Ҳиндистоннинг Onmanorama нашри маълумотига кўра, марҳума Керала штатининг Алаппужа туманида туғилган 22 ёшли тиббиёт талабаси бўлган. Ҳодиса юзасидан ушланган гумонланувчи эса Керала штатининг Малаппурам туманидан бўлган 23 ёшли курсдоши экани айтилмоқда.
Дастлабки маълумотларга кўра, воқеа бир неча кун аввал икки талаба ўртасида юзага келган жанжал вақтида содир бўлган. Нашрнинг ёзишича, гумонланувчи курсдошининг бош қисмига ноутбук билан зарба берган, оқибатда жабрланувчи оғир тан жароҳати олган.
Талаба шифохонага ётқизилган, бироқ шифокорларнинг саъй-ҳаракатларига қарамай, ички қон кетиши оқибатида вафот этган.
Нашр маълумотига кўра, гумонланувчи ҳодиса содир бўлган куни Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари томонидан ушланган. Айни пайтда ушбу ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Шунингдек, марҳуманинг жасади Ҳиндистонга юборилгани ва яқин кунларда у туғилиб ўсган ҳудудда дафн этилиши режалаштирилаётгани хабар қилинган.
Мазкур воқеа юзасидан Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларининг расмий ахбороти эълон қилинса, ишнинг ҳуқуқий тафсилотларига янада ойдинлик киритилиши кутилмоқда.