Бухоро шаҳрнинг Ҳофиз Таниш Бухорий, Зулфия, Қаюм Муртазоев, Иброҳим Мўминов ва Саноатчилар кўчаларига туташ ҳудудларда самарасиз ётган 83 гектар майдонда «Bukhara City» мажмуаси барпо қилиняпти. Бунда кенг қамровга эга лойиҳа менежери сифатида Туркиянинг «Studio Vertebra» компанияси билан ўзаро тенг манфаатли ҳамкорлик шартномаси имзоланган.
Лойиҳанинг жами қиймати 550 миллион долларини ташкил этади. Унда 24,9 гектарда 38 та лотдан иборат турар жой (биринчи ва иккинчи қаватларида тижорат объектлари) биноси, 6,6 гектардан иборат 12 та лотда замонавий меҳмонхоналар, 3 гектар майдонда банк ва офис бинолари, 1,7 гектардан иборат 5 та лотда халқ таълими муассасалари, 5,3 гектарда спорт комплекси, тиббиёт клиникаси ва бошқа турдаги ижтимоий объектлар (музей, илмий марказ, кутубхона, ёшлар маркази) ўрин олиши белгиланган.
Шунингдек, лойиҳага кўра Бухорода илк бор 1,1 гектар майдонда 32 қаватли бино, 1,7 гектарда экспомарказ ҳамда 1,4 гектарда технопарк ҳам айнан ушбу ҳудудда қурилиши кўзда тутилган. Бундан ташқари, 26 лотда 1 минг 810 та хонадонга мўлжалланган турар жой биноси, 5,3 гектар ерда 2 мингдан ортиқ иш ўрни яратилиши кутилаётган муҳташам савдо комплекси, ҳар бири 150 ўринга мўлжалланган замонавий меҳмонхоналар, 80 ўринли мактабгача таълим муассасаси ва кафе бинолари учун ер майдонлари ажратилган. Ҳозирда АҚШ, турк, рус, корейс инвесторлари билан бир қаторда 14 та маҳаллий тадбиркорлик субъекти — инвесторлар ҳудудда ўз лойиҳасини амалга оширишга киришган.
Жорий йил 1 октябрь ҳолатига, «Bukhara City» лойиҳасига тегишли 73 объектнинг 36 таси, яъни 49 фоизи тадбиркорларга сотилган. Қолган объектлар бўйича хорижий инвесторлар билан музокаралар олиб бориляпти.
Мухтасар айтганда, ўзининг буюк тарихи, қадимий обидалари билан жаҳон оммасини ўзига қаратган навқирон Бухоро бугун ишбилармонлар учун имконият эшикларини очмоқда, деб хабар беради «Дунё» АА.