Бухоро вилояти Экология бош бошқармаси матбуот хизмати маълум қилишича, туман бўлими давлат инспекторлари томонидан ўтказилган рейд тадбирлари давомида «Пўлоти» маҳалласи ҳудудида жойлашган «Чарос» болалар соғломлаштириш оромгоҳи ҳамда унга туташ «B.S.B.» фермер хўжалиги ҳудудида содир бўлган ёнғин ўрганилган.

Текширувлар давомида фуқаро С.Б. ҳамда бошқа номаълум шахслар коллектор атрофидаги қамишзорга ўт қўйгани аниқланган. Оқибатда жами 50 туп дарахт ёнган бўлиб, улардан 38 тупи тўлиқ нобуд бўлган, 12 тупига эса шикаст етган.

Мутахассислар хулосасига кўра, ёнғин натижасида 38 туп қимматбаҳо туранғил, 5 туп қимматбаҳо жийда ва 7 туп кам қимматли оқ терак дарахтларига зарар етказилган.

Ҳисоб-китобларга кўра, мазкур ҳолат оқибатида табиатга 202 миллион 704 минг сўм миқдорида экологик зарар етказилган.

Ҳолат юзасидан барча зарур ҳужжатлар расмийлаштирилган. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 198-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилган бўлиб, дастлабки тергов ҳаракатлари Жондор тумани ИИБ Тергов бўлими томонидан олиб борилмоқда.