Боғча ўрнида эски мактабгача таълим муассасаси биноси бўлиб, у неча йиллардан буён таъмирталаб аҳволга келиб қолганди.

— Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 19 мартдаги ПФ-5969-сонли «Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармонига асосан Инқирозга қарши курашиш жамғармаси ҳисобидан 17,2 миллиард сўм маблағ эвазига вилоятдаги 6 та мактабгача таълим ташкилотларини реконструкция қилиш белгиланган эди, – дейди Бухоро вилояти ҳокимлиги етакчи мутахассиси Аббос Ғайбуллаев. — Жумладан, Бухоро шаҳридаги 72-сонли МТТни реконструкция қилиш бўйича Мактабгача таълим вазирлиги ҳузуридаги «Инфратузилмани ривожлантириш бўйича инжиниринг компанияси» ДУК Бухоро вилояти филиали ва «Гала Осиё Сохтимон» ИТК МЧЖ ўртасида тузилган 3,4 млрд сўмлик шартномага мувофиқ бу ердаги бино ва иншоотлар янгидан қурилди. Ўйин майдончалари, 150 ўринли ошхона, мусиқа ва спорт заллари замонавий жиҳозланди.

— Боғчамиз 2 қаватли, 150 ўринга мўлжалланган, – дейди мактабгача таълим ташкилоти директори Муҳаббат Абдуллаева. — Муассасамизга болаларни қабул қилишда маҳалладаги кам таъминлаган, боқувчисини йўқотган оилалар фарзандлари учун чегирмалар жорий қилинган. Боғчамизда озиқ-овқат маҳсулотларининг сифатли, хавфсиз ва санитария-гигиена талабларига тўлиқ риоя қилинган ҳолда тайёрланишига жиддий эътибор қаратилади.

Айни пайтда муассасада 35 нафар педагог ходим фаолият юритмоқда. Кундалик машғулотлардан ташқари рус, инглиз тили, шахмат, шашка, расм чизиш, бадиий гимнастика тўгараклари ҳам фаолият кўрсатади. Ҳар бир гуруҳ хонасига кузатув камералари ўрнатилган.

Боғчадаги ўзига хос тарбия услуби шундаки, унда жаҳон талабларига мос ва хос бўлган воситалардан фойдаланилади. Бунда энг ривожланган давлатлар таълим йўналиши асос қилиб олинган. Шунингдек, келгусида янги интеграциялашган электрон мониторинг тизими жорий қилинади. Бу орқали ота-оналар уйларида ўтириб ҳам интернет ёрдамида фарзандларининг машғулотларда қандай иштирок этаётгани, ўзини тутиши ва кун давомидаги жараёнларни кузатиши мумкин.

Бинонинг очилиш маросимида Бухоро шаҳар ҳокимлиги, мактабгача таълим бўлими мутасаддилари, жамоатчилик вакиллари, ота-оналар иштирок этишди.

Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати