Бироқ ички ишлар органлари тезкор ҳаракатлари натижасида ўғирланган маблағ тўлиқ қайтарилди.

Маълум қилинишича, 2025 йил 1 декабрь куни жабрланувчига Telegram орқали ўзини Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ходими сифатида таништирган номаълум шахслар қўнғироқ қилган. Улар аёлнинг турли тижорат банкларидаги омонатлари хавф остида эканини, банк ходимлари маблағларни талон-торож қилаётганини айтиб, пулларни «хавфсиз» карталарга зудлик билан ўтказишга кўндирган.

Қўрқувга тушган аёл тўртта банкда сақланаётган жами 1 миллиард 9 миллион сўм маблағни фирибгарлар айтган пластик карталарга ўтказиб юборган. Бир неча кундан сўнг алдов қурбонига айланганини англаб етгач, у ички ишлар органларига мурожаат қилган.

Бухоро вилояти ИИБ Ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятларга қарши курашиш бошқармаси ходимлари томонидан тезкор тадбирлар ўтказилиб, жиноятчилар кўп босқичли схема орқали ҳаракат қилгани аниқланган. Ўғирланган маблағлар турли ҳудудлардаги фуқаролар номига очилган «дроп» карталар орқали тарқатилган, бир қисми нақдлаштирилган ва криптовалютага айирбошланган.

Тергов давомида айрим шахслар ўз номидаги банк карталарини арзон маблағ эвазига бошқаларга сотиб юборгани маълум бўлган. Улар орасида талабалар ва вояга етмаганлар ҳам бор.

2025 йил 10 декабрь куни Тошкент шаҳрида ўтказилган тезкор тадбир давомида жиноий гуруҳнинг икки нафар асосий гумонланувчиси қўлга олинган. Улардан турли русумдаги мобил телефонлар, SIM-карталар, ўнлаб банк карталари ҳамда 100 миллион сўмдан ортиқ нақд пул ашёвий далил сифатида олинган.

Энг муҳими, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар саъй-ҳаракати билан жабрланувчининг 1 миллиард 9 миллион сўм маблағи тўлиқ қайтарилган.

Ҳозирда гумонланувчиларга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Мутахассислар фуқароларни номаълум шахсларнинг қўнғироқ ва хабарларига ишонмасликка, банк карталарини бошқаларга бермасликка ҳамда шахсий маълумотларни ҳеч кимга ошкор қилмасликка чақирмоқда.