— Буқоқ болаларда ҳам кўп учрайди. Бу касаллик улар танасида қандай салбий ўзгаришларга сабаб бўлади?

— Дарҳақиқат, буқоқ касаллиги болаларда ҳам кўп кузатилади. Айниқса, юртимизда болалар ва ўсмирлар орасида буқоқнинг эндемик тури жуда кўп учрайди.

Бу касаллик уларнинг ўсиш жараёнини кечикишига, хотиранинг пасайиши ҳамда иммунитетнинг тушишига олиб келади. Баъзан эса боланинг ақлан ожиз бўлиб қолишига ҳам сабаб бўлиши мумкин. Шу боис, уларнинг егуликларида кунлик ёд миқдори меъёрда бўлишига эътибор қаратиш лозим.

Ёшга нисбатан ёдга бўлган кунлик миқдор қуйидагича:

0-2 ёшгача бўлган болалар учун – 50 мкг.

2-6 ёшгача бўлган болалар учун – 90 мкг.

7-12 ёшгача бўлган болалар учун – 120 мкг.

12 ёшдан ёқори бўлганлар учун – 150 мкг.

— Буқоқ касаллиги насл сурадими?

— Маълумки, Ўзбекистон эндемик ҳудудда жойлашган бўлиб, аҳоли ўртасида буқоқ касаллигига чалиниш ҳолатлари кўп учрайди. Шу боис, касалликнинг олдини олиш мақсадида мунтазам тиббий кўриклар ва ёдланган ош тузидан фойдаланиш каби чора-тадбирлар йўлга қўйилган.

Албатта буқоқ касаллиги насл суради. Жумладан, буқоқнинг тугунли, аутоиммун тиреоидит ва ёйма заҳар тури ота-онадан болага ҳам ўтиши мумкин. Бироқ саломатликка эътиборли бўлинса, шифокор кўригидан тез-тез ўтиб турилса, хасталикнинг болага ўтиш хавфи камаяди.

— Касалликни даволаш ва унинг олдини олишда нималарга эътибор қаратиш лозим?

— Буқоқнинг олдини олиш учта шаклда — оммавий, гуруҳли ва индивидуал тарзда амалга оширилиши мумкин. Улар орасида энг самарали усул биринчиси ҳисобланади. У ҳар бир одам истеъмол қиладиган маҳсулотга оз миқдорда ёд қўшиш орқали амалга оширилади. Мисол учун, бугунги кунда юртимизда аҳоли ёдланган ош тузидан фойдаланади.

Шунингдек, гуруҳли чораларни қўллашда хасталикка чалиниш хавфи юқори бўлган шахслар орасида ёд препаратларини ишлатиш мумкин. Бу биринчи навбатда, болалар ва ўсмирларни ўз ичига олади.

Бундан ташқари, касалликни олдини олишда индивидуал чоралар ҳам қўлланилади. Яъни, буқоқни даволаш ва олдини олиш учун препаратлардан фойдаланиш мумкин. Аммо дори воситаларини тиббий текширувдан ўтгач ва мутахассис тавсияси билан буқоқнинг даражаси ва турига қараб қўллаш лозим. Акс ҳолда ножўя таъсир этиб, салбий оқибатларга олиб келиши мумкин.

Мутахассис билан суҳбатни Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати олиб борди.