Баланд, қадимий миноралари билан инсониятни маҳлиё қилиб келган Самарқанднинг такрорланмас сўлим табиати ҳам азалдан эътироф этиб келинади. Хусусан, Заҳириддин Муҳаммад Бобур ўзининг “Бобурнома” асарида Самарқандни бундай тасвирлайди: “Рубъи маскунда Самарқандча латиф шаҳр камроқдур. Бешинчи иқлимдиндур”. “Узуми ва қовуни ва олмаси ва анори, балки жамиъ меваси хўб бўлур”.

Ўша даврда серҳосил боғлари кўркига кўрк қўшиб турган Самарқандни бошқача таърифлаб ҳам бўлмасди.

Самарқанднинг турли мевалари, айниқса, қатор хорижий давлатларга экспорт қилинадиган узуми, ундан тайёрланадиган майизи дунё бозорида ўз харидорларига эга. Бугун сўлим гўша ўзининг зироатчиликдаги обрўсини тиклаётир.

Яқин ўтмишда нафақат Самарқанд, балки мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги ерларига ёппасига пахта, ғалла экилди. Ҳудудларнинг иқлим шароити, табиий имконияти инобатга олинмади. Соҳага оқилона, эътибор билан ёндашилмагани туфайли кўплаб серсув, унумдор ерлар қақраган чўл, фойдаланилмайдиган қир-адирга айланиб қолди. Оқибатда турли экологик муаммолар юзага келди.

Шу боис, кейинги йилларда фойдаланишдан чиқиб кетган ерни яна ҳосилдор боғ, узумзорларга айлантириш, янгича ёндашув, аграр соҳадаги инновацион технологияларни ишга солган ҳолда каррасига кўп даромад олиш учун жадал суръатда, қизғин ишланмоқда.

Хусусан, давлатимиз раҳбарининг ўтган йили 30 сентябрдаги “Республикада агросаноат соҳасига янги бозор механизмларини жорий этиш ҳамда саноатлашган боғ ва токзорларни барпо қилишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан мамлакатимиздаги тоғолди қир-адирликларда ҳамда эскирган тизимдан фойдаланадиган, иқтисодий даромад келтирмай қўйган, самарасиз боғлар ўрнида янги интенсив, ҳосилдор боғ ва узумзорлар барпо этиш ишлари бажарилмоқда.

Янгиланаётган зироатчилик масканларида оддийгина боғ ва узумзорлар ташкил этиш пировард мақсад қилиб қўйилмаган. У ерда замонавий агротехника воситалари, соҳадаги илм-фан ютуқларидан фойдаланиб, том маънода ҳосили кўп боғ ва узумзорлар яратилади. Ҳудуднинг ўзида маҳсулотни экспортга тайёрлаш, қайта ишлаш, қадоқлаш корхоналари, сақлаш учун зарур шарт-шароит ҳозирланиб, йирик агросаноат хабига айлантириш кўзда тутилмоқда.

Албатта, бу ислоҳотлар, аввало, маҳаллий аҳоли бандлигини таъминлаб, турмушини янада фаровонлаштиради, қолаверса, мамлакатимизнинг ишлаб чиқариш, экспорт салоҳиятини ошириб, катта даромад келтирадиган тармоққа айланади.

Айримлар қишлоқ хўжалигидан даромад орттириш даври ўтганини айтади. Аммо бу соҳа илм-фан, инновацион технологияларни жорий этган ҳолда саноат даражасига кўтарилса, мамлакат иқтисодиётига улкан ҳисса қўшади. Зеро, инсоннинг табиий озиқовқат маҳсулотларига эҳтиёжи йўқолмас экан, бу соҳа ҳам иқтисодиётнинг сердаромад, жозибадор тармоқларидан бири бўлиб қолаверади. Шунингдек, кейинги йилларда табиий тоза маҳсулотга дунё бозорида талаб кучайиб бормоқда.

Шу боис, жойларда фармон ижросини таъминлаш ишлари фаол давом эттирилмоқда.

Биргина мисол: табиати, иқлим шароити боғдорчиликка мутаносиб Булунғур туманининг бўш ётган 400 гектар қир-адирида узумзор ташкил этиляпти.

Айнан мана шу ҳудуднинг танланишига сабаб 40-50 йил илгари бу ерда ҳосили мўл токзорлар мавжуд бўлганидир. Насиб бўлса, деҳқонларимизнинг пешона тери ҳамда аграр соҳа илмидаги ютуқлар самараси ўлароқ, яқин йилларда ҳудудда етиштирилган узум, майиз, биринчи навбатда, ички бозорни тўлдиради, кейин хорижий мамлакатларга экспорт қилинади.

