Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, 15 апрель куни 1981 йилда туғилган ҳайдовчи Chery русумли автомобилда Алпомиш кўчасида ҳаракатланиб кетаётган вақтда пиёдаларни ўтказиш учун тўхтаб турган Chevrolet Onix автомобилининг орқа қисмига урилган.

Тўқнашувдан сўнг ҳайдовчи бошқарувни йўқотиб, қарши йўналишда пиёдаларга йўл бериб турган Chevrolet Lacetti билан ҳам тўқнашган. Шу жараёнда у пиёдалар йўлакчасидан ўтаётган 2021 йилда туғилган болани уриб юборган.

Ҳайдовчи ҳаракат давомида яна бир автомобилга зарар етказиб, воқеа жойидан яширинган. Олиб борилган суриштирувлар давомида унинг транспорт воситасини спиртли ичимлик таъсирида бошқаргани аниқланиб, ҳолат белгиланган тартибда расмийлаштирилди.

Ҳодиса юзасидан ҳайдовчига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси 131-модда асосида маъмурий баённома тузилди. Унга нисбатан камида 3 йилга ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум этиш ҳамда базавий ҳисоблаш миқдорининг 40 бараваригача жарима қўлланиши мумкин.

Айни вақтда ҳолат юзасидан терговга қадар суриштирув ишлари давом этмоқда.