Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров Бувайда туманининг Қўнғирот МФЙ ҳудудида эски боғлар ўрнида жами 22 гектар майдонда мебелчиликка ихтисослашган йирик савдо ва ишлаб чиқариш мажмуаси қурилиш ишларининг бошланиши билан танишиб, мажмуа лойиҳасини такомиллаштириш бўйича масъуллар билан муҳокама ўтказди.

Вилоят раҳбари 2021 йил декабрь ойида Бувайда туманига ташрифи чоғида туманнинг Чўмбоғиш маҳалласида бўлиб, мебель ва эшик ромлар ишлаб чиқарувчи ҳунармандлар ва тадбиркорлар билан учрашганди. Маҳалла аҳли вилоят раҳбарига маҳсулотларни йўл бўйида очиқ ҳудудда сотишларини айтиб, ёпиқ савдо мажмуаси қуриб берилишида ёрдам сўрагандилар.

Чўмбоғишда 500 га яқин ҳунарманд ва тадбиркор оила қўл меҳнати ҳамда кичик саноат усулида эшик ва ромлар, уй ва ошхона мебеллари, юмшоқ мебеллар, дарвоза ва сўрилар, шунингдек турли ёғоч ўймакорлиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш билан шуғулланади.

Янги барпо этиладиган мажмуадаги ишлаб чиқариш ва савдо майдонлари тайёр ҳолатда кредит асосида ушбу оилаларга берилади, деб ёзмоқда “Ҳунарманд” уюшмаси ахборот хизмати.