Тадбир Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази томонидан аҳолига давлатимизнинг жамият ижтимоий-иқтисодий ҳаётидаги ўзгарувчан ролини, унинг ижтимоий соҳани бошқаришдаги вазифалари ва масъулиятини тушунтириш, шунингдек, ижтимоий давлатнинг ўзбек моделини, унинг шаклланиши ва кейинги ривожланиш хусусиятларини муҳокама қилиш мақсадида ташкил этилди.

Давра суҳбатида Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг болалар жамғармаси (UNICEF)нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбар даражасидаги масъул ходимлари ва вакиллари, маҳаллий Кенгаш депутатлари, республика давлат органлари, фуқаролик жамияти институтлари, ОАВ вакиллари, илмий ва таълим муассасалари экспертлари иштирок этди.

Янги таҳрирдаги Конституцияга кўра, “Ўзбекистон – бошқарувнинг республика шаклига эга бўлган суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат”дир. Мамлакатимиз тарихида биринчи марта Ўзбекистон ижтимоий давлат экани Конституция даражасида мустаҳкамланади.

Маърузада Ўзбекистон ижтимоий давлат ва адолатли жамият қуриш йўлидан дадил кетаётганини ҳисобга олиб, "Янги Ўзбекистон – ижтимоий давлат" тамойилини конституциявий норма сифатида белгиланиши ҳақида таъкидланди.

Давра суҳбати давомида камбағалликни қисқартириш, соғлиқни сақлашнинг ижтимоий давлат сиёсатининг энг муҳим йўналиши сифатида ривожлантириш босқичлари, мактабгача ва мактаб таълими тизимини ислоҳ қилиш ва ривожлантиришнинг конституциявий асослари, Конституцияда ўқитувчи мақомини мустаҳкамлаш, шунингдек, конституциявий ислоҳотлар ва ижтимоий соҳада давлат олдида турган узоқ муддатли вазифалар муҳокама қилинди.

Тадбир якунида, иштирокчилар долзарб масалалар юзасидан фикр алмашиш имконини берувчи платформа яратилгани учун ташкилотчиларга ўз миннатдорчилигини билдирди.