Хусусан, вилоятда фойдаланишдан чиққан 77,8 минг гектар ва чўл ерларини 2021-2022 йилларда фойдаланишга киритиш, Бухоро чўл ерларини ўзлаштириш илмий-амалий марказини ташкил қилиш бўйича тегишли қарор лойиҳаси ишлаб чиқиш тавсия қилинган. Бунда ер ишларининг манзилли дастури ҳамда ер ўзлаштириш тадбирларини бозор тамойиллари асосида, хусусий секторни жалб қилган ҳолда амалга ошириш белгиланган. Айни пайтда вилоятда 77,8 минг гектар ерни ўзлаштириш учун зарур бўлган 300 миллард сўмни 2021 йилда республика бюджетидан Сув хўжалиги вазирлиги тизимига ажратиладиган маблағнинг электр энергияси харажатларини тежалган қисми ҳисобидан молиялаштириш талаби қўйилган.
Республика Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда вилоят ҳокимлиги ҳамкорлигида “Trigon Internationale INC” хорижий компанияси томонидан 2021-2025 йиллар мобайнида 300 миллион АҚШ доллари миқдорида тўғридан-тўғри инвестиция киритиш ҳисобига Пешкў туманида 50 минг гектар майдонда сув тежовчи технологияларни жорий қилиш орқали чўл ерларини ўзлаштириб, техник каннабис ўсимлигини саноат мақсадида етиштириш, қайта ишлаш бўйича йирик инвестицион лойиҳани амалга оширишга киришилмоқда.
Шунингдек, 2021 йилда вилоятда 26 минг 520 гектар майдонда сув тежовчи технологияларни, шу жумладан, 17 минг 440 гектар майдонда томчилатиб суғоришнинг замонавий технологиясини жорий қилиш саъй-ҳаракати бошланган. Бунинг самараси ўлароқ, ҳудудда ирригация ва мелиорация тадбирларини амалга ошириш ҳисобидан 1,5 миллиард куб-метр ҳажмдаги “оби ҳаёт”ни тежаш ва вилоятда томчилатиб суғориш технологиясини жорий қилишни тезлаштириш учун 21 йилга мўлжалланган субсидия маблағларининг 50 фоизини олдиндан ажратиш мақсадга мувофиқлиги қайд қилинган. Вилоят ҳокимлиги республика Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Боғдорчилик ва ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш агентлиги, Алькоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш ҳамда виночиликни ривожлантириш агентлиги билан биргаликда 2021-2022 йилларда сув тежовчи технологияларни кенг қўллаган ҳолда 5 минг гектар ерда интенсив боғ ва 4,7 минг гектар ер майдонида узумзор боғ барпо этиш талаби қўйилган.
Биргина қишлоқ хўжалигида бу каби агротехник тадбирлар кўлами янада кенгаймоқда. Мавжуд имконият, билим, куч ҳамда воситалар ишга солинмоқда. Масалан, айни кунда бу борада вилоят миқёсида жами 50 минг 666 гектар ер майдонини ўзлаштириш ишлари бошланган бўлса, бу агротехник жараён 61 та лойиҳани ўз ичига олади. Айнан шу кеча-кундузда, яъни 8 февраль ҳолатида фойдаланишга киритилган ер майдони 6 минг 738 гектарга етказилган бўлиб, бу умумий режанинг 13 фоиздан кўпроғини ташкил этади. Худди шундай, 38 минг 340 гектар ерни текислаш ва тупроқ ишларини бажариш тадбирлари ҳам 6 минг 595 гектарга уддаланган.
Шофиркон тумани чўл массивида ўзлаштирилаётган ер майдонларида ирригация ва мелиорация тадбирларини амалга ошириш билан бирга 180 дона тик суғориш қудуғини ўрнатиш кўзда тутилган бўлиб, ҳозирда унинг 10 таси қурилган ва 27 километрдан иборат суғориш тармоғини барпо этиш, 6 дона насос агрегати ўрнатиш, 21 километрга электр тармоғини тортиб, муайян инфратузилмани, фаолият учун етарли қулайликни яратиш назарда тутилган.
Йирик лойиҳалар қаторида қишлоқ хўжалиги ривожлантирилаётган Жондор туманида 10 минг 500, Когон туманида 6 минг, Бухоро туманида 5 минг 5, Қоракўл туманида 4 минг 800, Ромитан туманида 4 минг 388 гектар, Олот ва Ғиждувон туманларида 4 минг гектардан иборат оборотдан чиқарилган ер майдонларини фойдаланишга киритиш бўйича амалий саъй-ҳаракат бошланган.
Бу жараёнда Бухоро туманининг Қумсултон, Кунжиқалъа, Янгиобод, Шергирон, Ўртачўл, Вобкент туманининг Тўдакўл, Янги Ҳаёт ариғи, Жондор туманининг Мохонкўл, Варахшо, Когон туманининг Сиёзпоён, Мустақиллик, Беклар, Қоракўл туманининг Қулончи, Шўробод, Сайёт, Жиғачи, Маллаишайх, Қуввача, Чандиробод, Олот туманининг Оқ олтин, Амударё, Баҳористон, Гулистон, Шарқ юлдузи, Қирлишон, Пешкў туманининг Боғи Мусо, Варахшо, Бухоро-3, Жонгелди, Навоий-2, Ромитан туманининг Янгиобод, Боғитуркон, Шўрча, Қоқиштувон, Шофиркон туманининг Денов, Жўйрабод, Искогаре, Вардонзе, Ғиждувон туманининг Меҳнатобод, Қутчи, Кўкча каби массивларида танлаб олинган ер майдонларида амалий ишга киришилди. Лойиҳа эгалари зиммасида эса масъулиятли, шу билан бирга хайрли вазифалар турибди.
— Ўзлаштириладиган ерлар биринчи навбатда кам таъминланган, муқим даромадга эга бўлмаган оилалар, пандемия шароитида ишсиз қолган ҳамюртларимизга берилади, – дейди вилоят ҳокимлиги бош мутахассиси Озод Нўкаров. — Улар шунинг орқасидан озми-кўпми даромадга эга бўлади, рўзғорини тебратади. Қолаверса, бозорларимизда бу ерда етиштирилган маҳсулотлар ҳисобига мўл-кўлчилик, арзончилик бўлади, озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланади.
Мисол учун, Олот туманида ана шундай лойиҳалардан бирининг эгаси сифатида “Парвоз Хумо Равнақ Транс” МЧЖ жамоаси Амударё, Баҳористон, Гулистон ва Шарқ юлдузи массивларидан жами 2 минг гектардан зиёд ер майдонини ўзлаштириб, фойдаланишга киритиши лозим. Шу кеча-кундузда МЧЖ томонидан 20 гектар ер обод қилиниб, тупроқ ишлари бажарилиб, 170 гектар ер майдони текисланган. Бундан ташқари, агротехник тадбирларга масъул жамоа томонидан ҳудудда 7 километр узунликда суғориш, 3 километр коллектор, қолаверса, 107 километр узунликдаги электр тармоғини қуриш ва 4 та нуқтага насос агрегатини ўрнатиш кўзда тутилган.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати