“Кўклам қуёшидан кўкарган қирлар”
Агар шоирни айбситмоқчи бўлсангиз, “ака, қир эмас, қирдаги майсалар кўкаради”, дердингиз. “Ғализ” мисраси учун ўзбекнинг куйчи шоирини уялтиришингиз мумкин эди. “Шундайликка шундайку-я, – дерди шоир хижолат чекиб, – лекин, назаримда қирларнинг ўзи кўкариб-ўсгандек, кўкайим шундай деб юборди, нима қилай, шу қоғозга тушди, холос”.
Сиз ҳам жуда совуққон бўлманг. Баҳор сеҳри шоир қалбини тўлқинлантирган-да.
Ёки хассос шоир “силкинади қирлар елкаси” дебди. “Қирларнинг ҳам елкаси борми, зилзила бўляптими, нега силкинади?” деб койисангиз бўлади. Мисол, Йўлдош Эшбек ўрнида мен: “Ҳис қилинг-да, кўкламда биринчи бор шаҳардан қишлоғингизга пойи пиёда келмоқдасиз. Жигарлар, ота-она ҳузурига шошилмоқдасиз, табиийки, шошиб, соғиниб, тез, балки лўкиллаб йўртиб бормоқдасиз. Қирларга ҳам ҳарислик билан термуласиз. Не ажабки, қирлар ҳам босиқлик билан аввалгидай жойида ястаниб ётмай, шоир сингари лўкиллайдилар, силкинадилар. Буни англанг, юракдан туйинг, холос. Бу ҳолатда реаллик, аниқлик панд беради, қалбга, шоир кўнглига бирпас ошнолигингиз кифоя қилади” дея изоҳ бераман.
Ҳар биримиз баҳорни соғинамиз.
Албатта, соғиндик. У – келди.
Гуллар, дарахтлар, сувлар, тоғлар, адирлар, қирлар ва уларни туйган кўнгиллар шаклида. Сурур, ўзига яраша сармастлик эгаллайди Сизни.
Қизиқ, ҳарорат қизий бериб, табиатдан дарахт гуллари кетиб, мева тугиб, улар ҳам пишгач, бу кайфият одамзот қалбини тарк этади. Табиат яна бир туғилиб, ривожланиб, улғайиб, куз ва қишда тағин қариб-кексайгандек. Лекин одам боласи баҳорни қўйиб юборгиси келмайди, тўғрироғи, баҳор уни ташлаб кетишини хоҳламайди.
“Вафо қилармисан, баҳорим!”
Яна шоирни надомат қила кўрманг. Чунки шоир бари бир она табиатдан, Яратган эгамнинг соҳир фаслидан инжа бир илинж кутаётир. Бу унинг айбими ахир?
Биздан тобора олислаб кетаётган болалигимиз маконларини қўмсаймиз. Борганда ўзингнинг гўдаклигинг, ўсмирлигингни эслатувчи бошқа бир авлод худди ўша адирларда мол боқяпти, футбол ўйнаяпти, қир ортидаги пана майдонда кўпкари чопяпти. Булар ўзга замон болалари. Энди улар оқсуяк, чиллак, оқ теракми-кўк терак, ланка, қизлар моҳмак, чақимтош ўйнамаяптилар. Гўдак қизчалар ҳам чўпдан қўғирчоқ ясаб, кийинтириб, “хола-хола” ўйнамайдилар. Онаси болаларига бугун жуқмо, яъни ғилминди пиширамиз, жар бўйидан лошакаррак (қуш қўнмас) чўпларидан териб келинглар, атала қайнатамиз, деса энсалари қотади. Аслида биз учун бу бир эрмак эмас, алоҳида байрам эди. Атала, яъниким сут, ун, қанд қўшилган суюқ овқатни тагига олиб кетмаслиги учун бир соат мобайнида тинимсиз капгирда қўзғаб туриш ҳам биз учун алоҳида завқли машғулот эди. Атала тагида қолган қирмоч эса энг мазали, талашиб ейдиган овқатимиз эди. Онажонимиз ичига атала солиб тайёрланган юпқани тўрт буклаб, сўнгра уни эритилган сариёққа бир ботириб, товоққа тортиши... Оҳ, қўя беринг, бу куннинг шавқини.
Тўйимли, мазали таом. Наврўз кунини оқсоқол эълон қилганида ҳам, масалан: “Улжон, Шарапат, Кунсулув — ҳар биринг ўттизтадан ғилминди; Робия — бир қозон маккайи гўжа; Санам, Рўзи — пидина пичак; Сарвар чеча – уч кило гуручдан самарқани ош, сабзи қизил бўлсин; қирги овулнинг келинлари — ярим кастрюлдан тўртта сумалак; янги келинлар – иккитадан қатлама, иккитадан патир; бизди келинлар – ... бор-ку... айрон ошди уйиб тайланглар... Чўпон сайлаймиз, талабгоринг чиқабер”, дейди. Ва шу ерда кўп масалалар ҳал бўлади. Ҳамон шундай.
Чекка бир қишлоқнинг наврўзи.
Кўп нарса ўзгарган. Одамлар бошқа. Бизни ҳаяжонлантирувчи нарсалар энди ундай эмас. Чавандознинг ҳайқириғи ҳам.
Чавандоз молни сўкмайди. Рақибини ҳақорат қилмайди. Авжи қўзиганда, улоқни кўтарганида “чув, жонивор!” деб ҳайқиради.
Ҳозиргилар устомонроқ. Ўзини авайлаброқ ўйин кўрсатади. Авомликдан холи.
Лекин ўша-ўша ёввойи ҳайқириқлар. Қўшработнинг тоғлари титраб кетади. Олчалар гул тўкади. Қизлар рўмолини тишлайди. Биялар белида оғриқ қўзғалади. Эҳтимол туғилажак тойчоғи Ғиркўк ёки Бойчибор бўлишини хоҳлар...
Борлиқ уйғониб бўлган. Шоирлар қалби титроқда. Ҳамма ёқда яшариш. Тирикчилик ғимир-ғимири. Кексалар ҳам кийимларини алмаштириб, эскиларини ювдирган, момолар ҳам келинлик пайтини эслаб, қатиқда бош ювиш пайида...
Болалар эса варракларини ким баландроқ учириш завқида, қирларни бошига кўтариб югуришади, қичқиришади. Энтикасан, заминни ҳам, осмонни ҳам қучгинг, бошингга кўтаргинг келади.
Бугун ҳаммамиз болага айландик.
Келган баҳор ҳам... худди бултургидек болалик баҳори!..
“Ҳар баҳор ҳам шу бўлар такрор...”
Собир ЎНАР,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, ёзувчи