Мусобақада дунёнинг 200 га яқин давлати қаторида Ўзбекистон эркаклар ва аёллар терма жамоалари шахматчилари ҳам ўз маҳоратларини намойиш этяпти. Ёш гроссмейстерлардан иборат эркаклар терма жамоамиз 4 та турда 3 ғалаба ва 1 дуранг қайд этди. 

Кеча ёшларимиз дунёнинг биринчи рақамли терма жамоаси ҳисобланган АҚШ билан 2:2 ҳисобида дуранг ўйнашди. Ўзбекистон аёллар терма жамоаси эса Доминикан Республикаси шахматчиларидан 3:1 ҳисобида устун келганди. 

Бугун Бутунжаҳон шахмат Олимпиадасида 5-тур учрашувлари ўтказилади. Дунё рейтингида 14-ўринни эгаллаб турган Ўзбекистон эркаклар терма жамоаси жаҳон таснифида 34-рақам остида таснифланган Словакияга қарши баҳс олиб боради. Терма жамоамиз қўшимча кўрсаткичларга кўра 9, Словакия эса 17-поғонадан жой олган. 

Жаҳон рейтингида 46-ўринни банд этган Ўзбекистон аёллар терма жамоаси эса бугун 5-турда дунёнинг 24-рақамли жамоаси Вьетнамга қарши дона суради. Бугунги ўзаро учрашув олдидан ҳамюртларимиз мусобақа жадвалида қўшимча кўрсаткичларга кўра 33, Вьетнам эса 38-ўринни банд этган.