Бухоро давлат университетида ҳам ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар ана шу ёндашув асосида ташкил этилиб, талабаларнинг таълим олиши билан бир қаторда бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, ижодий ва интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқариш, спорт билан мунтазам шуғулланиши, ижтимоий ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва муаммоларини манзилли ҳал этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мазкур йўналишдаги ишлар тизимли мувофиқлаштирилган.
Университетимизда 2026/2027 ўқув йилида кундузги таълим шаклида 10 минг 194 талаба таҳсил олмоқда. Улар учун зарур ижтимоий ва маиший инфратузилмани ривожлантиришга катта эътибор қаратилган. Таълим жараёнини ташкил этиш учун 6 та ўқув биноси мавжуд бўлиб, уларнинг умумий қуввати 7360 ўринни ташкил этади. 7 та талабалар турар жойи, жумладан, 1 та давлат-хусусий шериклик асосидаги талабалар турар жойи фаолият юритмоқда. Уларда 2765 та ўрин мавжуд.
Шунингдек, 6 та спорт зали ва 22 та спорт майдончаси, 8 та ахборот-ресурс маркази ҳамда 870 ўринли 7 та овқатланиш маскани талабаларга хизмат кўрсатмоқда.
Умуман олганда, университетимизда талабаларнинг нафақат аудиторияда, балки аудиториядан ташқарида ҳам қобилиятини намоён этиши учун имконият яратишга устувор аҳамият қаратилмоқда.
Ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш масаласига тизимли ёндашилмоқда. Бунинг учун талабаларнинг қизиқиши ва истеъдодини ривожлантириш учун 135 та тўгарак ва секция фаолияти йўлга қўйилган. Уларга 7435 талаба жалб этилган. 2025/2026 ўқув йили давомида турли танлов, мусобақа ва фестиваллардан иборат 325 та тадбир ташкил этилиб, уларда 3274 талаба иштирок этди. Ўқиш даврида меҳнат фаолияти билан шуғулланаётган талабалар сони 321 нафарни ташкил этмоқда.
Энг муҳими, ёшларнинг ташаббусини қўллаб-қувватлаш фақат университет миқёсидаги тадбирлар билан чекланиб қолмаяпти. Талабалар халқаро ва республика миқёсидаги танлов, мусобақа ва фестивалларда ҳам фаол қатнашиб, жумладан, 627 нафари совринли ўринларни эгаллаган. Бу рақамлар ортида истеъдодини намоён этаётган, ўз устида ишлаётган ва мамлакатимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшишга интилаётган минглаб ёшларнинг изланиши мужассам.
Университетимизда ёшлар билан ишлаш тизимида тадбирларнинг мазмуни ва амалий натижадорлигига алоҳида эътибор қаратилмоқда. 2026 йил давомида университет ташаббуси билан 8500 дан зиёд тадбир ташкил этилди. Улар жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, ОИВ/ОИТС ва гиёҳвандликка қарши курашиш, коррупциянинг олдини олиш, терроризм ва экстремизмга қарши мафкуравий иммунитетни шакллантириш, ватанпарварлик, маданият, маърифат, спорт ва соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш каби кўплаб йўналишларни қамраб олди. Беш муҳим ташаббус доирасида эса 521 тадбир ўтказилиб, ёшларнинг маданият ва санъат, спорт, ахборот технологиялари, китобхонлик ҳамда бандлик йўналишларидаги фаоллиги оширилди.
Ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этишда спортнинг ўрни беқиёс. Бухоро давлат университетида 2026 йил 12 сентябрга қадар 120 дан ортиқ спорт тадбири ўтказилиб, ҳафтасига ўртача 7-8 та спорт тадбирини ташкил этиш тизими йўлга қўйилди.
Талабалар лигасида университетнинг йигитлар жамоаси 2024, 2025 ва 2026 йилларда кетма-кет учинчи марта чемпионликни қўлга киритди. Қизлар жамоаси эса иккинчи ўринни эгаллади. Талабаларимизнинг халқаро майдондаги иштироки ҳам эътиборга лойиқ. Жумладан, волейбол бўйича талабаларимиз халқаро мусобақаларда Ўзбекистон шарафини муносиб ҳимоя қилиб келмоқда.
Ёшларнинг спортга қизиқишини янада ошириш мақсадида чоршанба куни “Спорт куни”, пайшанба куни эса “Ёшлар куни” сифатида йўлга қўйилди. “Зиёрат веломарафони”, “Ректор кубоги” каби лойиҳалар ёшларни соғлом турмуш тарзига кенг жалб этмоқда.
