириқлар ижроси ҳам экологлар томонидан мунтазам мониторинг қилиб борилади. Кўчатчиликни ривожлантириш, кам сув талаб қиладиган дарахт навларини кўпайтириш чоралари юзасидан белгиланган ишлар қанчалик сифатли адо этилиши ҳам Давлат экология қўмитаси масъулларининг соҳа олимлари билан ҳамкорликни қай даражада йўлга қўйишига бевосита боғлиқ. Дарвоқе, экиш учун эколог-экспертлар томонидан тавсия этилган 27 турдаги дарахт кўчатларининг қайсилари қайси ҳудудга мос келиши олимлар хулосаси асосида ҳар бир вилоят ва туманнинг иқлим шароитини ҳисобга олган ҳолда танланади. Шунингдек, яшил макон учун танланган жой тупроғи ҳам мутахассислар иштирокида кўриб чиқилади. Шундан кейингина ишга киришилади.

Ўқувчида оддий савол туғилиши мумкин: вилоятлар учун муайян квота тариқасида белгиланган 14–16 миллион донадан кўчатлар “долзарб 40 кунда” экиб бўлинадими? Йўқ, ундай эмас. Бу жараён келаси йил баҳорида ҳам олимлару уста боғбонлар тавсия этган муддатларда изчил давом эттирилади.

Мақсад – жимжимадор рақамлар ортидан қувиб, сохта маълумотлар тақдим этишдан иборат эмас. Бундай ҳолатлар даври ўтди. Муддао – чиндан-да яшил маконлар барпо этиш. Зотан, бугунги ниҳоллар – эртанги тоза ҳаво, демакки, гўзал ҳаёт манбаидир.

Озод Ражабов,

Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза

қилиш давлат қўмитаси раиси маслаҳатчиси.