Маълумки, Ўзбекистон Президентининг 2020 йил 19 июндаги 4755-сонли қарорида Тўдакўл кўли ҳудудида туристик зонани ташкил этиш ва ривожлантириш бўйича сувда дам олиш турлари ва пляж туризмини ривожлантириш, кўлга йўловчиларни ташиш учун доимий автобус қатновларини йўлга қўйиш, тадбиркорлик субъектларини жалб қилган ҳолда туризм ва унга ёндош инфратузилмани ривожлантириш назарда тутилган.

Давлат раҳбари қарорига мувофиқ, Бош вазир ўринбосари, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов Бухоро вилояти ҳокимлиги билан биргаликда жойларга чиққан ҳолда туризмни жадал ривожлантиришга қаратилган ислоҳотларни муҳокама қилиб, Тўдакўл соҳилида сайёҳлик дам олиш масканларини ва уларнинг инфратузилмасини ташкил қилишга доир тегишли тавсиялари билан бўлишган. Хусусан, бу борада Бухоро вилояти ҳокимлиги ташаббуси билан Тудакўл сув омборига олиб борувчи йўлларни капитал таъмирлаш ишлари қизғин олиб борилмоқда.

Жумладан, Тўдакўл сув омбори ҳудудида бухоролик тадбиркорлар томонидан ташкил этилаётган “Silk Road Family Resort” МЧЖга қарашли пляж ҳудудига олиб борувчи давлат аҳамиятига эга бўлган 4Р69 “Бухоро ш.- Бухоро паррандачилик фабрикаси-41-темир йўл разъезди- Тўдакўл даҳаси-Навоий ш.” Автомобиль йўлининг 20-28 кмларида Бухоро вилояти автомобиль йўллари ҳудудий бош бошқармасининг Ромитан йўллардан мунтазам фойдаланиш унитар корхонаси томонидан қурилиш-таъмирлаш, асфальт ётқизиш ишлари домий амалга оширилмоқда. Ҳозирга қадар ушбу йўлнинг анча қисмида асфальт қопламаси ётқизилган бўлиб, қолган қисмларида ҳам қурилиш таъмирлаш ишлари давом этмоқда. Дам олиш объектига кириш ҳудуди 27-кмда жойлашган бўлиб, тез фурсатда йўл бўйида махсус йўл кўрсаткичлари ҳам ўрнатилди.

Бухоро вилояти Туризмни ривожлантириш департаменти Ахборот хизмати