“Янги Ўзбекистон талабалари олимпиадаси” республика финалида Бухоро давлат университетининг 77 талабаси иштирок этгани ҳам университетда спорт захирасини шакллантиришга берилаётган эътибор натижасидир.
Ёшларнинг интеллектуал ва ижодий салоҳиятини рўёбга чиқариш Бухоро давлат университетида ёшлар ишларининг устувор йўналишларидан. Талабалар республика ва халқаро миқёсдаги турли танловларда муносиб натижаларга эришиб келмоқда. “Маърифат майдони” танловининг финал босқичида университетнинг “Ирфон” жамоаси учинчи ўринни эгаллаб, 20 миллион сўмлик мукофот билан тақдирланди.
“Ёшлар — гиёҳвандликка қаршимиз!” танловида “Умид” жамоаси учинчи ўринни қўлга киритиб, 100 миллион сўмлик мукофотга сазовор бўлди. Шунингдек, “Амир Темур ворислари” танловида учинчи, “Тўмарис издошлари” танловида эса иккинчи ўринга муносиб кўрилди. Бундай натижалар ёшларнинг билими ва истеъдодини намоён этиш учун яратилаётган имкониятлар билан бирга уларнинг ўз устида ишлашга интилиши тобора кучайиб бораётганидан далолат беради.
Ёшлар билан ишлашда уларнинг ижтимоий муаммоларини ўрганиш ва манзилли ҳал этиш алоҳида аҳамият касб этади. Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 28 январдаги тегишли қарорига асосан февраль-июнь ойларида 165 талабага 40 миллион 750 минг сўм миқдорида субсидия ажратилди. Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда ижтимоий фаоллигини ошириш мақсадида ҳамкор ташкилотлар билан 40 дан ортиқ маънавий-маърифий ва профилактик тадбир ташкил этилди. Ёшларнинг мурожаатларини тезкор қабул қилиш ва муаммоларини ўрганиш учун махсус телеграм-бот ишга туширилди. Бундай ёндашувдан асосий мақсад талабаларнинг ўз муаммоси билан ёлғиз қолиб кетмаслигини таъминлашдир.
Ёзги таътил даврида ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этишга қаратилган “Долзарб 90 кун” лойиҳаси доирасидаги ишлар ҳам изчил давом эттирилди. Жумладан, ёшларни спорт, маданият, ижодкорлик ва жамоатчилик тадбирларига кенг жалб этиш, ижтимоий фаоллигини ошириш ҳамда соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишга алоҳида эътибор қаратилди.
Мазкур ташаббуслар университетда йўлга қўйилган “Ёшлар куни”, “Спорт куни”, веломарафонлар, спорт мусобақалари ва маънавий-маърифий учрашувлар билан уйғунлаштирилди. Бу эса ёзги таътил даврини ёшлар учун шунчаки дам олиш эмас, балки янги билим, кўникма ва тажриба орттириш даврига айлантиришга хизмат қилди.
Бугун ёшлар билан ишлаш самарадорлигини фақат ўтказилган тадбирлар сони билан баҳолаш етарли эмас. Асосий мезон тадбир ва лойиҳанинг талабалар ҳаётидаги амалий натижаси, хусусан, дунёқараш, билим, касбий ривожланиш, соғлиқ ва ижтимоий фаолликка кўрсатган таъсиридир. Шу нуқтаи назардан, Бухоро давлат университетининг ёшлар билан ишлаш тизимида тадбирларни мазмунан бойитиш, профилактик ишларни манзилли ташкил этиш, талабалар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, кафедралар фаолиятини рағбатлантириш, рақамли имкониятлардан фойдаланиш ва ёшларнинг индивидуал эҳтиёжларига эътибор қаратиш каби йўналишларга устувор аҳамият берилмоқда.
Келгусида “Китобхон талаба”, “Менинг ташаббусим”, “Ҳалоллик ҳафталиги”, “Ҳуқуқ билимдонлари”, “Янги Ўзбекистон бунёдкорлари”, “Чемпионлар мактаби” каби лойиҳаларни кенгайтириш, спорт захирасини мустаҳкамлаш, талаба қизларнинг илм-фан, инновация ва ижтимоий ҳаётдаги иштирокини ошириш кўзда тутилган. Чунки бугун университет аудиториясида таҳсил олаётган ёшлар эртанги куннинг олимлари, педагоглари, муҳандислари, тадбиркорлари, давлат ва жамият бошқарувида фаол иштирок этадиган мутахассисларидир. Уларнинг ҳар бирига яратилган имконият мамлакат келажагига киритилган сармоядир.
Акмал НАЗАРОВ,
Бухоро давлат университетининг
ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар
бўйича биринчи проректори
Ҳамкорлик материали