Мутахассислар маълумотига кўра, бу йил ёзнинг тафти бироз баланд бўлди. Демак, қишнинг ҳам қаҳри қаттиқ келиши эҳтимоли йўқ эмас. Шунинг учун синов мавсуми – куз-қишга пухта ҳозирлик кўриш ва айни кунларнинг ҳар дамидан оқилона фойдаланиш зарур.
Одатда, халқимиз қиш ғамини ёзда кўради. Ахир мавсумнинг беталафот, кўнгилдагидек ўтиши бугунги саъй-ҳаракатларга боғлиқ-да. Шу боис, Навоий вилоятида бу гал ҳам куз-қиш мавсуми юмушларига тараддуд барвақт бошланди.
Бу билан боғлиқ коммунал соҳанинг наинки аҳоли турмуш даражаси, балки жамиятдаги ижтимоий муҳитга ҳам таъсири ғоятда катта. Юртимизда мазкур тармоқнинг самарали фаолият юритишини таъминлаш, бу борада хизмат кўрсатиш бўйича замонавий бозор механизмини шакллантиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Натижада мамлакатимизда уй-жой фондини бошқариш ва ундан фойдаланишнинг мутлақо янги тизими шаклланди.
Бугунги кунда Навоий вилоятида 58 та хизмат кўрсатувчи бошқарув компания фаолият юритиб, улар томонидан ҳудудлардаги барча кўп хонадонли уйларга хизмат кўрсатиляпти. Уларнинг ишига куз-қиш мавсумига кўрилган тайёргарлик, умумий фойдаланиш майдонларининг ободлигига қараб ҳақиқий баҳо бериш мумкин.
— Айни вақтда куз-қиш мавсумига ўтган йилда йўл қўйилган камчиликлар ва кузатилган муаммолардан хулоса чиқарган ҳолда тайёргарлик олиб бормоқдамиз. Айниқса, кўп қаватли уйлар бўйича алоҳида чора-тадбирларни амалга оширяпмиз. Ҳар бир уй ўрганилиб, нуқсон далолатномалари тузиб чиқилди ва шу асосида таъмирлаш, тиклаш ишларини бошладик. 364 та кўп қаватли уйда мавжуд камчиликлар тезда бартараф этилади. Куз-қиш мавсумига тайёгарлик доирасидаги ишлар учун бу йил 45 миллиард сўмга яқин маблағ йўналтириш кўзда тутилган. Шунингдек, бошқарув компаниялари ва бошқа ташкилотлар ҳисобидан ҳам маблағ ажратилиши режалаштирилган. Жараёнлар 1 октябрга қадар якунланиши белгиланган, — дейди вилоят Қурилиш ва уй-жой комунал хўжалиги бошқармаси бошлиғи ўринбосари Нуриддин Жуманиёзов.
Навоий шаҳридаги “Хумо-Зилола барҳаёт” профессионал бошқарув компанияси 101 та уй, 6 442 та хонадонга хизмат кўрсатади. Компания ўзини ўзи оқламаган 6 та ширкатни бирлаштирган ҳолда 2021 йилнинг август ойида фаолиятини бошлаган эди. Бугунги кунда 14 560 нафар аҳолига 40 га яқин хизмат турини кўрсатиб келмоқда. Шунингдек, компания ўз ҳудудидаги уй бошқарувчиларига аҳолидан коммунал тўловларни ўз вақтида тўлашларини тарғиб қилиб, аҳоли орасида мунтазам тушунтириш ишлари олиб бормоқда.
