Иштирокчилар форумнинг дастлабки кунлари ўтказилган илмий-амалий семинарлар якунларини, шунингдек, Маррокаш, Жакарта, Пунто-дель-Эсте ва Маккада қабул қилинган аввалги декларацияларнинг энг муҳим қоидаларини муҳокама қиладилар. Диний бағрикенгликни таъминлаш соҳасида ўзаро тажриба алмашадилар. Меҳмонларга Ўзбекистон халқининг бой маданий ва маънавий мероси ҳақидаги маълумотлар тақдим этилади.

Дунёда рўй бераётган долзарб тенденцияларни ҳисобга олган ҳолда қабул қилинадиган «Бухоро декларацияси»ни ҳар томонлама пухта ишлаб чиқиш мақсадида таниқли илоҳиётшунослар, диний олимлар ва ҳуқуқшуносларнинг фикрлари ва бошқа барча декларацияларни ишлаб чиқишдаги асосий тамойиллар ҳисобга олинмоқда.

Шу билан бирга, «Бухоро декларацияси»ни тайёрлашда турли мамлакатлардан келган кўплаб вакилларнинг иштироки мамлакатимизнинг дин эркинлиги ва диний бағрикенгликни таъминлаш борасидаги сиёсати самарадорлиги халқаро ҳамжамият томонидан тан олинганидан далолат беради.

Ўзбекистон  ташаббусини қўллаб-қувватлаш учун форумда Жаҳон мусулмонлар лигаси Бош котибининг махсус вакили Абдул Азиз Сарҳан (Саудия Арабистони), АҚШнинг Халқаро диний эркинлик бўйича комиссияси раиси Надин Маенза, Аргунгу амирлиги амири Альхажи Самайл Муҳаммад Мер (Нигерия), Индонезия Фанлар академиясининг Маданият бўйича комиссияси раиси Амин Абдуллоҳ ва бошқа таниқли мутахассислар, диний улламолар ва илоҳиётчилар иштирок этмоқда.

«Бухоро декларацияси» таълим ва бағрикенглик маданияти, турли динлар тарафдорларининг миллий анъаналарига ҳурмат билан ёндошиш ва уларнинг ҳуқуқларини таъминлаш, жаҳон миқёсида ижодий мулоқотни мустаҳкамлаш ғояларини тарғиб қилишга қаратилган халқаро ҳамжамият учун муҳим ҳужжат бўлади.