Бош вазир ўринбосари, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов 30 март куни АҚШнинг “Valor Hospitality Partners” компанияси Бошқарув раиси Эуан Мc Глашан бошчилигидаги делегация билан музокаралар олиб борди. 

Қўмита ахборот хизмати маълум қилишича, хорижий компания раҳбари томонидан Ўзбекистонда Hyatt, Аccоr, Маrriot, Hilton каби дунёнинг етакчи бренд меҳмонхоналар тармоғида фаолият олиб борувчи кадрлар тайёрловчи таълим масканини очиш бўйича таклиф берилди.

Учрашув якунида томонлар “Valor Hospitality Partners” компаниясининг мамлакатимизда бошқарув офисини ташкил этишга, Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятини бутун дунёда тарғиб қилиш ҳамда Бухоро шаҳрида “Hyatt Regency” бренди остида 5 юлдузли меҳмонхона ташкил этиш лойиҳасини амалга оширишга келишиб олишди. 

Шунингдек, ҳамкорлар томонидан 31 мартда Тошкентда Metric Ventures (MЖ Group компанияси) ва Hyatt International билан шартнома имзолаш маросими ўтказилиши маълум қилинди.