Саёҳат дастури доирасида БухДУ жамоаси Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Ғалаба боғидаги “Шон-шараф” давлат музейи ҳамда Қатағон қурбонлари хотираси музейига ташриф буюрди.

Ислом цивилизацияси марказида иштирокчилар халқимизнинг бой тарихий, илмий ва маънавий мероси, буюк аждодларимизнинг жаҳон илм-фани ва цивилизацияси ривожига қўшган беқиёс ҳиссаси билан яқиндан танишдилар. Марказдаги тарихий артефактлар, замонавий мультимедиа воситалари, виртуал кўргазмалар, тематик инсталляциялар ва интерактив экспозициялар ташриф иштирокчиларида катта таассурот қолдирди.

Шундан сўнг БухДУ жамоаси Ғалаба боғидаги “Шон-шараф” давлат музейида бўлди. Бу ерда Иккинчи жаҳон уруши йилларида Ўзбекистон халқининг кўрсатган жасорати, фронт ва фронт ортидаги фидокорона меҳнати ҳамда Ватан ҳимояси йўлидаги матонатини акс эттирувчи тарихий ҳужжатлар, фотосуратлар, шахсий буюмлар, ҳарбий техника ва бошқа ноёб экспонатлар билан танишилди.

Маърифий саёҳат Қатағон қурбонлари хотираси музейида давом этди. Ташриф давомида талабалар ва педагог-ходимлар халқимиз тарихининг мураккаб ва синовли даврлари, қатағон сиёсати оқибатлари ҳамда миллат равнақи, илм-фан ва маърифат йўлида фидойилик кўрсатган аждодларимизнинг ҳаёти ва фаолиятига оид экспозициялар билан яқиндан танишдилар.

Мазкур саёҳат нафақат тарихий ва маданий меросимизни чуқурроқ англаш, балки ёшларнинг тарихий хотирасини мустаҳкамлаш, миллий қадриятларга ҳурмат, Ватанга муҳаббат ва дахлдорлик туйғуларини юксалтиришга хизмат қилгани билан ҳам аҳамиятли бўлди.

Бухоро давлат университетида “Долзарб 90 кун” дастури доирасида талаба-ёшлар ва педагог-ходимларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, уларнинг маънавий-маърифий дунёқарашини бойитишга қаратилган ташаббуслар изчил давом эттирилмоқда.

БухДУ Ахборот хизмати


Ҳамкорлик материали