25 январь куни минтақавий энерготизимда рўй берган носозликлар сабаб Республика бўйлаб электр энергияси таъминотида узилишлар бўлди. Табиийки, ушбу ҳолат натижасида Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи фаолияти ҳам вақтинча тўхтади.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев бошчилигида тузилган “Вақтинчалик штаб” аъзолари томонидан электр таъминоти тиклангач бошқармалар ҳамда заводлар фаолиятини қайта йўлга қўйиш ишлари олиб борилди. Тизимдаги корхоналар фаолияти деярли тўлиқ тикланди.

Бошқарув раиси Бухоро нефтни қайта ишлаш заводига қилган ишчи ташрифи давомида технологик жараёнларнинг қайта йўлга қўйилгани, қурилмаларнинг иш ҳолати билан яқиндан танишди.

Ташриф давомида Бухоро нефтни қайта ишлаш заводида ҳам “Вақтинчалик штаб” ташкил қилиш ҳамда қурилмалар тўлиқ қувватда ишлашини мониторинг қилиб, тўлиқ назорат олиб бориш бўйича Завод директори Акбар Фазиловга топшириқлар берилди.

Шунингдек, Республика истеъмолчиларини нефть маҳсулотлари билан барқарор таъминлаш, шундай мураккаб вазиятда ўз вазифасини сидқидилдан бажараётган барча ишчи-ходимларга зарур шароитлар яратиш бўйича вазифалар белгилаб берилди.

Заводнинг марказий асосий таркибий бўлинмаларида бўлиб, технологик қурилмаларнинг ишлаш ҳолати ва бу борада зарур бўладиган молиявий масалалар юзасидан муҳокама ўтказди. Марказий тақсимлаш подстанциясида бўлиб, асосий ишлаб чиқариш цехининг технологик зонасида жойлашган дизель генератор ва унинг зарур бўлганда ишлаш ҳолатини ўрганди.

Бошқарув раиси электр таъминотида узилиш кузатилганда, ушбу генераторнинг автоматик ишлашини доимо назорат қилиб бориш кераклигини ҳамда айнан мана шу орқали заводнинг фаолиятини вақтинча хавфсиз тўхтатиб туришга эришиш мумкинлигини таъкидлади.