Шахматчиларимиз, уларнинг ота-оналари, мураббийлари, умуман, шахмат мутахассислари бир гапни, ҳақ гапни кўп таъкидлаяпти: “Шахматга, шахматчиларга муносабат, эътибор ҳеч қачон бугунгидек юқори даражада бўлмаган!”. Президентимизнинг “Нуфузли халқаро шахмат мусобақалари ғолиблари ва совриндорлари ҳамда уларнинг тренерларини муносиб рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бунга ёрқин мисол.

Ҳужжатга мувофиқ, шахматчиларимиз ва мураббийлари катта миқдордаги пул мукофоти билан тақдирланиши белгилаб қўйилган. Кўксаройда бўлиб ўтган учрашувда 46-Бутунжаҳон шахмат ­олимпиадаси ғолиблари 200 минг, мураббийлари эса 50 минг АҚШ доллари миқдорида пул мукофоти билан тақдирланди. Олимпиадада бронза медални қўлга киритган парашахматчиларимиз ҳам қарор иловасида белгиланган пул мукофотини қабул қилиб олди. Олимпиадада ғалаба қозонган, юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилган ёшларнинг кўпига давлат мукофотлари топширилди. Бу ҳали ҳаммаси эмас, Президентимиз томонидан чемпионларга уй ва машина ҳам совға қилинди.

Шахматчиларга бундай эътибор ва эътироф нафақат бизни, балки дунёдаги бутун шахмат мутахассисларини ­ҳайратлантирмоқда. Халқаро нашрлар, ижтимоий тармоқларга бир қур назар ташласангиз, бунга ўзингиз гувоҳ бўласиз. Ҳатто Ҳикару Накамура каби жаҳоннинг машҳур шахматчилари ҳам юртдошларимиз муносиб кўрилган мукофотларга ҳавас билан қарамоқда. Жаҳон шахмат жамоатчилиги орасида Ўзбекис­тонда шахматнинг кескин ривожланишида сўнгги йилларда давлат томонидан соҳага қаратилаётган эътиборнинг ўрни катта экани бот-бот таъкидланади. Юртимиз тажрибаси бошқа давлатларга ўрнак сифатида кўрсатилади. Бир томондан шахмат орқали дунё ҳамжамияти янги Ўзбекистондаги ривожланиш, ўзгариш­ларга ҳам гувоҳ бўлмоқда.

Шахмат мавзусида анчадан бери, аниқроғи, 2012 йили Нодирбек Абдусатторов жаҳон чемпиони бўлганидан буён ёзаман. 2022 йили “Ўзбек шахматининг олтин авлоди” китобим нашрдан чиққан. 2012 йилдан буёғига истеъдодли шахматчиларимизнинг ҳар бир ютуғи, муваффақиятига замин тайёрлаган мураббийлари, ота-­оналари меҳнатини баён қилиб келаман. Уларнинг бу ютуқларга эришиши, албатта, осон бўлмаган. Олтин авлоднинг ютуқлари билан бирга тизимдаги ­муаммоларни ҳам кўп бор қаламга олганман.

Уларда Ўзбекистонда халқаро шахмат мусобақалари камлиги, ўша пайтдаги Шахмат федерацияси мутасаддиларининг ёш истеъдодлар тақдирига бефарқлиги, шахматчиларнинг ота-оналари чеккан машаққатлар, умуман, истеъдодли шахматчиларни қўллаб-қувватлаш тизимли йўлга қўйилмагани масалалари кўтарилган.

Мана энди Президентимизнинг иродаси билан бундай тўсиқларга барҳам ­берилмоқда. Охирги йилларда мамлакатимизда халқаро мусобақалар кескин кўпайгани, уларнинг ғолиб ва совриндорлари ва мураббийларини муносиб рағбатлантириш тизимли йўлга қў­йилгани муваффақиятлар сони ва даражаси ортишига сабаб бўлмоқда. 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси ва парашахмат олимпиадасидаги улкан муваффақият бунинг ёрқин далилидир.

Янги Ўзбекистон шахматининг олтин авлоди ўз ютуқлари билан бунга муносиб жавоб қайтаришига ишонаман. Бугунги ғалабалар — эртанги улкан зафарларнинг дебочаси. Ўзбек шахматининг олтин авлоди ҳали кўплаб тарихий натижаларни қайд этади. Бугун ёш шахматчиларимизга кўрсатилаётган эътибор эртага янги чемпионлар, янги жаҳон рекордлари ва янги тарихий ғалабалар бўлиб қайтади.

Ҳусан КАРВОНЛИ,

Журналист