Айни пайтда ҳудудда экин экиш учун ерни тайёрлаш, ёмғир суви йиғиладиган ҳовузлар ковлаш, томчилатиб суғориш иншоотлари барпо этиш ишлари қизғин бажарилмоқда.

Истиқболли лойиҳа ҳозирдан одамларга фойда келтира бошлади. Яъни ерни тайёрлаш ишларида 50 га яқин одамнинг бандлиги таъминланди. Бу элликта хонадоннинг ҳаёти яхшиланади, уй эгалари оила тебратиш учун чет эл ёки олис шаҳарларга бормайди, энди ўз маҳалласи ҳудудида, оиласи, фарзандлари олдида ишлаб даромад топади, дегани.

Жорий йилдан унумдор тупроғи, иқлими, табиий шароити мева-сабзавот, узум етиштиришга қулай Булунғур тумани ҳудудида ғалла экиш буткул бекор қилинди. Энди туманда мева-сабзавот етиштириш ҳажми кўпайтирилади. Бу билан қанчадан қанча одамнинг бандлиги таъминланади. Даромади икки-уч карра кўпаяди.

Бу қарорга ўз-ўзидан келинмади. Таққослаб кўрилганда ҳудуддаги бир гектар ердан олинган пахта, ғалла ҳосили бир кило гилос нархидан анча паст бўлаётгани ойдинлашди.

Қир-адирларда боғ ва токзорлар барпо этиш ишлари “кўчат ўтқазиб кўрайлик, унса униб қолар, бўлмаса йўқ” қабилидаги таваккалчилик билан қилинаётган юмушлар эмас.

Аввало, танланган ҳудуднинг иқлими, табиий шароити ўрганилиб, давлатимиз томонидан йўналтирилаётган имтиёзли кредит, субсидия маблағи билан махсус лабораторияларда етиштирилган ёки хориждан олиб келинган кўчатлар танлаб олиниб, ўтқазиляпти. Замонавий сув иншоотлари, суғориш тармоқлари барпо этилмоқда. Бу саъй-ҳаракатлар натижасида ҳосилдорлик икки-уч баробар оширилиши кўзда тутилмоқда. Қисқаси, барчаси тизимли равишда илм-фан ютуқлари, деҳқонларимизнинг кўп йиллик тажрибасига таянган ҳолда йўлга қўйилаётир.

Илм ва тажриба уйғунлиги самара беради

Халқимизда “Нима эксанг, шуни ўрасан” деган нақл бор. Шунинг учун ҳам барпо этилаётган ва янгиланаётган боғларга сифатли, унумдор кўчатлар етказиб бериш ҳам муҳим. Бу борада юртимиздаги янги истиқболли навларни етиштираётган, сертификатга эга юздан ортиқ кўчатчи интеграция қилинди ва янги боғлар учун кўчат тайёрлаш топшириғи берилди. Айни пайтда улар сифатли кўчат етиштиришга киришган. Ниҳолларни сотиб олаётган деҳқонларга енгиллик бўлиши учун давлат томонидан субсидия ажратиляпти. Унга кўра, деҳқонларнинг кўчат учун сарфлаган харажатининг муайян қисми ўзига қайтариб бериляпти.

Бундан ташқари, юртимиздаги махсус “ин-витро” лабораторияларида ҳам янги, ҳосилдор, интенсив боғлар, узумзорлар учун кўчатлар етиштирилмоқда. Лабораториялар да кўкартирилаётган ниҳоллар совуққа чидамлилиги, турли касалликларга чалинмаслиги билан оддийларидан фарқ қилади. Энг асосий хусусияти — улардан ҳосилдорлиги икки-уч баробар баланд.

Шундай замонавий технологиялар асосида кўчатлар тайёрланаётгани мамлакатимизда аграр соҳа тараққий этиб бораётганидан дарак беради. Илгари бундай кўчатларнинг барчаси хориждан катта маблағ эвазига олиб келинарди. Ўзимизнинг лабораторияларда тайёрланаётган кўчатлар арзон, сифатли ва ишончли. Айни шундай лабораторияларнинг бир нечтаси Самарқанд вилоятининг Жомбой туманида ҳам ташкил этилган. Унда олма, ўрик, писта, бодом, узумнинг ўндан ортиқ тури интенсив кўчатлари тайёрланмоқда. Шунингдек, ушбу лабораторияларда хориждаги “ин-витро” лабораторияларида етиштирилган кўчатларнинг тупроқ-иқлим шароитига мослиги ҳам синовдан ўтказиляпти. Жумладан, тумандаги лабораториялардан бирига Испаниядан келтирилган 34 хил узум нави синов тариқасида ўтқазилди. Бир оз муддатдан сўнг навларнинг 14 таси иқлим шароитимизга мослиги аниқланди. Энди улар очиқ майдонларга экиляпти.

