Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Тарих институти директори, тарих фанлари доктори, профессор, академик Азамат Зиё ҳамда Тарих институти бош илмий ходими, тарих фанлари доктори, профессор Қаҳрамон Ражабов иштирок этди.

Ташриф доирасида меҳмонлар институт раҳбарияти, профессор-ўқитувчилар ва талабалар билан учрашиб, Ўзбекистон тарихини чуқур ва илмий асосда ўрганиш, илмий-тадқиқот фаолиятини ривожлантириш ҳамда ёшларни миллий қадриятлар ва ватанпарварлик руҳида тарбиялаш масалалари юзасидан фикр алмашдилар.

Шунингдек, меҳмонлар кафедралар томонидан ташкил этилган кўргазмалар билан танишиб, талабаларнинг ижодий ишлари, инновацион лойиҳалари ва амалий ишланмаларини кўздан кечирдилар. Уларда профессор-ўқитувчилар ва талабаларнинг илмий изланишлари ҳамда замонавий ёндашувлари алоҳида эътироф этилди.

Учрашув давомида институтда яратилган замонавий таълим муҳити, ахборот-ресурс маркази, сунъий интеллект хоналари, инклюзив таълим учун яратилган шароитлар ва робототехника лабораториялари фаолиятига ҳам юқори баҳо берилди.

Ташриф доирасида институтда «Жадидчилик миллий ҳаракати: Абдурауф Фитрат» мавзусида умумхалқ илмий йиғини ҳам бўлиб ўтмоқда. Анжуманда олимлар, тадқиқотчилар, профессор-ўқитувчилар ва талабалар иштирок этиб, жадидчилик ҳаракатининг миллий уйғониш тарихидаги ўрни ҳамда Абдурауф Фитратнинг илмий-маърифий мероси ҳақида маърузалар тингламоқда.

Таъкидланишича, мазкур анжуман иштирокчиларнинг тарихий хотира, миллий қадриятлар ва маърифатпарвар аждодлар меросига бўлган қизиқишини янада оширишга хизмат қилмоқда.

Ҳамкорилк материали