Маълум қилинишича, департаментнинг Бухоро вилоят бошқармаси тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш юзасидан терговга қадар текширув ўтказган.
Унга кўра, «П.» қўшма корхонасининг Бухоро филиали раҳбари З.Ж. ўзига ишониб топширилган 1,3 млрд сўмлик алкоголь ва салқин ичимликларни нақд пулга сотиб, пулларни корхона ҳисоб рақамига кирим қилмаган.
Маблағларни талон-торож қилиб, ушбу пуллар ҳисобидан турмуш ўртоғи ва ўзининг номига 2 та «Дамас», «Тоёта Ҳайс» ва «Исузу» русумли автотранспорт воситаларини харид қилган.
Шу орқали жиноий фаолиятдан олинган даромадларини легаллаштирганлиги аниқланган.
Хабарга кўра, ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва 243-моддаси (жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.