“GPS” кузатувчиси автомобилга ўрнатилгандан сўнг, у сунъий йўлдош ёрдамида координаталарни аниқлайди ва маълумотларни махсус ҳимояланган серверга узатади.
Дастурий таъминот эса - ушбу қабул қилиб олинган маълумотларни қайта ишлаб, транспорт жойлашган манзил координацияларини харитага чиқариш ҳамда маълум вақт давомида босиб ўтилган йўналишни кўрсатиш вазифасини бажаради.
“GPS” тизими орқали йўналиш ва манзилни аниқлашдан ташқари, бекатлар, босиб ўтилган масофа, ёқилғи сарфи (ёнилғи қуйиш ва ёнилғини тўкиб олиш), шунингдек, транспорт воситаси белгиланган йўналишдан чиқиб кетганлиги тўғрисидаги маълумотларни олиш мумкин.
Бундай тизим, барча транспорт воситаларини онлайн кузатиб бориш, иш жараёнларини такомиллаштириш, шу билан бирга ёқилғи сарфини ва қатновлар жараёнини тўлиқ назорат қилиш ёрдамида хизмат вазифасини суистемол қилаётган ҳайдовчилар ҳаракатларига чек қўйиш имконини беради.
Ҳозирда бошқарма томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 05 октябрдаги “Рақамли Ўзбекистон-2030” стратегиясини тасдиқлаш ва уни самарали амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-6079-сонли Фармонига асосан жамоат транспортлари ҳаракатини онлайн кузатиш имконини берувчи мобиль иловани яратиш ишлари олиб борилмоқда.
Бугунги кунга қадар 8-сонли "6-кичик ноҳия-Трикотаж фабрикаси", 9-сонли "Карвон бозор-Кончилар шаҳарчаси" ва 51-сонли "Тўқимачи деҳқон бозори-Маданият бош бекати" автобус йўналишларида ҳаракатланувчи 30 та автобусда синов тариқасида GPS-трекерлар ўрнатилган эди. Шундан сўнг 76-сонли "Чор-Бакр бош бекати-Чорработ", 437-сонли "Марказий бозор-Янги Турмуш" автобус йўналишларидаги 30 та автобус трекерлар билан таъминланиб, GPS-трекерлар ўрнатилган автобуслар сони 60 тага етди. Автобусларни GPS-трекерлар билан жиҳозлаш ишлари тўлиқ якунлангандан сўнг ушбу тизим "ЗТМ" мобиль иловаси билан интеграцияланиб, йўловчилар юклаб олинган махсус мобиль илова орқали ўз турган нуқталарида қайси йўналишдаги жамоат транспортлари ҳаракатланиши, қанча вақтдан кейин ушбу нуқтага автобус келиши ва йўналишдаги автобусларнинг ҳаракатини онлайн кузатиш имкониятига эга бўлади.
Бундан ташқари “GPS" мониторинг тизими қуйидаги афзалликларга эга бўлиб, иш жараёнларини такомиллаштиришда долзарб маълумотларни олиш имконини беради:
1. Тезликни инобатга олган ҳолда ёқилғи назорати, йўл ҳолати тўғрисидаги аниқ ва долзарб ҳисоботлар.
2. Автотранспорт воситасининг батафсил ҳисобот тизими (тўхташ жойлари, тезлик чегаралари, тезлик оширилганлиги ҳақидаги маълумотлар).
3. Ёқилғи қуйиш ва ёқилғи тўкиб олиш манзили, санаси ҳамда вақти батафсил жадваллар кўринишида яратилганлиги.
4. Кўрсаткичларни онлайн вақтда кузатиш (ёқилғи сарфи сенсори, рефрижератор ҳарорати, двигатель ҳарорати, бетон қориштиргич узеллари ва бошқалар).
Ана шу муҳим омилларни ҳисобга олган ҳолда Бухоро шаҳрида йўловчи ташиш билан шуғулланувчи барча автобусларни GPS-трекерлар билан жиҳозлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бухоро вилояти Транспорт бошқармаси матбуот хизмати