Туркий давлатлар ташкилотининг ўн минг нафардан ортиқ йигит-қизни қамраб олган IV Ёш лидерлар форуми кўҳна заминнинг салобати ва нуфузига янада шукуҳ бағишлади. Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон ва Венгрия давлатларидан келган етакчи ёшлар ва делегация аъзолари форум доирасида ташкил этилган ёрқин тадбирларда иштирок этди.

Азалдан илм-фан бешиги саналган шариф шаҳар Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатларнинг энг илғор ёшлари ўртасида тадбиркорлик, маданият, санъат, спорт, медиа, илм-фан соҳаларида ўзаро доимий тажриба алмашиш учун мулоқот майдони вазифасини ўтади.

Дўстона муносабатларни янада мустаҳкамлаш, барча йўналишларда ҳамжиҳатликни кучайтириш мақсадини ўзида мужассам этган форум давомида туркий давлатлар ёшларининг дунёқараши ва тафаккуридаги муштарак жиҳатлар кўзга ташланди. Энг муҳими, ўзаро уйғун ва ҳамоҳанг фикр-мулоҳазалар, ғоя ва лойиҳалар натижаси эзгуликка, тараққиётга, билим чўққиларини забт этишга қаратилган.

Туркий халқларнинг бир-бирини таржимонсиз тушуниши, муштарак тарих, кўп асрлик бой анъана ва қадриятлар уйғунлиги ҳамкорликни мустаҳкамловчи бақувват риштага айланмоқда. Кун сайин мустаҳкамланиб бораётган қардошлик алоқалари ривожида ёшларимизнинг ўзаро мулоқоти ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда.

Ўтган йили Истанбул саммитида Президентимиз нутқ сўзлаб, жумладан, шундай деган эди: “...Келажагимиз давомчилари бўлган ёшлар мамлакатларимиз аҳолисининг катта қисмини ташкил этмоқда.

Бугун ёш авлоднинг халқларимиз ҳаёти ва тақдиридаги, ўзаро муносабатларимиз ривожидаги ўрни тобора ортиб бормоқда. Уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, креатив ғоя ва лойиҳаларини рағбатлантириш, миллий қадриятларимизга ёт бўлган таъсирлардан асраб-авайлаш барчамизнинг асосий вазифаларимиздан биридир”. 

Шунингдек, саммитда давлатимиз раҳбари 2022 йилни туркий дунёда “Ёшлар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш йили” деб эълон қилишни таклиф қилган ҳамда бу ташаббус барча томонидан қўллаб-қувватланган эди.

Ўзбекистон дунёга очиқ мамлакат сифатида Туркий давлатлар ташкилотида янги прагматик ғоялар ҳамда аниқ таклифлар билан фаол иштирок этмоқда. Ўтган йили Қўқон шаҳри илк бор “Турк дунёсининг туристик пойтахти” деб эълон қилингани, юртимизда “Ёш тадбиркорлар форуми” ўтказилиб, унда туркий мамлакатлардан 250 нафардан ортиқ ёш тадбиркор иштирок этгани ва мана, энди Ёш лидерлар форумининг Бухорода ташкил этилгани ана шу ҳаётбахш ташаббуслар натижасидир. Бундай ғояларнинг қўллаб-қувватланиши келгусида қатор лойиҳаларнинг ташкил этилишига тамал тоши вазифасини ўтайди.

 — Форумлар тарихида илк маротаба Бухоро шаҳри “Биринчи туркий дунё ёшлари пойтахти” деб тантанали эълон қилинди, — деди Вазирлар Маҳкамасининг Ёшлар ишлари шўъбаси мудири Учқун Худоёров. — Шунингдек, Ёшлар марказида “Бухоро шаҳри биринчи туркий дунё ёшлари пойтахти” монументи ва “Туркий дунё ёшлари боғи” очилгани қардош халқ- ларнинг дўстлиги ва маданий яқинлигининг рамзи бўлиб қолади.

Тадбир давомида санъат, маданият, спорт, бизнес, фан, таълим ва медиа соҳасининг кўзга кўринган вакиллари иштирокида Бухоро шаҳрида келгусида ёшларни қўллаб-қувватлаш бўйича амалга ошириладиган мегалойиҳалар тақдимоти ўтказилгани жаҳон илм-фани, техника тараққиёти, мамлакатлар иқтисодий юксалишига хизмат қиладиган креатив ғоя ва ташаббусларнинг юзага келаётганидан дарак берди.

Форумда туркий халқлар ўртасида ўзаро биродарлик, дўстлик ва ҳамжиҳатлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш янги Ўзбекистон ташқи сиёсатидаги янги босқич экани эътироф этилди. Юртимиз ўзини яна бир бор туркий дунёда ёшлар мамлакати сифатида намоён қилди.

Тадбир доирасида турк дунёсининг пешқадам ёшлари азим шаҳарнинг диққатга сазовор тарихий жойларида бўлди. Улуғ аждодларимизнинг қутлуғ қадамжоларини зиёрат қилди.

Бу мамлакатимиз туризм салоҳиятини яна бир бор дунё жамоатчилиги эътиборига ҳавола этиш, маданий мерос объектларини асраб-авайлаш, қадриятлар бардавомлигини таъминлаш, юртимизнинг халқаро майдондаги нуфузи ва ўрни тобора мустаҳкамланишига хизмат қилиши билан эътиборга молик.

Тадбир давомида Туркий давлатлар ташкилотининг Ёш лидерлар форуми резолюцияси имзоланди. Экспертлар фикрича, бу ҳужжат туркий дунё ёшлари ўртасидаги қардошлик алоқаларини ривожлантириш учун мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилади.