Куни кеча Бухоро вилоят Кўп тармоқли тиббиёт марказида Россия Федерациясининг Г.А. Илизаров номидаги травматология ва ортопедия илмий–амалий тиббиёт маркази профессори, тиббиёт фанлари доктори Константин Новиков ҳамда вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази ҳамда Бухоро давлат тиббиёт институти мутахассислари ҳамкорлигида юқоридаги каби, илмий тил билан айтганда, гипофизар дисхондроплазия, нанизм касаллигига учраган беморда мураккаб операция амалга оширилди.

Бухоро туманида яшовчи Гулруҳ Нурмуродова таассуфки, гипофизар дисхондроплазия касаллиги билан оғриган, туғилганидан унинг таянч-ҳаракат аъзолари, айниқса, оёғида деформацияланиш, яъни қийшайиш қайд этилганди. Бундай касалликка чалинган беморларда бўй ўсмай қолиши, халқ тили билан айтганда, паканалик кузатилади. Минг афсуски, Гулруҳ Нурмуродовада ҳам худди шундай бўлган ва 29 ёшга етганига қарамасдан, унинг бўйи туғма касаллиги туфайли 1 метр 18 сантиметрни ташкил этган, холос.

— Дунё тиббиёти ривожланиб бораётган бугунги даврда юқоридаги каби таянч-ҳаракат аъзоларида деформацияланиш, нанизм касаллигига йўлиққан беморларда жарроҳлик амалиётлари муваффақиятли ўтказилмоқда. Масалан, жаҳон тиббиётида тан олинган биргина Илизаров усулини қўллаш билан касалларни нафақат соғлом ҳаётга қайтариш, уларга ўзлари мустақил юриш бахтини бериш, балки, қийшайган оёқларини ташқи фиксациялаш, яъни, бир неча босқичда қайта тўғрилаш ҳисобидан улар бўйини албатта, физиологик ҳолатидан келиб чиққан ҳолда 15-20 сантиметргача чўзиш мумкинлиги фанда ўз исботини топган, – дейди мазкур жарроҳлик операциясида иштирок этган маҳаллий мутахассислардан бири, вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказининг травмалар оқибати ва ортопедия бўлими бошлиғи Фурқат Тошев.

— Шубҳасиз, бу тиббиётда жуда катта ютуқ. Гулрухга келсак, деярли бир ҳафта уни мазкур операцияга тайёрладик. Россиялик мутахассис, тиббиёт фанлари доктори Константин Новиков билан бирга бу амалиётда Республикамиз ҳамда вилоятимиздан юқори малакага эга ортопед-травматологлар қатнашдилар.Деярли 4 соат давом этган мураккаб жарроҳлик амалиётида беморнинг бир оёғидаги болдир ва сон суяклари тўғриланди.

Бу оёққа Илизаров аппаратида ташқи фиксациялаш услуби қўлланилди. Бемор қиз бир неча ойни шу аппаратда ўтказиши лозим бўлади. Қатъий тиббий назорат остида бемор оёғидаги аппарат ўлчами суткасига 4 маҳал ўрганилиб, созлаб–ўзгартирилиб борилади. Бу эса суякни тўғрилаш ва ўстириш имконини беради. Айтиш мумкинки, вилоятдан мутахассис сифатида Фурқат Тошев ва бошқалар ўтган йиллар давомида Россия Федерациясининг Курган вилоятида Г.А.Илизаров номидаги тиббиёт марказида хизмат сафарида бўлишиб, малака оширишган.

Туғма ҳамда орттирилган ортопедик-травматологик касалликларни тезкор ва самарали даволаш кўникмаларини эгаллашган. Юқоридаги операция эса ана шу илмий-назарий ўрганиш ва изланишнинг амалий ифодасидир. Айтиш мумкинки, вилоятдан мутахассис сифатида Фурқат Тошев ва бошқалар ўтган йиллар давомида Россия Федерациясининг Курган вилоятида Г.А.Илизаров номидаги тиббиёт марказида хизмат сафарида бўлишиб, малака оширишган. Туғма ҳамда орттирилган ортопедик-травматологик касалликларни тезкор ва самарали даволаш кўникмаларини эгаллашган. Юқоридаги операция эса ана шу илмий-назарий ўрганиш ва изланишнинг амалий ифодасидир. 

Врачларнинг маълумотига қараганда, мураккаб жарроҳликни бошидан кечирган Гулруҳ Нурмуродованинг айни пайтда саломатлиги қониқарли ва у умумий бўлимга ўтказилган. Беморнинг иккинчи оёғидаги анамалия, қийшайиш билан боғлиқ муаммони эса иккинчи босқичда, яна уч ойдан сўнг айнан шундай жарроҳлик йўли билан ҳал қилишга қарор қилинган.

Бухоро вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати