Бу ҳақда вилоят Экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармаси хабар берди.

Қайд этилишича, ижтимоий тармоқларда собиқ телефон-телеграф биноси ҳудудида дарахтлар кесилаётгани ҳақида бир неча бор мурожаатлар тарқалган эди. Ушбу ҳолат юзасидан Бухоро шаҳар экология бўлими инспекторлари томонидан жойига чиқиб ўрганилди.

Ўрганишлар давомида ҳудудда 12 туп манзарали арча дарахти ноқонуний равишда кесилгани маълум бўлди. Ҳолат белгиланган тартибда расмийлаштирилди.

Қонунбузарга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 79-моддаси 1-қисмига асосан маъмурий баённома тузилиб, 10 миллион 300 минг сўм жарима қўлланди. Шунингдек, табиатга етказилган зарар миқдори 95 миллион 584 минг сўм деб баҳоланди.

Масъул идоралар фуқароларни бу каби ҳолатларга бефарқ бўлмасликка чақириб, аниқланган қонунбузарликлар ҳақида Бухоро вилояти Экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармасига хабар беришни сўрамоқда.