Бу ҳақда
Қонун «тамакисиз авлод»ни шакллантиришни мақсад қилади. Ҳужжат кучга киргач, ҳукумат тамаки ва никотин маҳсулотларини, жумладан, вейпларнинг таъми ва қадоқланишини ҳам тартибга солиш ваколатига эга бўлади.
Шунингдек, вейпдан фойдаланиш болалар бор автомобилларда, болалар майдончаларида, мактаблар ва шифохоналар атрофида тақиқланади. Бироқ у очиқ жойларда, масалан, касалхона ташқарисида чекишни ташлашга ҳаракат қилаётганлар учун рухсат этилади.
Янги чекловлар ресторан ва паб ҳовлилари, пляжлар ёки хусусий очиқ ҳудудларга татбиқ этилмайди. Фуқаролар ўз уйларида чекиш ва вейпдан фойдаланишда давом этиши мумкин.
Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ҳимоя вазири Уэс Стритинг ушбу ислоҳотни «миллат саломатлиги учун тарихий қадам» деб атади. Унинг таъкидлашича, мазкур чоралар одамлар ҳаётини сақлаб қолишга ва соғлиқни сақлаш тизимига тушадиган босимни камайтиришга хизмат қилади.
Мутахассислар фикрича, бу қонун сўнгги ўн йилликлардаги энг йирик жамоат саломатлиги ташаббусларидан бири бўлиши мумкин.