— Компаниямизда 110 нафар ишчи-ходим меҳнат қилади ва 24 соатлик дистпетчерлик хизмати йўлга қўйилган. Бу дегани, мурожаатлар туну кун қабул қилинади. Кўп қаватли уйларни куз-қиш мавсумига тайёрлаш бўйича ҳам ишлар қизғин давом этмоқда. Жумладан, “Жанубий” маҳалласидаги 21 та кўп қаватли уйнинг том қисми ва ертўласи мукаммал таъмирланди. Эскирган қувурлар янгисига алмаштирилмоқда. Босқичма-босқич хизмат кўрсатиш сифатини янада оширмоқдамиз, — дейди “Хумо зилола барҳаёт” профессионал бошқарув компанияси раҳбари Жаҳонгир Қодиров.
Куз-қиш тадоригини бугундан кўриш, эртанги кун ҳаловатини таъминлайди. Зеро, бугунги ҳар бир ҳаракат мавсумни самарали ўтказишга ўз вақтида яратилган имкониятдир. “Иссиқлик манбаи” давлат унитар корхонаси Навоий филиали 1242 та кўп қаватли уйга, хусусан, Навоий шаҳри ҳудудидаги 738 та кўп қаватли уй ва 24 та ётоқхонани иссиқлик билан таъминлайди. Корхона тассаруфида 430 километр иссиқлик тармоғи бўлиб, шундан 230 километрдан зиёди Навоий шаҳрига тўғри келади. Куз-қиш мавсумига тайёргарлик жараёнида корхона томонидан 11 километр иссиқлик тармоғини мукаммал таъмирлаш кўзда тутилган эди. Ҳозиргача 90 фоизга яқин иш бажарилди. Корхона ходимлари томонидан олис ҳудудлардаги қозонхоналарда ҳам жорий ва мукаммал таъмирлаш ишлари жадал олиб борилмоқда.
Яширишнинг ҳожати йўқ, авваллари коммунал хизмат соҳасидаги муаммолар аҳоли, хусусан, кўп қаватли уйларда истиқомат қилаётган одамларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётганди. Айниқса, қиш фаслида охирги қаватдаги хонадонлар эгаси томдан сув ўтишидан азият чекса, пастки қаватдагилар ертўладаги бадбўй ҳиддан нолишарди. Бундан ташқари, иссиқ ва совуқ сув тармоқларидаги носозликлар, иситиш тизимида камчилик юзага келиши оддий ҳолга айланиб қолган эди. Бугун бундай ҳолатларни деярли учратмайсиз, ижобий ўзгаришлар салмоқли. Кармана туманидаги “Сардоба” маҳалласи аҳолиси ҳам бундан 5–6 йил олдинги ачинарли аҳволни яхши эслайди.
— Шу маҳаллада қирқ йилдан буён истиқомат қиламан. Уйларимиз ҳам, коммунал тармоқлар ҳам жуда таъмирталаб ҳолатга келганди. Айниқса, кўп қаватли уйларнинг том қисми буткул яроқсиз бўлиб қолган ва ёғингарчилик кунларида томчи ўтарди. Сўнгги йилларда вазият бутунлай ўзгарди, уйларимизнинг том қисми тўлиқ таъмирланди ва бошқа муаммолар ҳам ҳал этилди. Яратилаётган қулайлик ва шароитлардан аҳоли жуда ҳам мамнун ва мамлакатимизда, жумладан, туманимизда ҳам инсон қадри нақадар улуғланаётганини кўз билан кўриб, ҳаётимизда ҳис қилиб туримбмиз, – дейди меҳнат фахрийси Фарҳод Ўроқов.
Чиндан ҳам, сўнгги йилларда куз-қиш мавсумига тайёргарлик жараёнига жиддий эътибор қаратилаяпти ва бу йил ҳам ишлар жадал тус олган. Уларнинг қанчалик сифатли, пишиқ-пухта бажарилганини эса вақт кўрсатади. Куз-қиш мавсумини беталафот ўтказиш унинг синовларига қанчалик пухта ҳозирлик кўрилганига боғлиқ. Ана шунда қиш ўчоғи тор бўлиб қолмайди.
Ғолиб АБДУСАЛОМОВ,
“Янги Ўзбекистон” мухбири