Хўш, лабораторияларимизда сифатли, ҳосилдор навли кўчатларимиз бор экан, хориждан келтирилган янги навларнинг ўзлаштирилишига қандай эҳтиёж бор?

Бу амалиёт бизга биохилма-хилликни таъминлаш, узум навларининг тури ва сифатини кўпайтириш, халқимиз дастурхонини сархил узумлар билан тўлдириш имконини беради.

Пойдевори мустаҳкам иморат қуламайди, деганларидек, сифатли кўчатлар экилган интенсив боғ ва узумзорлардан экспортбоп, олий навли маҳсулот олишимиз тайин. Бу эса, ўз навбатида, аграр соҳа ривожига ҳисса қўшиб, тармоқдан мўмай даромад қилинишига замин ҳозирлайди.

Чумчуқдан қўрққан тариқ экмайди

Яхшидан боғ қолади, дея қир-адирларда замонавий интенсив боғлар барпо этишга ҳисса қўшишни истаган тадбиркорларимизга ер участкаси боғ ва токзорлардан фойдаланиш ҳуқуқи билан бирга 30 йил муддатгача ижарага берилади. Сабаби боғ яратиш икки-уч кунда қилинадиган, бирикки йилда тўлақонли фойда келтирадиган соҳа эмас. Биргина ниҳолни ерга қадаганингиздан сўнг уни мева бергунча бир неча йил тагини юмшатиб, суғориб, озуқасини бериб парваришлашингизга тўғри келади. Энди биргина дарахт эмас, бутун бошли боғ яратишнинг машаққатини тасаввур қилаверинг. Шу боис, фармонга биноан, тадбиркорлар узоқ муддат давлатимиз томонидан қўллаб-қувватлаб турилади. Яъни тадбиркорларга 3 йиллик имтиёзли давр билан 7 йилга кредит ажратилиши белгиланган. Шунингдек, фаолиятида томчилатиб суғориш технологияларини жорий этган тадбиркорлар учун узоқ муддатли субсидиялар ажратилади.

Бундай имкониятлардан, албатта, меҳнатдан қочмайдиган, ерни, деҳқончиликни севадиган тадбиркорларгина фойдалана олади. Чунки миришкорликнинг оғир машаққатига ҳамма ҳам бардош беролмайди. Агар тадбиркор ерни олиб, 12 ой давомида ҳудудда янги боғ барпо этмаса, 3 баробар кўп ер солиғи тўлайди ҳамда ерни бошқа тадбиркорга ўтказиш чораси кўрилади. Ушбу лойиҳа доирасидаги ишлар тўлиқ ҳисоб-китоб қилинган ҳолда аниқ тизимлаштирилган тарзда бажарилмоқда.

Ушбу ислоҳотлар барча ҳудудларда амалга оширилиб, 2024-2025 йилларда республикамиз миқёсида 43 минг гектар майдонда янги ҳосилдор боғ ва узумзорлар барпо этиш режалаштирилган. Шундан энг кўпи — 6500 гектари Самарқанд вилояти ҳудудига тўғри келади.

Чумчуқдан қўрққан тариқ экмайди, дейишади. Миришкорларимиз анча баланд маррани кўзламоқда. Ушбу режа бажарилиши мамлакатимизнинг кўпгина ҳудудлари яшилликка бурканишини билдиради. Бу эса, ўз навбатида, юртимиз экологик муҳити, табиати яхшиланишида ҳам муҳим аҳамият касб этади. Мазкур ишлар уддаланиши биргина аграр соҳанинг эмас, балки бутун давлат ва жамиятимиз ютуғи бўлади. Чунки бу халқимиз дастурхони янада тўкин бўлиши қаторида аҳоли бандлигини таъминлаш орқали турмуш даражасини яхшилаш, дунё бозорида маҳсулотларимиз ўз ўрнини янада мустаҳкамлашига хизмат қилади.

Санжар ЭШМУРОДОВ,

“Янги Ўзбекистон” мухбири